Қозоғистон: Полиция кучлари устидан жиноий иш очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қозоғистон Бош прокуратураси полиция ходимлари нега куч қўллашганини текширмоқчи

Шу ой бошида 16 намойишчи ўлдирилиши ортидан, Қозоғистон Бош прокуратураси полиция нега ўточар қуролини ишга солганлиги юзасидан жиноий иш очган.

Намойишчилар 16 ва 17 декабр кунлари Жанаўзен шаҳрида полиция кучлари ва иш ташлаган нефтчилар орасида келиб чиққан тўқнашувлар чоғида ҳаётдан кўз юмишганди.

Қозоғистон ўз мустақиллигини қўлга киритган ўтган 20 йил бадалида бу каби зўравонликларга саҳна бўлмагани айтилади.

Сўнгги янгиликдан сал аввал эса, интернетда мамлакат хавфсизлик кучлари қандай қилиб одамларни калтаклашаётгани ва ўққа тутишаётгани акс этган видеолавҳа пайдо бўлганди.

Воқеа шоҳидларининг айтишларича, полиция ходимлари бир неча ойдан бери ўз норозилик акцияларини ўтказиб келаётган қуролсиз нефтчиларга қарата ўт очишган.

Аммо полиция ўзларини ҳимоя этишга мажбур бўлишганини айтади.

Юз берган ҳодиса ортидан жорий этилган 20 кунлик комендантлик соати 5 январгача амал қилади.

Бу Жанаўзенда юз берган зўравонликлар ортидан, қозоғистонлик прокурорларнинг илк бор полиция кучларини намойишчиларга қарата ўт очишда айблаб чиқишидир.

Баёнотнома

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Аён бўлишича, полиция ходимларининг хатти-ҳаракатларини текшириш учун махсус терговчи тайин этилади

Қозоғистон Бош прокуратурасининг баёнотида айтилишича, “тергов жараёнининг холислигини таъминлаш учун текширув ишлари махсус тайин этилган прокурор томонидан олиб борилади”.

Ўтган ҳафта расмий Остона юз берган ҳодисани текшириш учун Бирлашган Миллатларга кўмак сўраб, мурожаат ҳам этганди.

Интерфакс-Казахстан хусусий ахборот агентлиги тарқатган хабарларга кўра эса, тартибсизликлар ва ташмачиликларда иштирок этганлик айби билан 18 киши ҳибсга ҳам олинган.

Шунингдек, тўқнашувлар кечган Манғистау вилояти ҳокими ва давлатга қарашли маҳаллий нефт ширкатининг раҳбари ишдан олингани хабар берилади.

Президент Нурсултон Назарбоев иш ташлаган нефтчилар ширкатларининг ҳиссаларига эгалик қилувчи “Самрук-Казина” раҳбари бўлган куёви Тимур Кулибоевни ҳам вазифасидан четлатганди.

Мухбирларимизнинг айтишларича, Қозоғистон президенти ҳамон мамлакатини Марказий Осиёдаги барқарорлик қўрғони қилиб кўрсатишни истайди.

Бу мавзуда батафсилроқ