Мустақил комиссия Жанаўзенда фавқулодда ҳолатни бекор қилишни сўради

Жанаўзен. Назарбоев
Image caption Жанаўзен шаҳрида фавқулодда ҳолат 31-январгача узайтирилган, парламент сайлови бекор қилинган

Қозоғистонда мустақил жамоатчилик комиссияси Жанаўзенда фавқулодда ҳолатни бекор қилишни ва терговларнинг очиқ ва адолатли ўтишини талаб қилмоқда.

Жаназўзен шаҳри ва Шетпе қўрғонида бўлиб келган комиссия вакиллари ҳукумат бўлиб ўтган ҳодисалар бўйича зўр бериб, ўзининг версиясини тайёрлаётганини даъво қилишди.

Жанаўзендан келаётган хабарларга кўра, намойишчилар билан яқин мулоқотда бўлган яна бир фаол Айжангул Амирова ҳибсга олинган.

У ҳозирда намойишга чақирувчи варақаларни тарқатишда айбланмоқда.

Манғистау вилоятидаги қонли тўқнашувларни ўрганиш учун тузилган мустақил жамоатчилик комиссияси шу кунларда Жанаўзен шаҳри ва Шетпе поселкаларида бўлиб қайтди.

Коммиссия қонли тўқнашувлардан сўнг илк бор ушбу шаҳарга киритилган.

Аммо комиссия вакиллари фақатгина расмийлар билан учрашган, аммо намойиш иштирокчилари ва жабр кўрганлар билан гаплаша олмаган.

"Шаҳар масъуллари бугун шаҳарда катта ярмарка бўлиб ўтгани ва 10 чоғли ёшлар никоҳ тўйи ўтказаётганини айтди. Биз ҳаммаси яхши, агар шундай бўладиган бўлса, нима учун фавқулодда ҳолат узайтирилди ва нима учун бизларни ҳоли ишлашга қўймайсиз, дедик. Шунда улар агар сиз ҳоли юрсангиз вазият таранглашиб тартибсизликлар келиб чиқиши мумкин дейишди," - деб айтди комиссия аъзоси Бўлат Абилов.

Мустақил комиссияни полиция ҳамроҳлигида машинадан бир қадам ҳам четга чиқармай олиб юришгач, шаҳар четига олиб келиб қўяди.

Мустақил комиссия Жанаўзенда фавқулодда ҳолатни дарҳол бекор қилишни ва комиссия ишига шароит яратиб беришни сўради.

"Фавқулодда ҳолатни бекор қилишни талаб қилишимизнинг илк сабаби шулки, Жанаўзенда бўлган комиссия аъзоларининг ҳаммаси у ерда ҳукумат бўлиб ўтган воқеаларни умуман ўзгартирмоқда ва ҳукумат ҳодисалар бўйича ўз версиясини яратмоқда деган якдил фикрга келдик. Тергов органлари ушбу версия асосида ишламоқда," - дейди комиссия аъзоси Гулжан Ергалиева.

Сўнгги кунларда нефтчиларнинг муаммосини матбуотга мунтазам етказиб келган ва уларга ҳуқуқий ҳамда маънавий ёрдам бериш билан шуғулланган фаоллар ҳам ҳибсга олина бошлаган.

Асли жанаўзенлик бўлган рўйхатдан ўтмаган "Алға" партиясининг Манғистау вилояти бўйича раҳбари, нефтчиларга ёрдам бериш мақсадида тузилган "Халқ фронти" вакили Айжангул Амирова шу кунларда Ақтау шаҳрида ҳибсга олиниб, тергов учун Жанаўзен шаҳрига юборилган.

Комиссия вакиллари ҳуқуқ тартибот органлари ва вилоят раҳбариятидан Амирова билан учрашиш таклифига рад жавобини олган.

Амирова хонимга қувғиндаги Мухтар Аблязовнинг ҳукуматга бўйсинмаслик чақириғи ёзилган варақаларни сақлаш айби қўйилаётгани маълум бўлган.

Яна маҳаллий Маслиҳатга номзод фаолнинг идорасидан Амирова хоним олиб келгани айтилаётган араб ва рус тилларида қандай қилиб революция қилиш мумкин, деган варақалар топилган.

Комиссия вакиллари ушбу айбловни иғво эканлигини айтади.

"Варақа араб ва рус тилларида ёзилган дейишди. Арабча кимга керак? Жанаўзендаги нефтчилар арабча билмайди-ку. Агар ушбу варақалар революция қилишни ўргатадиган бўлса, у ерда араблар йўқ-ку, фақатгина қозоқлар бор," - дейди комиссия аъзоси Рисбек Сарсенбаев.

Рисбек Сарсенбаевнинг айтишича, ушбу арабча варақалар ортидан оламга Қозоғистонда Исломий экстремизм бор ва Жанаўзендаги воқеалар ортида учинчи куч сифатида ўшалар турибди, деган овозалар тарқатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Комиссия аъзолари воқеаларнинг ривожланишига қараб ҳукумат айбни ташқи кучлар зиммасига юклаш учун бор ғайрати билан ҳаракат қилаётгани ва шаҳардаги фавқулодда ҳолатни узайтириш ушбу ҳаракатларни тўсиқларсиз олиб бориш учун қилинганини айтишади.

Улар яна бир тўқнашув бўлиб ўтган Шетпе қўрғонига ҳам борганлар.

Оддий аҳоли билан тўсиқларсиз гаплаша олган комиссия вакилларининг сўзларига кўра, расмийлар айтаётганидек Шетпеда бир гуруҳ безорилар паровозларга ўт қўймаган ва темир йўлни бузмаган.

Шетпеликлар Жанаўзендаги ҳодисалар юзасидан очиқ маълумот беришни ва шаҳарда телефон алоқасини тиклашни талаб қилиб, ҳокимиятга боришган.

Чунки ушбу қўрғондагиларнинг кўплаб қариндош ва яқинлари Жанаўзенда ишлаб яшаган.

Аммо ҳокимият бунга жавобан полиция махсус кучларини чақиради, улар, ўз навбатида, темир йўлни тўсиб олган аҳолига қарата ўт очишади.

Айни дамда Шетпе ҳодисалари юзасидан 12 кишининг ҳибсда қолаётгани айтилади.

Шетпеликлар комиссия вакилларига ҳибсдагиларнинг қандай шароитда ушлаб турилганини айтишган.

"Биз билан Шетпеда гаплашган аёл 19 декабрда ушланган ўғлини қандай қийнашганларини айтиб берди. Ўғлини ечинтириб, ташқарига чиқариб сув сепишган. Бетон ерда ялангоёқ бир неча кун ушлаб туришган," - дейди Гулжан Ергалиева.

Комиссия аъзоларига кўра, ушбу минтақадаги одамлар адолатсизликдан тушкун ҳолатга тушиб қолган ва ҳукумат ушбу ҳодиса бўйича қарашларини ўзгартириб адолатни қарор топтирмаса, кутилмаган вазият юзага келиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ