Қозоғистон: Жанаўзенда жабр кўрганлар учун ёрдам жамғармаси очилди

Жанаўзен
Image caption Жанаўзен шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинган

Манғистау вилоятидаги тўқнашувларда жабр кўрганлар ва 7 ойдан ошиқ намойишда турган нефтчиларга ёрдам жамғармаси очилди.

Қозоғистон жамотчилик фаоллари ташаббуси билан очилган ушбу жамғарма барча қозоғистонликларни "ушбу хайрли ишда" кўмак қўшишга чақиради.

Facebook ва twittier-да ҳам жамғарма саҳифаси очилган. Тушган маблағлар муҳтожларга етказилиши ва ушбу жараённи зиёли ва жамият фаоллари кузатиб бориши маълум қилинди.

Жамғарма ташаббускорларидан "Руҳ билан тил" клуби раҳбари, Жонпўлат Мамай, 7 ой ҳақларини талаб қилиб турган нефтчилар бугун тақдир ҳукмига ҳавола қилингани ва ҳукумат, ёрдам бериш ўрнига, уларни жиноятчига чиқараётганини айтди.

"Ҳукумат томонидан майдонда турган нефтчилар, безори, арақхўрга чиқарилди. Албатта биз бундай ҳисобламаймиз. Жанаўзенда жабр чекканларга ёрдам бериш учун ушбу жамғармани очаяпмиз", - деди Жонпўлат Мамай.

Ҳукумат Жанаўзен ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг оилаларига 7 минг долларга яқин ва ва жароҳатланганларга 3 минг доллардан ортиқроқ маблағ ажратилишини маълум қилган.

Жамоатчилик вакилларига кўра, жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳукумат келтирган рақамдан кўп.

Етти ойдан бери ҳеч қаерда ишламаётган нефтчиларнинг ҳам ҳозирда аҳволи танг эканлиги айтилади.

Ушбу жамғармада кузатувчи бўлиб иштирок этаётган қозоғистонлик иқтисодчи, Мухтар Тайжан, нефтга бой БАА ҳар бир туғилган болага 7 минг доллар атрофида ҳадя берилиши, Қозоғистон эса ҳалок этилган инсонларга 7 минг доллар бераётганини айтди.

Жанаўзенда намойиш қилган нефтчилар ҳозир ҳам қийин шароитда яшашаётганини, иқтисодий қийинчиликларга полиция томонидан сўроққа чақиришлар ва калтаклашлар қўшилганини айтишади.

Кузатувчиларга кўра, Қозоғистон ҳукумат, 7 ой давомида нефтчиларга эътибор қаратмай, қилган хатосини яна такрорлаётир ва бу бўшлиқни яна жамотчилик вакиллари ҳамда мухолифат кучлари тўлдирмоқда.

Ҳукумат воқеаларни ёритишда шаффоликни таъминлашга ваъда берган эсада, Жанаўен шаҳрига жамоатчилик ва мухолифат вакиллари киритилгани йўқ.

Мустақил ва хорижий журналислар шаҳарга полициянинг қаътий назорати остида киритилмоқда.

Бош вазир Карим Масимов ташаббуси билан ҳукумат қарашларини қўллаб қувватловчи бир гуруҳ блоггерлар Манғистау вилоятига сафар қилиб, вилоятнинг янги ҳокими ва Жанаўзен шаҳрининг комменданти билан учрашганлар.

Аммо уларнинг сафар таъсуротларида бирорта ҳам иш ташлаган нефтчи билан бўлган суҳбат йўқлигини кўриш мумкин.

Уларнинг сафари ортидан Жанаўзенга кирмоқчи бўлган мустақил блоггерлар шаҳарга киритилмади.

Бу мавзуда батафсилроқ