Душанбеда Қор бобо пичоқланиши сабаби динийми?

Душанбе шаҳрида безатилган янги йил арчаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Охирги йилларда мелодий янги йилни нишонлаш Тожик жамиятида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан билдиришларича, янги йил кечаси Қор бобо кийимида бўлган инсоннинг пичоқланишига маиший безорилик сифатида қаралмоқда.

24 ёшли Парвиз Давлатбеков 2 январ куни оламдан ўтган, унинг қотиллигида гумон этилиб уч шахс ҳибсга олинган.

Ички ишлар вазирлиги сўзчисига кўра, 31 декабр куни Душанбе шаҳрида ёшларнинг оломони Қор бобо кийимини кийган Парвиз Давлатбековни кофирсан, деб аташган ва шундан кейин у пичоқланган.

Бироқ расмийлар қотиллик диний адоват асосида содир этилганини рад этмоқдалар.

Тожик ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, Парвиз Давлатбеков қариндошларини табриклаш учун Қор бобо кийимини кийган ва уйига яқинлашаётган пайтида 30 тача кишидан иборат оломонга дуч келган.

Ёшлар "сен кофирсан" деб унга ҳужум қилганлар, бир неча марта пичоқ урилган. Олган жароҳатларидан Парвиз Давлатбеков шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

"Парвиз Давлатбеков чиндан ҳам ўлдирилган, лекин айни пайтда биз бунга оддий маиший жиноят сифатида қараяпмиз", деб айтган журналистларга Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мулозими генерал Тоҳир Норматов.

Охирги йилларда мелодий янги йилни нишонлаш бошқа республикаларда бўлгани сингари Шўролар замонидан анъанага айланган Тожикистон жамиятида катта баҳс-мунозараларга айланган.

30 декабр куни Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода журналистлар билан мулоқотда арча безатиш ва арчанинг атрофида рақс тушиш Тожик маданиятига ва исломий қадриятларга зид деб айтган.

Бунга қарамасдан, мамлакатда янги йил расман байрам сифатида нишонланган, дам олиш кунлари эълон қилинган.

Тожикистон шаҳарларида арчалар безатилган, мактаб ва болалар боғчаларида Қор бобо ва Қор қиз иштирокида байрам тадбирлари уюштирилган.

Анъанага кўра, Президент Эмомали Раҳмон 31 декабр куни Тожикистон фуқароларини янги йил билан табриклаган.

Кузатувчиларга кўра, Ислом дини таъсири йил сайин кучайиб келаётган Тожик жамиятида "насроний", "бегона" байрамларни нишонлаш тўғри-нотўғрилиги борасидаги баҳслар ҳам тобора қизиб бормоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ