Қозоғистон БМТни Жанаўзендаги ҳодисаларни текширишга таклиф қилди

Полиция кучлари
Image caption Жанаўзен шаҳрида коммендантлик соати жорий этилган

Қозоғистон Бош прокурори Асхат Даулбаев БМТ эскпертларини ғарбий Жанаўзен шаҳрида юз берган оммавий тартибсизликлар юзасидан ўтказилажак текширувда қатнашишга чақирган.

Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати пайшанба куни хабар берган.

Матбуот хизматига кўра, Бош прокурор Асхат Даулбаев инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича вакили Армен Арутюнян билан учрашган.

"Қозоғистон бош прокурори БМТ вакилига Жанаўзендаги жорий вазият, уни барқарорлаштириш ва шаҳарни қайта тиклаш бўйича олинаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди. Даулбаев прокуратура органларининг очиқ ва шаффоф иш олиб бораётганини алоҳида таъкидлади ва БМТ экспертларини ҳодиса юзасидан ўтказилажак текширувда қатнашишга чақирди", - дея хабар беради Қозоғистон Бош прокуратураси.

Армен Арутюнян, ўз навбатида, Жанаўзенда тартибни ўрнатиш бўйича кўрилаётган тадбирларда қонунга риоя қилиш муҳимлигини таъкидлаган.

Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳри марказида декабр ўртасида полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувда, расмий маълумотларга кўра, 14 инсон ҳалок бўлган, ўнлаб инсон яраланган.

Жанаўзенлик нефтчилар етти ойдан буён маошларини оширилишини талаб қилиб, шаҳар марказида норозилик намойишини ўтказиб келишаётганди.

Полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар чоғида ўнлаб ҳукумат бинолари ёқиб юборилган.

Президент Нурсултон Назарбоев ўтган шанба куни Жанаўзенда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Бу мавзуда батафсилроқ