Америка қўшинлари Афғонистондан қайси йўллар билан чиқиб кетади?

Манас
Image caption "Манас" Амеикаликлар учун муҳим транзит нуқтаси ҳисобланади

Қирғизистон дунёнинг бошқа мамлакатларидан бир жиҳати билан фарқ қилади. Бу мамлакатда ҳам Америка ва ҳам Россия ҳарбий базалари жойлашган.

Яқинда президент этиб сайланган Алмазбек Атамбаев Америка ҳарбий базасини беркитишга ваъда берди.

Бу - Афғонистондан чиқиб кетишга тайёргарлик кўраётган Қўшма Штатлар учун нохуш хабар.

Исломобод ва Вашингтон ўртасидаги алоқалар ёмонлашиши ортидан Покистон ҳудуди орқали ўтган АҚШ таъминот йўли узилиб қолди.

Ҳозирда Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёжи бор.

Қирғизистондан Наталя Антелаванинг хабар беришича, Қўшма Штатларга қийин дипломатик қарорларни олиш керак бўлади.

Марказий Осиё Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун "саҳна орти" ҳисобланади. У хабарлар сарлавҳасига айланмаса-да, Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда ўта муҳим рол ўйнайди," - дейди Наталя Антелава.

Қирғизистондаги "Манас" ҳаво базаси орқали Афғонистонга нафақат ёқилғи, балки ҳарбийлар ҳам олиб ўтилади. Полковник Жеймс Жейкобсон ҳарбий базанинг бошлиғидир.

"Манас транзит маркази - таъминот нуқтаси ҳисобланади. Бу ердан Кобулгача учоқда узоғи билан икки соатлик йўл. Бу база Афғонистондаги халқаро кучларни зарурий тажҳизотлар билан бошқа базаларга нисбатан тезроқ таъминлаш имконини беради," - дейди Жеймс Жейкобсон.

Аммо Қўшма Штатлар тез орада "Манас" базасидан ажралиб қолиши мумкин. Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Алмазбек Атамбаев Би-би-си билан суҳбатда "Манас" ҳарбий базасидан фойдаланиш муддати охирига етгач, америкаликларнинг чиқиб кетишини исташини айтди.

"Ҳарбий база бўлмаслиги керак. Бу менинг мамлакатим, менинг халқим хавфсизлиги масаласидир. Хавфсизлик - ушбу база берадиган ҳар қандай сиёсий ваё молиявий имтиёзлардан муҳимроқ," - деди Алмазбек Атамбаев.

Ушбу баёнот Президент Барак Обаманинг Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиш режасига салбий таъсир қилиши аниқ.

Покистонга ишончсизлик борган сайин ортиб бораётгани ва Қирғизистондаги базани беркилиши мумкинлиги америкаликларни Марказий Осиёнинг бошқа раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказишга мажбурлаган.

Керакли ва кераксиз авторитар давлатлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишда Ўзбекистон муҳим рол ўйнайди

Яқинда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга сафар қилди ва Президент Ислом Каримов билан эски алоқаларни қайтадан ўрнатди.

Яқин пайтгача Вашингтон Каримовни яккалаб қўйганди.

Аммо энди Қўшма Штатлар инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши туфайли Ўзбекистонга нисбатан жорий этган ҳарбий санкцияларини олиб ташлади.

Американинг бу сиёсати, танқидчилар сўзларига кўра, Ислом Каримов ҳокимиятини янада кучайтириши ва акс натижа мумкин.

Поул Куин Жаж Халқаро Инқироз Гуруҳининг Марказий Осиё бўлими директоридир.

"Керак бўлган ва керак бўлмаган авторитар давлатлар бор. Ўзбекистон ҳозирда керак бўлган авторитар давлатлардан биридир. Хўш, нима учун Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан алоқаларни қайтадан тиклаяпти? Чунки, қўрқув бор. 2014 йил яқинлашиб келапти, Қўшма Штатлар Афғонистонга нафақат қўшин ва ҳарбий тажҳизотларни олиб кириши, балки у ердан ўта замонавий тажҳизотларни олиб чиқиши ҳам зарур. Америка барча зарурий чиқиш йўлларига эгамиз, деб ўйламайди. Шунинг учун ташқи сиёсат ҳозирда асосан ушбу муаммо ечимига қаратилган. Бунга жавоб - Ислом Каримов билан ҳамкорлик қилиш, деб кўрилмоқда," - дейди Поул Куин Жаж.

Президент Обаманинг асл мақсади - урушни охирига етказиш ва қўшинларни ватанларига қайтариш.

Аммо Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш - қийин вазифа.

Уни бажариш учун Вашингтон имзолайдиган битимлар муаммоли Марказий Осиё минтақасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин.