Тожикистон шимолида қутуриш хасталигидан одамлар ўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қурбонлар аксариятини қутурган ит қопгани айтилади

Хабарларга кўра, Тожикистоннинг Ўзбекистонга қўшни Сўғд вилоятида бир йилдан ортиқроқ вақт ичида 8 киши қутуриш хасталигидан вафот этган.

Қурбонлар орасида болаларнинг ҳам борлиги ва юз берган бахтсиз ҳодисалар вилоятнинг асосан Истаравшан, Исфара, Панжикент ва Спитамен туманларида кузатилгани айтилади.

Аён бўлишича, улардан аксариятини қутурган ит қопган.

Тожикистондаги мухбиримиз Искандар Фируз сўнгги пайтларда одамларнинг қутурган ҳайвонлар ҳужумига учраши ҳоллари ортиб бораётганини айтади.

Унга кўра, Шўро даврида қутурган ҳайвонларни тутиш ишлари билан шуғулланган махсус хизматларнинг фаолияти сўнгги йилларда деярли кўринмай кетган.

Шунинг учун ҳам, одамлар мамлакатнинг бошқа ҳудудлари қолиб, ҳатто, пойтахт Душанбеда ҳам тез-тез уларнинг ҳужумларига учрашмоқда, дейди мухбиримиз.

Мухбиримизга кўра, шунда ҳам, қурбонларга оид сўнгги маълумот Тожикистондаги бутун вазиятни акс этдирмайди.

"Чунки, аксарият ҳолларда исломий қонун-қоидаларга мувофиқ, лозим тиббий текширувларсиз, уларни тезгина дафн этиб юборишади. Бундай бўлмаганида, қурбонлар сонининг янада кўп бўлиши тайин эди", дейди мухбиримиз.

Мутахассисларга кўра, мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида тиббий хизмат даражасининг пастлиги ва текин экани айтилса-да, муолажанинг анча пулга тушиши сабаб, бу каби ҳолларга дучор бўлган одамлар ўз вақтида ёки умуман шифокорларга мурожаат этишмайди.

Даво излаб...

Аён бўлишича, қутуриш хасталигига қарши бир доза эмлик тожик пулида 90 сомоний туради.

Аммо қутурган ит қопган беморга уч доза эмлик тақозо қилинади. Бу эса, 270 сомоний деганидир.

Агар қиёсан айтиладиган бўлса, Тожикистонда одамларнинг минимал иш ҳақи 80 сомонийга тенг.

Тожикистон аҳолисининг ярмига яқини эса, ночорлик гирдобида яшайди.

Кузатувчиларга кўра, шунинг учун ҳам жабрдийдалар аксариятининг, "Ўзи ўтиб кетар", дейишдан бошқа чоралари йўқ.

Чунки, ҳатто, чекка ўлкаларда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари юбораётган пулни ҳам фақат озиқ-овқатга сарфлашларига тўғри келади.

Бундан аввал Тожикистоннинг жанубий туманларида ҳам одамларнинг қутуриш хасталигидан вафот этишаётганига оид хабарлар тарқалганди.

Мамлакат аҳолисининг аксарияти ва анчайин камбағал қисми айнан жанубий минтақаларда истиқомат қилишини назарда тутиб, мутахассислар, бу ерда ўлим ҳоллари сонининг ошиши эҳтимоли билан ҳам огоҳлантиришганди.

Улар ўтган йили бутун Тожикистон бўйлаб нафақат итлар, балки мушуклар, каламушлар ва чорва молларининг ҳам ҳужумларидан жабр кўрган инсонлар сони ошиб бораётганини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ