BBC navigation

Шиаларга хайрихоҳликда айбланган уламо тожик ҳукуматини иғвогарликда айблади

Сўнгги янгиланиш 7 декабр 2011 - 17:52 GMT
Ҳожи Акбар Тўражонзода

Жаноб Тўражонзода тожик ҳукумати унинг сиёсий мавқеига шикаст етказишни исташига ишонади

Тожикистонадаги таниқли исломий уламо Ҳожи Акбар Тўражонзода Исломий уламолар кенгашининг Тўражонзода оиласи Шиа мазҳабига мансуб эканини айтиб чиққан баёнотини "қип-қизил иғво ва сиёсий буйруқ" асосида қилинган амал дея қоралаган.

Сешанба куни Тожикистон уламолари кенгаши Тўражонзода ака-укаларининг шиалар учун муқаддас саналган Ошуро байрамини нишонлашда айблаганди.

Кенгаш сешанба куни ўтказган мажлиси ортидан баёнот чиқарган. Ундан жумладан шундай дейилган:

"Тожикистон уламолари кенгаши, Тожикистоннинг исломий раҳбарлари, ҳамда Душанбе шаҳрининг 24 та имомхатиби Ошуро байрамининг Шиа мазҳабига мансуб шахслар томонидан нишонланишига қарши эмаслар, чунки бу улар танлаган йўл. Лекин, биз бу каби маросимнинг Тўражонзода каби шахслар ўтказишига қаршимиз. Бир мазҳаб издоши бўла туриб, бошқа мазҳаб анъаналарини тарғиб қилиш бу иккиюзламачиликдан дарак беради".

Уламолар кенгашининг ёзишича, Ҳанафийлар оқимида бўлган тожик халқи ҳеч қачон Ошурони нишонламаган ва Тўражонзода муридларининг амаллари Ҳанафий оқимига зиддир.

Мазкур баёнотга муносабат билдириб Би-би-сига гапирган жаноб Тўражонзода аввало бу баёнот остида имзо чеккани айтилган уламоларнинг баъзилари билан боғлангани ва улар бу баёнотга алоқалари борлигини буткул рад этганларини билдирди.

"Бу ерда мен ўйлайман, ҳукуматнинг қўли бор. Чунки бу хабар Тожикистоннинг расмий хабар агентлигида нашр бўлди. Маҳаллий ҳокимиятларга буйруқ берилган, барча имомларни тўплаб, шу баёнотни муҳокама қилинглар ва Тўражонзодани маҳкум қилинглар дейилган. Бу иғво, менимча. Менинг охирги қолган баъзи бир сиёсий мавқеларим уларга ёқмайди, шунинг учун бу сиёсий заказ. Яъни ҳукумат буйруқ берган ва муфтият бажарган", дейди уламо.

У 2 декабр куни Ваҳдат шаҳридаги Туркобод жамоатида жойлашган масжидда Язид қўлида нобуд бўлган Пайғамбарнинг невараси Имом Ҳусайнни хотирлашганини тан олди.

Жаноб Тўражонзода у ва тарафдорлари буни 12 йилдан бери нишонлаб келишини айтади.

"Мансаб учун пайғамбарнинг набирасига ҳам раҳм қилмадилар. Шу мазмунда биз суҳбат қиламиз ҳар йили, лекин шиаларга ўхшаб ўзимизни занжир билан урмаймиз, шиорлар кўтариб масжиднинг атрофида юрмаймиз, биз аҳли суннамиз, бу ишларни биз бидъат деб биламиз", дейди уламо.

Тожикистон матбуотида охирги вақтларда Эроннинг ҳайрия ташкилотлари таъсири билан Тожикистонда Шиа мазҳаби тарафдорлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирган мақолалар чоп қилинган. Бироқ, жаноб Тўражонзода бу каби хавотирларга асос борлигини савол остига олади.

"Тожиклар, ўзбеклар, бизлар ўтмишдан Ҳанафий мазҳабига эътиқод қилиб келганмиз. Шунда қолишимиз керак. Лекин, Тожикистонда мен шу кунгача кўрганим йўқ бирор йигитнинг "мен шиаман" деганини ё шиача намоз ўқиганини. Ё бирон масжидда бир гуруҳ болалар шиача намоз ўқияпти деган бирон ҳужжат йўқ", дейди у.

Таниқли уламо Ҳожи Акбар Тўражонзода билан суҳбатни тингланг

Ҳожи Акбар Тўражонзода: биз Ошурони шиалардек нишонламаймиз

Тожикистонадаги таниқли исломий уламо Ҳожи Акбар Тўражонзода Исломий уламолар кенгашининг Тўражонзода оиласи Шиа мазҳабига мансуб эканини айтиб чиққан баёнотини "қип-қизил иғво ва сиёсий буйруқ" асосида қилинган амал дея қоралаган.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.