Россия:сайловларни кузатувчи мустақил гуруҳ босимлардан шикоят этмоқда

Image caption "Голос" ўз ходимларига таҳдид ва руҳий босимлардан шикоят этмоқда

Россиянинг ягона мустақил сайловларни кузатувчи гуруҳи раҳбари бир неча соат давомида ҳибсда ушлаб турилган.

"Голос" ташкилоти раҳбари Лилия Шибанова ўзининг Москва аэропортида ҳибсга олинишини якшанба куни ўтадиган парламент сайловлари олдидан ҳукуматнинг босими, деб таърифлаган.

Шибанова хоним божхона ходимларининг "компютерни текшириш учун бериш" ҳақидаги буйруғини бажаришдан бош тортгани учун ушлаб турилган.

Пировардида ходимлар унинг компютерини мусодара қилишган.

Жума куни "Голос" Россиянинг сайлов қонунларини бузганликда айбдор, деб топилиб, жаримага тортилган.

Россия парламенти депутатлари хориждан молияланадиган ташкилотнинг нима учун сайловларни кузатишига рухсат берилганини савол остига олишган.

'Руҳий босим'

"Голос" Оврўпо Итттфоқи ва АҚШ томонидан молияланадиган нуфузли мустақил сайловларни кузатиш гуруҳидир.

Гуруҳ кузатувчилар учун трейнинглар ўтказади ва овоз бериш жараёнларидаги қонунбузарликларни ўзининг веб саҳифасида чоп этади.

Ўтган жумага қадар ташкилот якшанба куни ўтадиган парламент сайловларига алоқадор 5000 дан ортиқ шикоятларни қайд этган.

Уларнинг аскарияти бош вазир Владимир Путин раиси бўлган "Ягона Россия" партияси билан боғлиқ.

Ўтган ҳафта Путин ғарб ҳукуматларини Россиядаги айрим ташкилотларни молиялаш орқали сайловларга таъсир кўрсатишга уринаётганликда айблаб чиққан эди.

Жаноб Путиннинг чиқишидан сўнг "Голос" ташкилотига босимлар кучайган.

Гуруҳ директорининг ўринбосари Григорий Мелконянц Россия бўйлаб ходимларнинг "таҳдид ва руҳий босимлар"га юз тутаётганликларини айтган.

'Тенг имкониятлар'

Якшанба куни россияликлар парламентнинг қуйи палатаси-Думага депутатлар сайлашади.

4 мартда эса президентлик сайловлари бўлиб ўтади, унда Владимир Путиннинг беш йиллик танаффусдан сўнг, учинчи муддатга президентликка қайтиши кутилмоқда.

Думада Путин раҳбари бўлган "Ягона Россия" партияси аксарият кўпчиликни ташкил этади.

Жума куни Президент Дмитрий Медведев телевидение орқали қилган чиқишида Россиядаги барча сиёсий партияларга сайловлар олдидан "тенг имкониятлар берилгани"ни айтган.

Жаноб Медведев сайловчиларни "тажрибали ва масъулиятли" сиёсатчиларга овоз беришга чақирган.