BBC navigation

Пичоқланган Атоуллоев ҳужум ортида расмий Душанбе турганига ишонади

Сўнгги янгиланиш 18 январ 2012 - 10:56 GMT

Додожон Атоуллоев тожик ҳукуматига қарши кескин чиқишлари билан танилган

13 январ куни Москвада пичоқлаб кетилган таниқли тожикистонлик журналист ва мухолифат арбоби Додожон Атоуллоев ўзига қилинган ҳужум учун Тожикистон ҳукуматини айблаган. Касалхонадаги тўшагидан Би-би-сига берган эксклюзив интервьюсида жаноб Атоуллоев ўзига қилинган ҳужум тафсилотлари ва тожик ҳукумати билан алоқалари ҳақида сўзлаб берди.

56 ёшли Додожон Атоуллоев мухолифатдаги "Ватандор" ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг раҳбаридир. У Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга қарши кескин танқидий чиқишлари ва мақолалари билан танилган.

Араб инқилоблари ортидан жаноб Атоуллоев Тожикистонда "бинафша инқилоби" юз бериши ва Имомали Раҳмонни барча диктаторлар қисмати кутаётганини айтиб чиққан.

Унга пичоқ урган шахс ҳали топилмаган. Гумон қилиниб қўлга олинган Тожикистон фуқароси озод қилинган.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлатали Назриев Додожон Атоуллоевнинг баёнотига муносабат билдириб, фақат тергов ишлари жараёнида унга ким ё қайси гуруҳ суиқасд қилгани маълум бўлишини айтди.

Унинг айтишича, Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги суиқасд юз берган куни ҳодисани қаттиқ қоралаб, Россия ҳуқуқ-тартибот органларини суиқасдни ҳар томонлама текширишга чақирган эди.

Жаноб Назриевга кўра, жаноб Атоуллоевнинг Тожикистон раҳбариятига қарши бундай айблови янги ҳодиса бўлмай, у авваллари ҳам далил келтирмай Тожикистон раҳбарияти ва ҳукумат аъзоларни турли жиноятларда айблаган.

Би-би-си Додожон Атоуллоевдан аввало суиқасд кунини тасвирлаб беришни сўради.

"Худо мени асради, пичоқ юрагимга эмас, юрагимнинг ёнига урилди. Лекин, бу нафақат менга, балки кўплаб бизнинг тарафдорларимизга янги куч баҳш этади."

Атоуллоев: Биласизми, ўша куни қандайдир безовта бўлиб, кўнглим ғаш бўлаётганди. Нимадир ёмон нарса бўлишини сезаётгандим. 20 йил давомида қўрқув ҳисси барибир бўлган. Қисқача айтсам, бир тожик ватандошим қўнғироқ қилиб, учрашишни таклиф қилди. У менинг уйим ёнида кафеда эканини айтди. Уйдан чиққанимда кечқурунги тўққизлардан ошганди вақт. Қоронғи эди. Бир арканинг остида ўтдим, ўтганимда бир тожикка ўхшайдиган киши турганди. Бўйи баланд, гавдаси катта эди. Қандайдир лаҳзалар бир-биримизга тикилиб қолдик, у нимадир деди, "нимага менга қараяпсан?" деди, яна кескин бир нарса дедию, пичоқ урди. Зарба шундай кучли эдики, оғриқни умуман сезганим йўқ. Қон чиқди холос. Йиқилганимда, бошим кўчанинг машиналар ва одамлар ўтаётган тарафида эди. Кейин тез ёрдам келди, милиция пайдо бўлди. 10-15 минут ҳушимда эдим, кейин ўзимни йўқотдим. Бир-икки кундан сўнг реанимацияда кўзимни очдим.

Би-би-си: Сизга қўнғироқ қилган тожик ватандошингизни шахсан таниганмисиз? Аввалдан танишмидингиз?

Атоуллоев: Ҳа, мен билан учрашувни тайинлаган одамни билардим, яхши танимасдим лекин. У ҳар доим ўзини тожик режимига қарши мухолифатчи дея тақдим қилиб келган. Мен очиқча сиёсат билан шуғулланаман, ҳеч кимни ҳафа қилгим келмайди, ва чақиришса, бориб учрашаман.

Би-би-си: Шу ватандошингиз ва сизга ҳужум қилган одам ўртасида боғлиқлик бор деб ўйлайсизми? Ё бу тасодифми?

Атоуллоев: Биз у ватандош билан кўришолмай қолдик, у мени кафеда кутаётганини айтган вақти, у кафеда бўлмаган экан. Бу ғалати. Бу тафсилотларга ҳозир унча берилмаяпман. Ўзи охирги вақтларда Душанбедан жуда кучли ишоралар олаётгандим. Президент доирасидан, махсус хизматлар доирасидан ишоралар олганман. "Атоуллоев масаласини ҳал қилиш керак, уни нимадир қилиш керак" деган гаплар бўлган.

Би-би-си: Демак ўзингизга бўлган ҳужум ортида расмий Душанбе турибди деган шубҳангиз бор, шундайми?

Атоуллоев: Мен шубҳа қилмайман, менинг бунга ишончим комил. Чунки менинг ҳеч ким билан ҳеч қачон шахсий адоватим бўлмаган, мен ароқ ё ҳатто пиво ичмайман. Сиёсат менинг ҳаётим, менинг ҳатто оилавий турмуш тарзим ҳам сиёсатга боғлиқ.

Би-би-си: Сизга қарши ҳужум уюштириш нима учун керак Душанбега деб ўйлайсиз?

"Тожикистонда бир йилдан сўнг президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бир йил бу жуда кичик муддат. Шунинг учун, тожик ҳукуматига мухолифатнинг оғзини ҳозирданоқ ёпиш жуда муҳим."

Атоуллоев: Биласизми, улар кўп ҳаракатлар қилишди. Президент Раҳмонов билан 1998-йилда юзма-юз учрашдим. Раҳмонов мени 2004-йилда амнистия ҳам қилди. Мен Душанбега катта делегация таркибида, хусусан британияликлар, олмон ва руслар ҳамроҳлигида бордим. Бу йил ҳам мустақиллик куни арафасида Раҳмонов одамлари билан музокараларим бўлди. Улар мени сотиб олишолмади, қўрқитишлари ҳам иш бермади. Шунинг учун, улар охирги имкониятни қўллашди. Менга ишонинг, ўзимни мен олий бир шахс деб ҳисобламайман. Мен буёғига ҳам шундай ҳаёт кечиришни истамаган миллионлаб тожикистонликлардан бириман. Бу қонли режим. Улар учун қотиллик, одамларни қўрқитиш ё йўқ қилиб юбориш оддий бир нарсадир. Мен ҳайрон қолганим йўқ. Худо мени асради, пичоқ юрагимга эмас, юрагимнинг ёнига урилди. Лекин, бу нафақат менга, балки кўплаб бизнинг тарафдорларимизга янги куч баҳш этади. Раҳмонов мени ё бошқа бировни ўлдириш билан ҳеч нимага эриша олмаслигини тушунмайди. Тожикистонда юзлаб, минглаб Атоуллоевлар бор. Улар инсоний яшаш ҳуқуқлари, ўз қадр-қиммати учун курашадилар.

Би-би-си: Сиз охирги вақтларда кўп чиқишлар қилгансиз, айниқса араб давлатларидаги инқилоблар ортидан Тожикистонда ҳам шундай халқ қўзғолонларини қилиш кераклиги борасидаги чиқишларингиз ёритиб борилган. Шу баёнотларингиз Душанбе ҳукуматини хавотирга солганми?

Атоуллоев: Мен бу қарашга қисман қўшиламан, лекин қўшимча қилмоқчиман, биласизми, қўрқувнинг кўзи катта. Вазият Тожикистонда кескин ўзгарди. Авваламбор, араб баҳори сабаб, иккинчидан Раҳмонов тузумидан норози одамларнинг сони кескин ошди. Уруш ва қон билан қўрқитиб бўлмайдиган янги авлод етишган. Тожикистонда бир йилдан сўнг президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бир йил бу жуда кичик муддат. Шунинг учун, тожик ҳукуматига мухолифатнинг оғзини ҳозирданоқ ёпиш жуда муҳим.

Би-би-си: Сиз Россия ҳуқуқ-тартибот органлари қотилни топишларига ёки унинг ортида ким турганини аниқлашларига ишонасизми?

Атоуллоев: Биласизми, бир нарса дейишим жуда қийин. Мен биринчи кун ўзимга келиб, одамлар билан мулоқот қилаяпман ҳозир. Ўйлайманки, яқин кунларда ҳаммамиз гувоҳ бўламиз бу воқеа қандай ривожланишига.

Би-би-си: Ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз? Жуда кўп қон йўқотган экансиз.

Атоуллоев: Биласизми, бекор яшамадим деган фикр ўтаяпти бошимдан. Аблаҳ эмаслигим, ҳаётимни бекорга яшамаганимни англаяпман. Менинг соғайишим учун юзлаб одамлар касалхонада дуо қилишмоқда, кечаю кундуз тожиклар, руслар, ўзбеклар, яҳудийлар келиб навбатчилик қилишаяпти. Журналистлар, сиёсатчилар, генераллар келиб кўришаяпти, бу мен учун шараф.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.