BBC navigation

Италияда чўккан кемада омон қолган қозоғистонлик ўзбек қиз ҳикояси

Сўнгги янгиланиш 16 январ 2012 - 11:17 GMT

Лола Агеева Коста Конкордия фалокатга учрашидан аввал тушган сурат...

Жума куни Италиянинг ғарбий қирғоқларида тошга урилиб чўккан Коста Конкордия кемасида омон қолган, илк хабарларга кўра, 8 қозоғистонлик ўртасида асли Тараз шаҳридан бўлган ўзбек қизи Лола Агеева ҳам бор эди. У олмотилик турмуш ўртоғи Рустам Агеев ва яна икки дўсти билан қишки таътил доирасида круиз саёҳатига чиққанди.

Лола ҳозирда ҳамроҳлари билан Римдаги меҳмонхонага жойлашган ва қозоқ элчихонасининг ёрдамини кутмоқда. У ва яқинларининг барча юклари кемадаги ётоқхоналарда қолиб кетган. Лола тўрт фарзанднинг онаси.

У круизга чиқишдан аввал Францияда фарзандлари билан таътилда бўлгани, денгиз саёҳатидан аввал эса фарзандларини Олмотига қайтарганини айтади. Лола Агеева ўз бошидан кечирганларини Би-би-сига сўзлаб берди.

Агеева: Биз кема ресторанида 13-январни, яъни Эски Янги Йилни нишонлаётгандик. Бирдан қандайдир тебранишни сездик. Кўп ўтмай кема бир ёнга оғишни бошлади, столлардаги ҳам нарса сочилиб тушди. Одамларда ваҳима бошланиб, ҳамма қаергадир югуриб, яқинларини қидира бошлашди. Биз ташқарига, қутқарувчи қайиқларга яқинроқ жойга чиқиш керак деб тушундик. Ташқарига югуриб чиқиб, қайиқларнинг ёнига турдик ва қутқарув камзулларини қидира бошладик. Ҳеч ким бизга бу камзулларни тарқатмади, ўзимиз қаерлардандир топдик. Бу вақтда одамлар фақат турган жойларида туришганди, кема эса яна оғиб бораётганди. Аввал бир томонга оғди, кейин кескин тарзда тескари томонга оғди ва биз бошқа тарафга югуриб ўтдик. Жуда қаттиқ оғганди, чунки биз ҳар нарсаларни ушлаб олиб, зўрға тикка тургандик. Бу икки соатлар давом этди. Бизга "хавотир олманглар, ҳаммаси жойида бўлади" дея эълон қилиб туришди. Биз тўртинчи қаватда эдик.

Лола Агеева кема ходимлари йўловчиларга қутқарув жараёнини олдиндан тушунтирмаганини айтади

Би-би-си: Ҳеч ким сизларга нима қилиш кераклиги, қаерга йиғилиш кераклиги борасида маълумот бермадими?

Агеева: Йўқ, очиғини айтсам, йўқ. Бу бизнинг биринчи марта круизга чиқишимиз эмас. Масалан, Америка круизига минганимизда бизга қайси қутқарув қайиғи бизга тегишли экани, эвакуация пайти қаерга бориш кераклиги ва ким масъул эканини аввалдан айтишган. Лекин, бу сафар умуман бундай бўлмади. Қаерда қайиқ бўлса, ҳамма ёппасига шу ерга қараб югурди... Хуллас, кейин бизни қайиқларга ўтқазиб олиб кетишди.

Би-би-си: Қайиқларга тушаётганда ваҳима кўпмиди одамларда? Баъзи хабарларга кўра, одамлар бир-бирини итариб, олатасир бўлган.

Агеева: Ҳайрон қолганим шуки, ундай қаттиқ ваҳима бўлмади. Биз одамлар бир-бирини босиб кетади деб кутгандик, лекин ундай бўлмади. Кейин бизга айтиб беришларича, охирига бориб шундай бўлибди. Кема буткул ёнига ағаниб, охирги йўловчилар қутқарилаётганда, қайиқлар учун талашганлар. Биз эса биринчилардан бўлиб қутқариб олиндик. Биз ўтирган қайиқ каттагина эди, 100-150 одам сиғди унга. Қоронғу бўлгани учун биз қирғоққа шунча яқин эканимизни ҳам сезмаган эканмиз. Биз денгизнинг ўртасидамиз деб ўйлагандик. Қирғоқни кўриб, кўплар енгил уҳ тортди. Бизнинг омадимиз чопган экан. Ортда қолганларга жуда қийин бўлибди. Бизнинг қайиқдагилар йиғлашаётганди, каттароқ ёшдаги одамларнинг юраклари оғриб мазалари қочиб қолди, баъзилар ҳушидан кетиб қолди. Жуда кўпларни тез ёрдам машиналарида олиб кетишди. Ҳатто круиз кемасида кутиб турганимизда ҳам одамлар ҳушларидан кетиб қолишаётганди. Болалар кўп йиғлашди. Жуда кичик ёшли болалар кўп эди, умид қиламанки улар тушунишмади нималар бўлаётганини. Қутқарув жуда чўзилиб кетганини энди тушуниб етаяпмиз. Бизни қутқаришаётганда кема шунчалар оғиб кетган эдики, биз сувдан узоқлашиб қолиб, қайиқларга тушиш қийин бўлиб қолганди. Биз кемага бориб урилдик бир неча марта. Бошқа одамлар эса қайиққа туша олмай, арқонларга осилиб тушишди.

"Дугонам агар тоат-ибодат қилишни билсак, калима қайтаришни бошлашни таклиф қилди. Менимча, у вақтда бизда бўлган ягона танлов дуо қилиш эди."

Би-би-си: Ўша вақтда қандай фикрлар ўтди бошингиздан? Нималар ҳақида ўйлаётгандингиз? Кўплар машҳур Титаник фожеасини эслай бошлабди.

Агеева: Ҳа, биласизми, менимча ҳамма шуни ўйлади, чунки ҳамма бу фильмни кўрган. Албатта, Титаник очиқ денгизда бўлган ва ҳаво жуда совуқ бўлган, лекин барибир биз бу вазиятни ўша фильмдаги воқеаларга қиёслай бошладик... Жуда қийин менга ҳозир ҳиссиётларимни етказиб бериш, энг кўпи фарзандларим ҳақида ўйладим... Мени эрим ва дўстларим тинчлантиришга уринишди. Эрим мени қўллаб-қувватлади, ёнимдаги дўстларим ҳам. Дугонам агар тоат-ибодат қилишни билсак, калима қайтаришни бошлашни таклиф қилди. Менимча, у вақтда бизда бўлган ягона танлов дуо қилиш эди.

Би-би-си: Баъзи одамлар сувга сакраб, жон сақлашга уринганлари қайд қилинган. Сизнинг бошингиздан шундай фикр ўтдими?

Агеева: Биздан ҳам шундай фикрлар ўтди, чунки нима учун бизни қайиқларга ўтқазишмаётганини тушунмадик ва ўзимизни сакрашга тайёрлай бошладик. Менинг эрим ҳарбий кемада хизмат қилган ва у баъзи қоидаларни билади. Эрим агар кема бирданига тез суратларда чўкишни бошласа, қаерга ва қандай сакраш кераклигини тушунтирди. Камзулларни кийиб олгандик ва сакрашга тайёр эдик. Кўп одамлар сакрашди, чунки асаблари кўтаролмай қолди. Менинг ёнимда ҳеч ким сакрамади, лекин кема буткул ағанагандан кейин, одамлар чидай олмай сакрашган. Мен гаплашган россиялик болалар менга айтиб беришди, улар арқонларга осилиб олишган экан, арқон мойли бўлгани учун, сирпаниб сувга тушиб кетишган. Ҳозир улар соғ-омон, Худога шукур.

Би-би-си: Ҳаво совуқмиди?

Коста Конкордиянинг чўкишига унинг тошга бориб урилиши сабаб деб айтилмоқда

Агеева: Бироз совуқ эди, чунки ҳарқалай ҳозир қиш. Лекин, биз совуқни сезмадик, чунки шокка тушиб қолгандик. Кейин қирғоққа етганимизда, ўзимини ўраш учун нималарнидир қидира бошладик, маҳаллий одамлар кўрпалар ва курткалар билан югуриб келишганди. Аввало, бизни тонгги соат 6ларгача ҳеч қаерга жойлаштиришмади, кейин кимлардир черковга, кимлардир мактабга жойлашишди, биз эса бир маҳаллий оиланинг уйида қолдик. Эртаси куни бизни олиб кетишди.

Би-би-си: Коста Конкордия қандай кема эди ўзи, тасвирлаб беринг.

Агеева: Бу катта кема. Замонавий. Ҳаммасидан қониққандик, чунки ётоқхоналари жуда яхши эди. Хизмат яхши йўлга қўйилганди. Италияликлар қувноқ халқ, шунинг учун кемадаги кўнгилхушлик томошалари ҳам қизиқ эди. Кундузлари қирғоққа тушиб, экскурсияларга чиқардик. Круизимиз якун топишига икки кун қолганди. Мана бугун душанба у тугаши мўлжалланганди. Барселонада бошланганди ва Барселонага қайтишимиз режаланганди. Ҳеч ҳаёлимизга келмаганди бундай якун топиши.

Би-би-си: Сиз ҳозир Римда экансиз, Қозоғистонга қайтишни кутаяпсиз. Сизга руҳшунослар ёрдами, ёки молиявий ёрдам кўрсатилаяптими?

Агеева: Йўқ, ҳозирча йўқ. Хабарларда ўқишимча, тиббий ходимлар ва полиция биз билан ишламоқда экан, лекин ундай гап йўқ. Ким нима қила олса, ўзи қилаяпти. Яхшиям дўстларимиздан бирининг ёнида кармони бўлган экан, ундаги виза карточкасига Қозоғистондан яқинлари пул жўнатди. Менинг қўлимда эса фақат телефоним қолган, бошқа ҳамма нарса, ҳужжатларим, ёнимдаги бор юким кемада қолди. Бизга ҳали ҳам ваъда қилинган учоқ чипталарини беришмади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.