Қурилаётган Роғун ГЭСи Бош директори истеъфога чиқарилди

Тожикистондан олинган хабарларга кўра, ҳукумат қарори билан Роғун ГЭСи Бош директори Нурулло Шулашов истеъфога чиқарилган.

Ўтган беш йил давомида ушбу лавозимни эгаллаб келган жаноб Шулашовнинг истеъфоси расман нафақа ёшига етганлиги билан изоҳланмоқда.

Аммо Тожикистонда мартабаси Нурулло Шулашовдан ҳам юқорироқ бўлган нафақа ёшидаги амалдорларнинг бемалол ўз фаолиятларини давом этдиришаётгани бу каби расмий изоҳларни савол остига қўйган.

Таҳлилчилар жаноб Шулашовнинг истеъфоси манзарасида ўтган йил Роғун ГЭСи учун мўлжалланган айрим қурилиш маҳсулотларининг еб юборилганига оид юзага чиққан қатор хабарларга эътибор қаратишмоқда.

Улар, бошқа томондан, ушбу қурилиш ишлари доирасида уч йилдан буён Вахш дарёсини тўсишга муваффақ бўлинмаётгани ҳам бош директорнинг истеъфосига сабаб бўлган, деган тахминларни илгари суришмоқда.

Тожикистонда бўлган мухбиримиз Искандар Фируз Нурулло Шулашов ўз вақтида бунинг тожик ҳукумати қарорига боғлиқ эканини айтган эса-да, бошқа техник муаммолар ва нуқсонларнинг бунга тўсқинлик қилгани эҳтимолини рад этмайди.

Нурулло Шулашов

Нурулло Шулашовнинг Тожикистондаги энг малакали гидромуҳандислардан бири экани айтилади.

Аён бўлишича, у Марказий Осиёдаги энг йирик Нурек ГЭСи қурилиш ишларида ҳам иштирок этган.

Ўтган беш йил давомида Роғун ГЭСи қурилишига бошчилик қилган.

Сиёсатга деярли аралашмаган, фақат ўз иши билан шуғулланиб келгани айтилади.

Аммо, Тожикистондаги мухбиримиз Искандар Фирузга кўра, жаноб Шулашов ўтган йили Ўзбекистон томонининг Роғун ГЭСи қурилиши хатарли эканига оид мавқеига қарши бир қанча мубоҳасаларда иштирок этган.

Мубоҳасалар чоғида ўзбекистонлик мутахассисларнинг бу хусусдаги фикрларини рад этиб, дунёдаги энг баланд ГЭС (335 метр) бўлиши кутилаётган Роғуннинг ҳеч қандай хавф солмаслигига оид Тожикистон тарафининг даъволари ҳақ эканини исботлашга уринган.

Қарорга муносабат

Роғун ГЭСи бош директори Нурулло Шулашов ҳозирча ўзининг истеъфосига оид ҳукумат қарорига расман бирор бир муносабат билдирмаган.

"Телефони ўчириб қўйилгани боис, журналистлар ҳам ундан бирор бир изоҳ олишга имконли бўлишмаётир", дейди мухбиримиз Искандар Фируз.

Унинг айтишича, Тожикистонда шаклланиб қолган анъанага мувофиқ, истеъфога чиқарилган амалдорлар мамлакат раҳбариятининг буйруғини шарҳлашдан қочишади.

Хабарларга кўра, жаноб Шулашовнинг ўрнига Нурек шаҳри собиқ ҳокими Хайрулло Сафаров тайин этилган.

Қурилиш ишлари

Аён бўлишича, Жаҳон Банкининг номувофиқ эканига оид тавсиялари ва сиёсий вазиятни назарда тутиб, Роғун ГЭСи тўғонини қуриш учун Вахш дарёсини тўсиш ишлари яна ортга сурилган.

Аммо Тожикистон давлат оммавий-ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга кўра, мавжуд инфратузилмада қайта тиклаш ишлари давом этмоқда.

Тожикистонлик масъуллар келаси икки-уч йил ичида ГЭСнинг икки агрегати фойдаланишга топширилишини айтишади.

Аммо уларни ишга тушириш учун аввало Роғун ГЭСининг баландлиги 120 метрлик тўғонининг қуриб, битказилиши тақозо этилади.

Тожикистонлик мутахассислар эса, ўз қурувчилари бу ишни бемалол уддалашларини иддао этишади.

Жорий пайтда Роғун ГЭСини қуриш ишларига Россия ва Эрон қурилиш ширкатлари ҳам жалб этилгани айтилади.

Хавотирлар

Сўнгги пайтларда Марказий Осиёнинг икки йирик дарёси бошида турган Қирғизистон ва Тожикистон ўзларининг энергияга ташналикларини қондириш учун юқори оқимда гидроэлектр станциялар қуриш режаларини айта бошлашган.

Айниқса, Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи сўнгги пайтларда расмий Тошкент ва Душанбе орасидаги алоқаларни янада таранглаштирган.

Таҳлилчиларга кўра, янги ГЭС иқтисодида деҳқончилик катта ўрин тутадиган ва аҳоли зич яшайдиган Ўзбекистонда суғориш сувлари танқислигини юзага келтириши мумкин.

Тожикистон ва қирғизистонлик мутахассисларнинг айтишларича эса, бу мамлакатларда гидроэнергетика станциялари қуриш режалари Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг манфаатларига қарши эмас.

Бироқ Ўзбекистоннинг асосий зироат экини бўлмиш пахта кўп сув талаб қилади ва Ўзбекистон аҳолиси минтақанинг бошқа мамлакатларидаги барча аҳолини қўшиб ҳисоблаганда ҳам қарийб тенглашиб қолади.

Ҳозирда минтақа мамлакатлари ўз ораларидаги сув муаммоларини ҳал этиш учун баҳамжиҳат ҳаракат қилишлари зарурати хусусида тобора кўпроқ гапирилаётир.

Шўро давридаги марказлашган сув таъминоти ва суғориш тизимлари, минтақа мамлакатларининг жуғрофий жойлашуви уларни ўзаро боғлаб қўйган.

Бу мавзуда батафсилроқ