Қозоғистон: Жанаўзен шаҳрида тартибсизликлар ҳамон давом этмоқда

Нефтчилар
Image caption Жанаўзенлик нефтчилар намойиши етти ойдан буён давом этмоқда

Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида ҳуқуқ тартибот органлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиққан.

Расмий маълумотларга кўра, тўқнашув натижасида икки полиция ходими жароҳатланган.

Намойишчилар полиция томонидан уларга қарата ўқ узилганини таъкидламоқда.

Улар маошларни кўтаришни ва ишга қайта тиклашни талаб қилиб, етти ойдан буён Жанаўзен марказий майдонида намойиш ўтказиб келаётган эди.

Намойишчиларнинг ҳали ҳам майдондан тарқамагани ва бир неча биноларнинг ёнаётгани айтилмоқда.

Бугун нефтчилар ва уларнинг яқинлари ҳукуматга норозилигини билдириб турган вақти полиция ўртасида тўқнашув келиб чиққан.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, полиция машинасини намойишчилар устига ҳайдаши намойишчиларнинг ғазабини қўзғатган.

Интернетга қўйилган видеода бир гуруҳ ғазабнок намойишчилар мустақилликнинг 20 йиллигини нишонлаш мақсадида қурилган саҳнадаги ускуналарни ҳар томонга улоқтираётгани акс этган.

Оломон орасидан ўтган полиция машиналарига қарата тошлар отилган.

Видеода ҳуқуқ тартибот органлари огоҳлантириш мақсадида осмонга ўқ узгани акс эттирилган.

Намойишчлар ўзларига нисбатан полиция томонидан ўқ узилгани айтади.

Улар ораларида қурбонлар ва жароҳатлар борлигини таъкидламоқда.

Қозоғистон Бош прокуратураси отишмалар бўлгани ва жароҳатлар борлигини рад этди.

Қозоғистон Бош прокуратураси берган баёнотга кўра, "бир гуруҳ шахсларнинг жиноий ҳаракатлари натижасида оммавий тартибсизлик келиб чиқди. Жиноий иш очилди. Қозоғистон Ички ишлар вазири бошчилигида тезкор гуруҳи тузилди."

Бош прокуратура "жиноий ҳаракатларни тўхтатиш" учун зарур чоралар кўрилаётганини айтган.

Жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар борасидаги маълумот мустақил манбалардан тасдиқлангани йўқ.

Жароҳатланганлар олиб келингани айтилаётган Жанаўзен шаҳар шифохонаси билан боғланишнинг имкони бўлмади.

"Қазақтелеком" миллий операторининг шаҳарлараро аниқлама хизмати бугун кун ўйи Жаназўен шаҳри билан алоқада носозликлар бўлганини айтди.

Айни дамда шаҳар марказидаги "Интимақ" майдонига олиб борувчи йўллар ёшлар томонидан тўсиб қўйилган.

Майдонда турган намойишчилардан бирининг Би-би-сига айтишича, ёшлар қўлига тош ва таёқлар олиб, майдонга элтувчи йўлларни машиналар билан тўсиб қўйишган.

Майдон атрофидаги бир неча бино ёнмоқда, ўт ўчирувчилар биноларни ўчириш учун киритилмаяпти.

"Асосан нефтчиларнинг қариндошлари бўлмиш маҳаллий ёшлар марказий майдонга борувчи йўлларни тўсиб олди. Улар ёнаётган биноларга ўт ўчириш машиналарни ўчириш учун қандай қилиб йўлатсин? Улар бизнинг пулимизга қурилган иғвогарларнинг биносини ёнишини ўз кўзларини билан кўрмоқчи", - дейди исми сир қолишни истаган намойишчилардан бири.

Тартибни сақлаш мақсадида Жанаўзен шаҳрига куч ишлатар кучлар йўналгани хабарларда айтилмоқда.

Қозоғистоннинг Каспий денгизи бўйида жойлашган Жанаўзен шаҳрида 100 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Шаҳар асосан нефт ва газ қазиб олиш ортидан даромад кўради.

Бир гуруҳ нефтчилар маошларнинг камлигидан шикоят қилиб, шу йилнинг май ойида намойишга чиқди.

Компания уларнинг талаби ноўрин эканлигини айтиб, маҳкама орқали ишга чиқмаганлиги сабаб ишдан бўшатди.

Етти ойдан бери нефтчилари ўзларининг қайта ишга олиниши ва маошлари кўтарилишини талаб қилиб, Жанаўзен шаҳрининг марказий майдонида пикет ўтказиб келмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ