Президент Нурсултон Назарбоев 'Қозоғистон қаҳрамони' бўлади

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов расман президент Нурсултон Назарбоевга "Қозоғистон қаҳрамони" унвони бериш таклифи билан чиққан.

Хабарларга кўра, жаноб Масимов ўз ташаббусини қозоқ ҳукуматининг кечаги йиғини чоғида ўртага ташлаган.

Ҳукумат аъзолари унинг таклифига бир овоздан рози бўлишган.

Қозоғистон Адлия вазири Рашид Тусубеков бу хусусда мамлакат қонунчилигига тузатишлар киритилишини ҳам айтган.

"Давлат мукофотлари" тўғрисидаги қонунга киритилажак ўзгартиришлар аллақачон мамлакат парламенти Олий палатаси - сенат ихтиёрига ҳавола этилган.

Аммо сўз айнан қандай тузатишлар ҳақида кетаётгани маълум эмас.

Тарихий хизматлари учун...

Ҳукумат йиғинида баён қилинишича, "Мустақил Қозоғистоннинг ривожланишида тутган тарихий роли учун" президент Назарбоевни ушбу унвонга лойиқ, деб топишган.

1993 йилда жорий этилган "Қозоғистон қаҳрамони" унвони - мамлакатдаги энг олий мукофот саналади.

Маълум бўлишича, Қозоғистон раҳбарига ушбу унвон мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги санасида, яъни 16 декабр куни расман топширилади.

2010 йилда Қозоғистон парламенти президент Назарбоевни "Миллат раҳнамоси" мақоми билан ҳам сийлаганди.

Ўтган яқин йиллар ичида қатор хорижий ташкилотлар ва айрим алоҳида давлатлар Қозоғистон раҳбарининг номзодини Нобел Тинчлик мукофотига ҳам илгари суриб келишади.

"Қозоғистон қаҳрамони"

Ушбу унвон фуқароларнинг Қозоғистон олдидаги мислсиз хизматлари, фуқаровий ва ҳарбий жасоратлари учун берилади.

Унга лойиқ, деб топилган инсонларга Олтин юлдуз ва Ватан ордени топширилади.

Шу пайтгача мамлакатда бор-йўғи уч киши - учувчи-фазогир Талгат Мусабаев, бастакор Нургис Тлендиев ва академик Мухтор Алиевлар "Қозоғистон қаҳрамони", деб топилишган.

"Давлат мукофотлари" тўғрисидаги қонунга мувофиқ, мазкур мукофот ҳукумат, парламент, турли давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг таклифи билан президент томонидан берилади.

Яқинда президент Гурбангули Бердимуҳаммедов "Туркманистон қаҳрамони", деб топилганди.

Нурсултон Назарбоев

Кўплаб кузатувчилар қозоқ раҳбарининг мустақиллик ортидан тутиб келаётган нейтрал ташқи сиёсатини алоҳида урғулашади.

Қозоғистон президент Назарбоев бошчилигида 2010 йилда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига ҳам раислик қилганди.

Расмий Остона Қозоғистонда демократик ислоҳотларни амалга ошириш ваъдаси билан ушбу мақомни қўлга киритганди.

Аммо қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари жаноб Назарбоевнинг бошқаруви авторитар ва нодемократик эканини айтиб келишади.

Қозоғистонда матбуот эркинлиги ҳамон абгор аҳволда, кўплаб сиёсий фаоллар таъқиб остида ва уларни ҳибсга олиш ҳоллари ҳам тез-тез учрайди.

Нурсултон Назарбоев собиқ Шўролар Иттифоқининг сўнгги кунларидан бошлаб, қарийб чорак асрдан буён Қозоғистонни бошқариб келади.