Душанбе қамоқхонасидан қочган маҳкумга бир умрлик қамоқ жазоси берилди

Душанбедаги қамоқхона Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳикмат Азизов устидан маҳкама ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган

Тожикистон Олий маҳкамаси ўтган йил Душанбе шаҳрида жойлашган Миллий Хавфсизлик Қўмитаси қамоқхонасидан қочишга муваффақ бўлган Ҳикмат Азизовни бир умрлик қамоқ жазога ҳукм этди.

Ҳикмат Азизов ҳимоячиси Наргис Ҳодиеванинг айтишича, маҳкама жараёни Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси муваққат ҳибсхонасида ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Ҳикмат Азизов, 2009 йилда "террорчилик амалиётларида иштирок этиш"да айбдор деб топилиб, 30 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Бу гал унга соқчиларни ўлдириш ва қамоқхонадан қочиш айблови қўшилган.

Наргис Ҳодиева чиқарилган ҳукм юзасидан шикоят аризаси тайёрлаётганини маълум қилди.

"Кўри Малиш" номи билан машҳур бўлган Ҳикмат Азизов Тожикистонда 90-йилларда юз берган ички урушлар пайтида собиқ мухолифат кучлари сафларида ҳукумат кучларига қарши жангларда иштирок этган.

У собиқ мухолифат кучлари бош қўмондони Мирзо Зиёевнинг яқинларидан бўлиб, 1997 йилда Тожикистонда тинчлик битими имзоланиши ортидан мамлакат шарқидаги Тавилдара туманида Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг раиси вазифасини бажараётган эди.

2009 йилда Мирзо Зиёев ўлдирилиши ортидан Ҳикмат Азизов Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинди.

Кўп ўтмай Олий Маҳкама уни жиноий гуруҳ ташкил этиш ва қонуний ҳукуматни ағдаришга ҳаракат қилишда айбдор деб топиб, 30 йилга озодликдан маҳрум этди.

Ўтган йил август ойида у ва яна 24 маҳкум Душанбедаги МХҚ қамоқхонасидан қочишга муваффақ бўлган эди.

"Кўри Малиш" ўтган йил декабр ойида Афғонистонда қайта тутилди ва Тожикистон ҳуқуқ тартибот идоралари қўлига топширилди.

Душанбедаги қамоқхонадан қочган 25 маҳкумдан 8 нафари уларни тутиш жараёнида ҳалок бўлган ва қолган 17 нафари қўлга олинган.

Уч кун муқаддам шимолий Тожикистондаги Суғд вилояти маҳкамаси "террорчилик ҳужуми уюштириш" айблови билан беш шахсни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Бу мавзуда батафсилроқ