BBC navigation

Туркман сайловлари олдидан президент шахсига сиғиниш яна кучайган

Сўнгги янгиланиш 14 декабр 2011 - 15:26 GMT

Туркман президентининг баҳайбат портретлари бутун мамлакат бўйлаб кўзга ташланади

Туркманистонда президентлик сайлов кампанияси бошланиши арафасида мамлакатда президент шахсига сиғиниш ҳолатлари кучая бошлаган.

Туркманистондаги манбааларнинг айтишича, мамлакат бўйлаб шаҳар кўчалари Президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг портретлари билан тўлган.

Эндиликда "Аркадағ" (Орқатоғ) ёки "Раҳнамо" деб иззатланаётган Бердимуҳаммедов жаноблари шарафига қўшиқлар басталанмоқда.

Яқинда ушбу ёпиқ давлатда бўлиб келган журналистнинг Би-би-сига айтишича, Бердимуҳаммедов жанобларининг портретлари учоқлардан бошланади.

"Мамлакатга тегишли авиакомпания учоқларининг ҳаммага кўринарли жойига каттагина қилиб Гурбангули Бердимуҳаммедов сурати осилган. Давлатга тегишли сариқ таксиларнинг ичида ҳам кичиккина қилиб президентнинг сурати ёпиштирилган. Ҳатто пойтахт Ашхободдан узоқ ҳудудларда ҳам Бердимуҳаммедовнинг суратларини йўл бўйлаб кўриш мумкин", - дейди исми сир қолишини истаган журналист.

Суҳбатдошимнинг эътиборини тортган нарса шу бўлганки, мамлакатдаги китоб дўконларида Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг саломатлик ва тулпорлар ҳақида ёзган китобларини 20 доллардан кам бўлмаган баҳода сотиб олиш мумкин.

Ўз навбатида марҳум Туркманбоши Сапармурат Ниёзовнинг "Руҳнома" китоби энди янги йўлбошчиникидан беш баробар арзон, яъни 4 доллардан сотилмоқда.

Марказий телеканаллар ҳам Бердимуҳаммедовнинг ўз амалдорига топшириқ бераётгани ёки расмий ташриф билан бирор ерга боргани ҳақидаги кўрсатувлар билан тўлган.

Шу кунларда Туркманистон бетараф деб эълон қилинганининг 16 йиллиги мамлакатда кенг нишонланди. Туркманистон давлат ахборот агентлиги пойтахтдаги "Ашхобод" стадионида бўлиб ўтган байрам тантаналарини батафсил ёритди.

Агентлик томонидан ёзилган мақолада марҳум Туркманбошининг номи бирор ерда ҳам эсга олинмайди. Амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг мавжудлиги бугунги "бахтли ҳаёт"нинг сабабчиси қилиб кўрсатилади.

"Асрлар давомида туркманлар осуда ва тинч шароитда яшаб, ватан фаровонлиги учун ўзининг иқтидорини ривожлантиришни орзу қилганди. Эндиликда Президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ёшларни миллатнинг энг яхши анъаналари руҳида тарбиялаш бўйича узоқни кўра билувчи сиёсати туфайли туркманистонликларнинг ёш авлоди ушбу имкониятга эга бўлди", - дейилади давлат агентлиги сайтида чиққан мақолада.

Агентлик сайтида ёзилишича, тантанали концертнинг энг олий нуқтаси байрам сўнгида ижро этилган "Туркман халқининг Аркадағига шуҳрат" номли машҳур қўшиқ 20 минглик стадионни ларзага солиши бўлган.

Шу йилнинг август ойида Туркманистон Оқсоқоллар кенгаши Гурбангули Бердимуҳаммедовга Аркадағ унвонини бериш таклифи билан чиққанди.

Ушбу унвон расман овозга қўйиб тасдиқланмаган бўлса-да, у кенг қўлланила бошлаган ва бу борада қўшиқлар ҳам ёзилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.