Қозоғистонда нималар рўй бермоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Марказий Осиёнинг йирик, табиий заҳираларга бой ва энг фаровон давлати бўлган Қозоғистондан бирин-кетин хавотирли хабарлар келишда давом этаркан, оддий одамлардан тортиб, кузатувчиларгача Қозоғистонда нималар бўлмоқда, деган саволни беришмоқда.

Биз бу ҳақда қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатпаевдан сўрадик:

Дўсум Сатпаев: Биз Қозоғистон ғарбида, таъбир жоиз бўлса, ижтимоий танглик кучайишининг навбатдаги босқичига гувоҳ бўлаяпмиз. Минтақада бунгача ҳам вазият жуда таранг эди. Йил давомида маҳаллий ишчилар билан нефт ширкатлари ҳамда маҳаллий ҳокимият ўртасида келишмовчиликлар давом этган. Ижтимоий норозилик нафақат нефтчилар, балки аҳолининг бошқа қатламларида ҳам кучли.

Би-би-си: Вазиятнинг айнан бугунга келиб, портлашига нима туртки бўлди, деб ўйлайсиз?

Дўсум Сатпаев: Бу сафар содир бўлган ҳодиса ўтган йиллар давомида маҳаллий ва марказий ҳукумат аҳолининг норозилик кайфиятларини бетарафлаштириш борасида керакли механизмларни ишлаб чиқа олмаганини кўрсатади. Ҳокимият одатда кеч ҳаракатга тушади. Ва фақат куч ишлатиш йўли билан муаммони янада чуқурлаштиради. Зўравонликларнинг байрам куни, яъни Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланаётган бир кунда содир бўлгани нафақат маҳаллий, балки марказий ҳукуматнинг ҳам янада кўпроқ жиғига теккан. Мени хавотирга солаётган нарса шуки, ҳозир Қозоғистон раҳбарияти жамият, жумладан, мамлакат ғарбида кузатилаётган, таъбир жоиз бўлса, ижтимоий касалликни даволаш ўрнига, уни бости-бости қилишга, ташқаридан осойишталик кўринишини яратишга уринмоқда. Аммо биз биламизки, бундай чоралар норозиликнинг янада каттароқ миқёсда ва радикалроқ кўринишда қайтадан бўй кўрсатишига олиб келади.

Би-би-си: Сизнингча, нефт саноати ишчиларининг нефт ширкатлари билан тортишуви тартибсизликлар ортидаги ягона омилми?

Дўсум Сатпаев: Менимча, йўқ. Назаримда бу ерда гап фақат нефтчилар эмас, балки умумиятла, бутун Қозоғистон бўйлаб, шу жумладан, мамлакат ғарбида ҳам норозилик кайфиятларининг кучайгани ҳақида кетмоқда. Қозоғистон мустақил бўлган сўнгги 20 йил мобайнида табиий заҳираларга бой минтақа аҳолиси ўзлари истаган ва муносиб бўлган турмуш даражасига эришганлари йўқ. Шу маънода уларнинг талаблари бундан кейин кўпайгандан кўпайиб бораверади. Афсуски, миллий ширкатлар ва ҳукумат фақат кучга таянмоқда ва иш ташлаганлар билан музокара олиб боришни истамаётир.

Би-би-си: Ҳукуматнинг бу каби қаттиқ мавқеъни эгаллашини қандай сабаблар билан тушунтириш мумкин?

Дўсум Сатпаев: Бунинг сабаблари Қозоғистондаги ҳокимиятнинг табиатида. Ҳукумат бошқаларнинг фикрини инобатга олмасдан вазиятни назорат остида ушлаб туриш мумкин, деб ишонган ва ишонади. Ҳукумат ҳар қандай норозиликни алоҳида ҳолат, деб кўради ва уни куч билан бартараф этишга уринади. Аммо ҳукумат бир нарсани эътиборга олмаяпти. Бу норозилик алоҳида бир ҳолат эмас, балки тенденциядир. Бу тенденцияни бутун Қозоғистон бўйлаб кузатиш мумкин. Ҳатто нисбатан тинч ва осойишта бўлган, турмуш даражаси нисбатан юқори Олма-Отада ҳам бундан бир неча йил олдин жуда жиддий ҳодисалар содир бўлган эди. Маҳаллий аҳоли билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги бу келишмовчилик натижасида қурбонлар ҳам бўлди. Аммо ҳокимият бу воқеалардан сабоқ чиқаргани йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ