Ўшда ВИЧ юқтирилган болалар оналари ва шифокорлар зиддияти кескинлашган

Image caption ВИЧ юқтирилган болалар оналари шифокорлар қаттиқроқ жазоланишини истайдилар

Сўнгги кунларда Қирғизистонда ВИЧга чалинган одамлар билан шифокорлар ўртасидаги зиддият кескинлашган.

Фарзандларига тўрт йил аввал турли касалхоналарда ВИЧ юқтирилган бир гуруҳ оналар шифокорларнинг қамалишини ва давлат томонидан ўзларига каттароқ товон пули тўланишини талаб қилишмоқда.

Оналар ўзларига тўрт йил аввал берилган товон пулини "ҳақорат" дея тасвирлашган.

Уларга жавобан норозилик намойишларини ўтказган тиббиёт ходимлари айбдор эмасликларини айтиб, юқумли касалликнинг тарқалишига соғлиқни сақлаш муассасаларидаги ёмон шароитлар ва молиявий етишмовчилик сабаб демоқдалар.

Қирғиз мутахассисларига кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида соғлиқни сақлаш бюджети энг камтар Кирғизистон ҳукумати ҳозирча ВИЧ билан оғриган фуқароларининг молиявий талабларини қониқтира олмайди.

Лекин, мамлакат парламенти юқумли касалликларнинг тарқалишида айбдор шифокорларнинг жиноий жавобгарлигини кучайтириш ниятини билдирган.

ВИЧ билан оғриган болалар оналари иштирокида қирғиз парламентида ўтган йиғинда 197 юқиш ҳолларининг 170таси Ўш вилоятида юз бергани айтилган. Қирғизистон бўйлаб 35 нафар тиббий ходим ҳам иш жараёнида ВИЧ юқтиргани аниқланган.

Бишкекда ўтган шифокорлар намойишида Новқат шаҳар касалхонасида 2007 йилгача болалар шифокори бўлиб ишлаб келган Алижон Эралиев ҳам иштирок этган.

У ўз айби исботланмаса ҳам ишидан четлатилиб, 4 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинганини айтади.

Новқат туман касалхонаси бош шифокори Асомиддин Мариповнинг Би-би-сига айтишича, тиббий ходимларни айблашдан кўра, мамлакат касалхоналари аҳволини яхшилашга эътибор қаратилиши керак.

"Касалхоналарнинг 70-80 фоизида канализация йўқ, туалет йўқ. Сув йўқ, томдан сув ўтади", дейди у.

400 нафар намойишчилар ВИЧ юқтириш ҳоллари учун шифокорларни айблаш тўхтатилишини талаб қилишмоқда.