Қирғизистон: Алмазбек Атамбаев президент сифатида қасамёд этди

Алмазбек Атамбаев ва Роза Ўтинбоева
Image caption Алмазбек Атамбаев Қирғизистон тарихида "янги саҳифа"ни очишга ваъда берди.

Бишкекда Алмазбек Атамбаев Қирғизистоннинг навбатдаги президенти сифатида қасамёд этди.

Унинг инаугурацияси Қирғизистонда қудрат алмашинуви Марказий Осиё минтақасида илк бор демократик йўллар билан амалга ошганини кўрсатади.

Қирғизистон давлат мулозимлари ва чет эллик меҳмонлар иштирокида ўтган маросимда ўз вазифасини топшираётган Роза Ўтинбоева фахр билан бир раҳбар иккинчисига қудратни тинч йўллар билан топшираётгани Қирғизистон учун тарихий лаҳзалар эканини айтди.

Жаноб Атамбаев эса мамлакати тарихида "янги саҳифа"ни очишга ваъда берди.

"Бугун биз Қирғизистон тарихида янги саҳифани очаяпмиз. Одамлар биздан мамлакатни одилона идора этишни кутмоқда. Акс ҳолда улар бизни кечирмайди," деди Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги миллий филармония биносида ўтган маросимда.

"Бугун энг муҳим нарса барқарорликдир. Чунки усиз Қирғизистон келажаги йўқ," деди у.

55 ёшли жаноб Атамбаев октябр ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида йирик ғалаба қозонган эди.

Президент Атамбаев ўнгида ечимини топиши лозим бўлган катта муаммолар турибди.

Унга этник жиҳатдан бўлинган ва иқтисодий жиҳатдан қолоқ мамлакат меърос бўлиб қолмоқда.

Аммо унинг инаугурацияси авторитар раҳбарлар томонидан идора этиладиган минтақа учун беқиёс ўрнак ҳисобланади.