Қирғизистон: Азимжон Асқаровга чиқарилган ҳукм ўз кучида қолди

Азимжон Асқаров
Image caption Азимжон Асқаров тергов пайтида қаттиқ калтакланганини айтади

Қирғизистон Олий маҳкамаси ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ва яна етти маҳкум устидан аввалги маҳкамалар чиқарган ҳукмларни ўз кучида қолдирди.

Азимжон Асқаров ўтган йили июн ойидаги этник низолар чоғида бир милиция ходимини ўлдириш ва миллий нафрат уйғотишда айбдор деб топилиб, ўтган йил сентябр ойида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Қолган айбланувчиларга 20 йилгача бўлган қамоқ жазолари тайинланган.

Олий маҳкама саккиз маҳкум ишини бошлаши биланоқ Азимжон Асқаров адвокати Нурбек Тўхтохунов маҳкама таркибига ишончсизлик билдирган, аммо маҳкама унинг талабини рад этган.

Маҳкама адвокатнинг Азимжон Асқаровни маҳкамага келтириш ва унга ўзини ҳимоя қилиш учун имкон бериш талабини ҳам рад этган.

Июн воқеалари пайтида ўлдирилган милиция майори Миқтибек Сулаймонов рафиқаси Чинара Бечелова Олий маҳкама қароридан қаноат ҳосил қилганини айтади.

"Берилган жазодан мен қаноат ҳосил қилдим. Нима учун деганда туман ва вилоят маҳкамаларида барча гуноҳлар бўйнига қўйилган, гувоҳлар келтирилган, далиллар берилган. Шу сабабли мен Олий маҳкама ҳукмини тўғри деб ҳисоблайман," - деди Чинара Бечелова.

Ҳуқуқбоннинг ўзи бу ҳодисаларни далил сифатида фақатгина суратга туширишга ҳаракат қилгани ва айбсиз эканини таъкидлаб келади.

Қатор халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров устидан чиқарилган ҳукмни "адолатсиз", дея баҳолаганлар.

Миллати ўзбек бўлган Азимжон Асқаровга чиқарилган ҳукм ҳукумат зўравонликларни келтириб чиқаришда фақат ўзбеклар жавобгарликка тортаётгани борасидаги янги қўрқувларга сабаб бўлди.

Халқаро Амнести гуруҳига кўра, Асқаров ҳибсга олинишидан олдин милициянинг зўравонликларга бош қўшгани хусусида далиллар тўплаётган бўлган.

Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнести ва Фридом Ҳоуз ташкилотлари чиқарган баёнотларга кўра, Азимжон Асқаров ҳамда у билан бирга маҳкамага тортилган етти киши қамоқхонада қийноқларга солинган.

Фридом Ҳоузнинг айтишича, Асқаров уч кун ҳеч қандай айбловларсиз ноқонуний ҳибсда сақланган ва унинг уйида расмий рухсатсиз тинтув ўтказилган.

Қирғизистон жанубида ўтган июн ойида қирғиз ва ўзбек жамоалари ўртасида юз берган зўравонликларда аксари ўзбеклардан иборат юзлаб инсон нобуд бўлди ва 400 минг киши бошпанасиз қолди.

Бу мавзуда батафсилроқ