Президент Назарбоев давлат тўнтаришларига қарши чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Назарбоевнинг сўнгги баёноти унинг аввалроқ араб баҳорига берган баҳосидан кескин фарқ қилади.

Нурсултон Назарбоев давлат тўнтаришлари юз берган мамлакатларда иқтисод 10-15 йилга орқага кетганини айтган.

Олма-Отада маданият ва санъат соҳасида президент ва давлат стипендиялари соҳиблари билан учрашув чоғида гапирган жаноб Назарбоев дунёдаги ўзгаришларнинг оқибатларидан огоҳлантирган.

"Давлат тўнтаришлари юз берган мамлакатлар, уларнинг иқтисодлари 10-15 йилга орқага кетди", - дея Президент Назарбоевнинг сўзларини келтиради Интерфакс агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, "ёшларнинг қандайдир қисми дунёда йирик ўзгаришлар кечаётгани билан қизиқади. Африкада, Оврўпода".

"Ёш авлодга оқ-қорани танитиш, бизга ҳасад билан қаровчилар борлиги, табиийки, улар бизнинг ҳозиргидек яхши яшашимизни истамасликларини тушунтириш лозим",- деб айтган Қозоғистон раҳбари.

Қозоғистонни қарийб чорак асрдан буён бошқариб келаётган 72 ёшли Нурсултон Назарбоев яккаҳокимлиги учун танқид қилинса-да, иқтисодий ислоҳотлари учун олқишланади.

Инқилоб қўрқуви?

Президент Назарбоевнинг сўнгги баёноти унинг аввалроқ араб давлатларидаги инқилобларга берган баҳосидан кескин фарқ қилади.

Жаноб Назарбоев ўтган йилнинг ноябрида Шимолий Африка ва Яқин Шарқда юз берган инқилобларга муносабат билдираркан, уларнинг ортида ижтимоий адолатсизликлар турганини айтган эди.

“Биз Шимолий Африка, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия ва Оврўпода аксилҳукумат намойишларига гувоҳ бўлиб турибмиз. Буларнинг барчаси адолатга бориб тақалади. Чунки эшитганимиз фақат – эркинлик ва адолат деган сўзлар бўлмоқда”,- деб айтган қозоқ раҳбари Россиянинг Интерфакс ва Риа-Новости агентликларига берган интервюсида.

Президент Назарбоев эркинлик талаби нормал, лозим нарса экани, бу борада ортиқча гап-сўзга ўрин йўқлиги ва буни ўзлари ҳам эсдан чиқармасликларини урғуларкан, айни ўринда сўз адолат ҳақида кетаётганини алоҳида таъкидлаган.

Қозоқ раҳбарига кўра, ўта бойлар ва ўта ночорлар орасидаги фарқ кенгайиб бормоқда. Ҳамда глобал молиявий инқироз ушбу муаммони янада чуқурлаштирган.

Унинг айтишича, иқтисодий бўҳрон ортидан қатор Оврўпо ва Шимолий Африка давлатларида аҳоли турмуш тарзининг ёмонлашиши бу каби инқилобларга етаклаган.

Президент Назарбоевга кўра, худди шу сабабдан ҳам ижтимоий адолат, халқнинг ҳаёт даражасини яхшилаш ва иқтисодни ҳам айни шу нарсага йўналтириш бош масала бўлмоғи лозим.

Қозоғистон раҳбарининг охирги баёноти Жанаўзенда 16 кишининг ўлимига олиб келган нотинчликлар манзарасида янграмоқда.

Президент Назарбоев ҳодисаларда "безорилар"ни айблаган.

Сешанба куни жаноб Назарбоев қозоқ парламентининг фавқулодда ҳолат амал қилаётган Жанаўзенда парламент сайловларини ўтказмаслик қарорига вето қўйган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қозоқ махсус кучларининг Жанаўзендаги намойишчиларга қарши ҳаддан ташқари куч қўллаганини танқид қилишган ва ҳодисалар юзасидан мустақил ҳалқаро текширув ўтказишга чақирганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ