Ҳожи Акбар Тўражонзода оиласи прокуратурага чақирилди

Тўражонзода
Image caption Ҳожи Акбар Тўражонзода Тожикистонда энг таниқли диний ва сиёсий арбоблардан ҳисобланади

Тожикистоннинг собиқ муфтийси, мамлакатдаги таниқли сиёсатчилардан бири Ҳожи Акбар Тўражонзода пойтахт Душанбе жанубида жойлашган Ваҳдат шаҳар прокуратурасига чақирилган.

Аммо жаноб Тўражонзодага кўра, прокурор уни пайшанба куни сўроқ қилишини айтган.

Сешанба куни Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг акаси, Нуриддин эшон, Тожикистон Дин қўмитасининг раиси Абдураҳим Ҳолиқов, Тожикистон Исломий уламолар кенгашининг раиси Саидмукаррам Абдуқодирзода ва Ваҳдат шаҳар ҳокими Анвар Вайсиддин шикоят аризалари асосида прокуратурага чақирилиб, сўроққа тутилган

Ваҳдат туманидаги энг йирик жомеъ масжидининг собиқ имоми Нуриддин эшон Тожикистонда энг таниқли дин пешволаридан ҳисобланади.

Уч шахс Нуриддин эшонни "уларга нисбатан ҳурматсизлик" да ва Тўражонзода оиласини мусулмонларни уларга қарши қўзғаганликда айбламоқда.

Уларнинг даъво қилишича, ўтган ҳафта улар жума намозига "Муҳаммадия" масжидига бориб, бу масжидда бўлиб ўтган Ашуро маросими Ҳанафий мазҳабига хилоф эканини тушунтиришга ҳаракат қилганлар, аммо ибодат қилувчилар "шовқин кўтариб, уларга гапиришга изн бермаганлар.

Аммо Ҳожи Акбар Тўражонзода бу айбловларни рад этиб, Тожикистон расмий органларининг уни ва яқинлаларини шиъа мазҳабига ўтганликда айблаганлари оддий мусулмонларни ғазабга келтирганини айтган.

Душанба куни Тожикистон Дин қўмитаси "дин қонуни"га риоя қилмаслик айби билан Ваҳдат туманидаги "Муҳаммадия" масжиди фаолиятини уч ойга тўхтатишга қарор қилди.

Дин қўмитаси, шунингдек, мажсид имомлари - таниқли исломий уламо Нуриддин ва Маҳмуджон эшонларни лавозимларидан бўшатди.

Бу мавзуда батафсилроқ