Президент Каримов: 'Америка Афғонистондан чиқиб кетгач, таҳдид янада кучаяди '

Image caption Президент Каримов Ўзбекистон ўз армиясини мустаҳкамлашини айтган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2014 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг Марказий Осиёга таҳдид янада кучайишини айтган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 20 йиллик санаси муносабати билан табригида жаноб Каримов Афғонистондаги "террорчилик ва экстремистик фаолиятнинг кенгайиш хавфи кучайиши" ҳамда Марказий Осиёда доимий беқарорлик ўчоғининг юзага келиш хавфидан огоҳлантирган.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Марказий Осиё минтақаси ўзининг улкан табиий бойликлари сабаб йирик давлатларнинг стратегик манфаатлари тўқнашадиган ҳудудга айланган.

Жаноб Каримовга кўра, минтақадаги зиддиятлар манзарасида Ўзбекистон ўз армиясини мустаҳкамлайди ва ҳарбий тайёргарликни кучайтиради.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, Марказий Осиёда урушлар эҳтимоли катта.

"Минтақамизда юз бериши мумкин бўлган жанговар ҳаракатлар театри шароитида тажриба тўплашни янада ошириш, замонавий ҳарбий операциялар ўтказишнинг асосий тамойил ва усулларига оид билимларни такомиллаштириш... замонавий ва юқори даражадаги аниқлик билан зарба берадиган қурол-яроғларни қўллаш асосларини пухта эгаллашга асосий эътибор қаратиш зарур",- деган Президент Каримов.

Ижтимоий норозиликлар

Жаноб Каримов шунингдек, "минтақанинг алоҳида давлатларида ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашгани" минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётганини айтган.

"Минтақада жойлашган айрим мамлакатлардаги ижтимоий норозиликнинг кучайиши... ёмонлашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий вазият минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка қарши жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда", - деб айтган Президент Каримов, аммо аниқ давлат номини атамаган.

Президент Ўзбекистоннинг ўзидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳақида лом-мим демаган, аммо ҳарбийларга яхши шароитлар яратилганини таъкидлаган.

Ўзбекистон армияси минтақада нисбатан жанг қилишга қодир армия сифатида кўрилади.

Аммо шу билан бирга, мутахассисларга кўра, ҳукумат амалга оширган ҳарбий ислоҳотлар коррупция ва "дедовшина"ни енга олмаган.

Ватан ва тузум ҳимоясида

Ўзбекистон армияси 1999-2000 йилларда Афғонистондан сизиб кирган исломий жангарилар билан тўқнашган ва 2005 йилда Андижонда тинч намойишларни бостиришда иштирок этган.

Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида харбий харажатлар бўйича биринчи ўринда туради.

Матбуотда эълон қилинган рақамларга кўра, 2010 йилда ҳарбий харажатлар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 3.5 фоизи ёки 1.5 миллиард долларга яқин маблағни ташкил этган.

Мутахассисларга кўра, бу Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг биргаликдаги ҳарбий бюджетидан уч баробар кўпдир.

Россияда ҳарбий харажатлар ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 2.9 фоиз, Қозоғистонда эса 1 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон шунингдек, минтақада АҚШнинг энг катта ҳарбий ёрдамини олаётган давлат ҳам саналади.

Ўтган йили Қўшма Штатлар Конгресси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга қўйилган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ чекловни олиб ташлаган.

АҚШ Афғонистонга транзит давлатлар учун ажратган қўшимча 90 миллион долларнинг катта қисми ҳам Ўзбекистонга бериши хабар қилинган.

Россия матбуоти 2014 йилда Афғонистонни тарк этишга тайёрланаётган Америка қўшинлари ҳарбий техниканинг бир қисмини Ўзбекистонда қолдириш юзасидан музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзган.

Аммо на америка ва на ўзбек томони бу хабарларни шарҳламаган.

Бу мавзуда батафсилроқ