Қирғизистон: Президент Атамбаев қийноқларга қарши 'аёвсиз курашиш'га ваъда берди

Image caption Жаноб Мендес қирғиз ҳукуматига қийноқларга барҳам бериш юзасидан ўз тавсияларини беради

БМТ махсус маърузачиси Хуан Мендес билан учрашув чоғида қирғиз президенти қийноқларга қарши кураш масаласини яқин келажакда устивор вазифага айлантириш ниятида эканликларини билдирган.

Президент матбуот хизмати жаноб Атамбаевнинг "биз жазо муассасаларидаги жорий вазиятни яхшилашни жуда ҳам истаймиз. Биз қийноқларга қарши аёвсиз кураш олиб борамиз", деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Расмий хабарда айтилишича, Қирғизистон президенти мамлакат раҳбариятининг қийноқлар борасида очиқлигини таъкидлаган ва БМТ махсус маърузачисини қирғиз томони унинг тавсияларини бажариши борасида ишонтирган.

Ўз навбатида жаноб Мендес қирғиз раҳбарига ўзининг мамлакат жазо муассасаларига тўсиқсиз ташриф буюришига кўмак бергани учун миннатдорчилик билдирган.

Жиноятчилар озодликда

Ҳуқуқ фаоллари ўтган йил июнида мамлакат жанубида юз берган зўравонликлардан сўнг қийноқлар билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашганини қайд этишади.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти қийноқ қурбонларининг аксарияти ўзбеклар эканини айтган.

Ташкилот шу йил августида Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида 41 ёшли Усмонжон Холмирзаевнинг ўлимига милиция ходимларининг қаттиқ қийноқлари сабаб бўлгани ҳақидаги даъволарни ҳар томонлама текширишга чақирган.

Халқаро ташкилот милиционерларнинг Усмонжон Холмирзаевни қамоқхонадан қўйиб юбориш эвазига 6000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилганини айтган.

Қийноқ қўллагани даъво қилинган бир неча милиция ходими ишдан четлатилиб, улар устидан жиноий текширув бошлангани хабар қилинган.

Аммо шу йилнинг 13 сентябрида қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азиза Абдурасулова ҳибсга олингани айтилган 4 нафар милиция ходимининг озодликда юрганликларини айтган.

Исталмаган шахс?

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендес Қирғизистонга аввалроқ мамлакатнинг ўтиш даври президенти Роза Ўтинбоева томонидан таклиф этилганди.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Азиза Абдурасулова ўзи ва бошқа ҳуқуқ фаоллари Ўтинбоева хонимни БМТ маърузачисини таклиф этишга кўндирганликларини айтган.

Маърузачи Қирғизистоннинг тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида қийноқлар ва бошқа ноинсоний муносабат турлари билан боғлиқ вазиятни ўрганиши ҳамда уларга чек қўйиш юзасидан ўз тавсияларини ишлаб чиқиши айтилган.

Айрим қирғиз депутатлари БМТ мулозимининг ташрифидан хавотирга тушганлар.

Хусусан, қирғиз парламентидаги миллатчи "Ата Журт" партияси Хуан Мендес Ўш ва Жалолобод воқеаларини текшириш учун келганидан ташвиш билдирган ва мамлакат ташқи ишлар вазиридан парламентга бу борада изоҳ беришни талаб қилган.

"Хуан Мендес Қирғизистонга Ўш воқеаларини текшириш ва айбдорларни жазога тортиш учун келганини очиқча айтаяпти. Бу яхшиликка олиб келмайди. Чунки у ҳам халқаро комиссия раиси Киммо Килюненга ўхшаб, бизнинг мамлакатимизни танқид қилади", - деб айтган "Ата Журт" партиясидан депутат Жылдызкан Жолдошева.

Қирғизистон парламенти Ўш ва Жалолободдаги ўзбек маҳаллаларида инсониятга қарши жиноятлар содир этилган бўлиши мумкинлигини айтган мустақил халқаро комиссия раиси Киммо Килюненни "исталмаган шахс" деб эълон қилган.

Шу ой бошида истеъфо берган ўтиш даври президенти Роза Ўтинбоева ўз ҳукуматининг айни воқеалар борасидаги мавқейини ҳимоя қилган.

Ўтинбоева хонимга кўра, Қирғизистон ва қўшнилари ушбу воқеалар чоғида "барча зарур чораларни кўрганлар".

Бу мавзуда батафсилроқ