Қозоғистон: ‘Жунд ал-Хилафа’ террорчи ташкилот деб эълон этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон Бош прокуратурасининг расман билдиришича, “Жунд ал-Хилафа” ёки “Халифат аскарлари” гуруҳи террорчи ташкилот, деб эълон қилинган ва унинг мамлакат ҳудудида фаолият юритиши тақиқланган.

Масъулларга кўра, бундай талаб билан Атирау шаҳар маҳкамасига вилоят прокуратураси мурожаат қилган.

Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси воизи Нурдавлет Суюндиқов кеча пойтахт Остонада бўлиб тган матбуот анжумани чоғида билдирган.

Атирау шаҳрида яқинда юз берган худкушлик ҳужумини назарда тутиб, жаноб Суюндиқов ушбу гуруҳнинг фаолиятида иштирок этган барча адолат маҳкамасига тортилишини таъкидлаган.

Шу йилнинг 31 октябр куни Қозоғистоннин ғарбий Атирау шаҳрида иккита портлаш юз берган, ҳодисада бир шахс ўзини портлатиб юборганди.

Мамлакат масъуллари шу ой бошида олиб борган текширувлари жараёнида ушбу ҳужумлар ортида "Жунд ал-Хилафа” ташкилоти турганини исботловчи далилларни қўлга киритганликларини маълум қилишганди.

Гуруҳ эса, портлашлар юз берган куннинг ўзидаёқ унга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққанди.

Бош прокуратура идорасига кўра, мазкур ташкилот шу йилнинг ёз ойларида “Қозоғистон ҳудудида жиҳод олиб бориш учун” Афғонистондаги исломий жангарилар сафида жанг қилаётган ўз фуқаролари томонидан ташкил этилган.

Қозоғистонлик мулозимларнинг айтишларича, “гуруҳнинг лидерлари Афғонистон ва Покистон орасидаги чегара ҳудудларидан бошпана топишган”.

Қозоғистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, 12 ноябр куни жанубий Тараз шаҳрида амалга оширилган ва етти кишининг умрига зомин бўлган ҳужумларга алоқадорликда олти киши ҳибсга олинган.

Масъулларга кўра, олтовлон ушбу “террорчилик амали”ни содир этган Мақсат Қориевни ўз ичига олувчи уюшган жиноий гуруҳнинг аъзолари бўлишган.

Ушбу ҳужумлардан ҳеч қанча ўтмай эса, жиҳодий интернет форумларда пайдо бўлган баёнотда уларга масъулиятни яна “Жунд ал-Хилафа” ташкилоти ўз зиммасига олиб чиққанди.

Жиҳодий янгиликларга ихтисослашган SITE Intelligence Groupнинг иқтибос келтиришича, гуруҳ , “Президент Назарбоев тузумига уруш эълон қилган”.

Жорий йилга қадар нефтга бой Қозоғистон Марказий Осиёдаги бошқа айрим қўшниларидан фарқли тарзда жангарилик фаолиятларини бошидан кечирмаганди.