Қозоғистон президентининг тўнғич қизи Москвада концерт беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қозоғистондан олинган хабарларга кўра, бугун - 1 декабр куни Дариға Назарбоева Россия пойтахти Москвадаги Большой театрида яккахон концерт беради.

Қозоқ президентининг қизи ўз концертини Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишламоқчи.

Театр масъулларига кўра, Дариға Назарбоеванинг репертуаридан машҳур қозоқ, рус ва хорижий тиллардаги мумтоз ашулалар ўрин олган.

Бундан ташқари, Қозоғистон президентининг қизи ўз томошабинларига романслар ва уруш даврида оммабоп бўлган қўшиқлардан ҳам куйлаб бермоқчи.

Дариға Назарбоева бундан бир неча йил бурун ҳам Большой театрининг Бетховен залида концерт берган.

Театр раҳбариятига кўра, ўша концерти биланоқ қозоқ раҳбарининг қизи тингловчиларнинг кўнгилларига йўл топа олган.

Қозоғистон ахборот агентликларининг билдиришларича, ташкилотчилар Назарбоева хонимнинг концертига чипта сотишдан воз кечишган.

Яъни, концертга томошабинлар фақат Қозоғистон президенти қизининг таклифи билангина кира олишади.

Аён бўлишича, Москвада унинг талабалик давридан қолган дўстлари кўп.

Устига устак, Овросиё медиафоруми раҳбари ва "Олма ота - менинг биринчи муҳаббатим" мусиқий фестивалининг ташкилотчиси сифатида тез-тез Москвага бориб туради.

Масъулларга кўра, Назарбоева хоним бугунги концертига Қозоғистондан ҳам ўз ўртоқлари ва ҳамкасбларини таклиф қилган.

Ҳаваскор қўшиқчи бўлса-да, у турли концертлар ва тадбирларда чиқишлари қилиб туради.

Қозоқ тилидан ташқари, инглиз, рус ва италян тилларида сўзлаша олади.

Ўтган ҳафта Дариға Назарбоеванинг мамлакат сиёсий ҳаётига қайтаётгани ҳам маълум бўлганди.

Қозоғистон президентининг тўнғич қизи бўлажак парламент сайловларида бошқарувдаги "Нур Отан" партиясидан иштирок этувчи номзодлар рўйхатига киритилганди.

Дариға Назарбоева, яна шунингдек, жорий пайтда отаси - президент Нурсултон Назарбоевнинг жамғармасига раислик қилади.

Таҳлилчиларга кўра, президент бўлиш истаги Дариға Назарбоевани фақат узоқ келажакда қизиқтириши мумкиндир, жорий пайтда эса, у ўз отасини дастаклашни маъқул кўради.

Қозоғистонлик айрим сиёсий фаоллар эса, президент Назарбоеванинг тўнғич қизи сиёсий карьера нуқтаи назаридан классик йўлни босиб ўтгани, тегишли маълумоти борлиги, сиёсатшунослик фанлари доктори экани, матбуот билан ишлаш, ўз партиясини тузиш тажрибасига ҳам эгалигини урғулашади.

Улар қудратдаги шахсларнинг яқинлари демократик йўлда сиёсий жараёнларда иштирок этган дунёдаги айрим бошқа давлатларни мисол келтириб, Дариға Назарбоева ҳақли равишда сиёсий жараёнларда иштирок этиши мумкинлигини айтишади.