Назарбоев: "Бундан буён танқидчи кузатувчилар сайловларга келмайди"

Назарбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Назарбоев бундан буён сайловларга халқаро кузатувчилар таклиф этилмаслигини билдирди

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев бундан буён мамлакатга бошқалар томонидан ёлланган халқаро кузатувчи ва мутахассислар таклиф этилмаслигини маълум қилди.

15 январ куни муддатидан олдин бўлиб ўтган парламент сайловларини Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда АҚШ Давлат Департаменти нодемократик бўлганини қайд этишганди.

"Сайловларимизни танқид қилувчи кузатувчилар, бошқалар томонидан ёлланган экспертларни Қозоғистонга бошқа таклиф қилмаймиз", - деб айтди "Нур отан" партияси сиёсий кенгашининг йиғилишида чиқиш қилган Нурсултон Назарбоев.

Давлат раҳбари кўпчилик кузатувчилар ва мутахассислар ўтган парламент сайловларини адолатли ва шаффоф ўтганини тан олишганини таъкидлаган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Қозоғистон парламент сайловлари нодемократик ўтганини таъкидлаган. Ташкилот кузатувчилари сайловчиларнинг сони борасида ҳам шубҳа билдиришган.

"Энди парламентингизда уч партия бўлди. Бироқ ушбу натижа бошқарилган жараён оқибатида олинган бўлиши мумкин. Биз гувоҳи бўлган ва Марказий Сайлов Комиссияси келтирган қатнашувчилар сонини, ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш мумкин", - дея киноя қилган ОХҲТ томонидан келган кузатувчилар ҳайъатининг раҳбари Миклош Харрасти.

АҚШ Давлат Департаменти ҳам бўлиб ўтган парламент сайловларини "халқаро меъёрлардан йироқ," дея баҳолади.

Қозоғистон мухолифати эса сайловларни мустақил Қозоғистон тарихидаги "энг нопок сайловлар" дея атади.

1,5 фоиздан сал кўпроқ овоз олиб парламентга кира олмай қолган "Азат" умуммиллий социал демократик партияси 17 январ куни Олма ота шаҳридаги марказий майдонда норозилик акцияси ўтказди.

Партия ўз тарафдорларини 28 январ куни бўлиб ўтадиган яна бир намойишга таклиф этди ва ушбу намойишнинг оммавий бўлишини ваъда қилди.

"“Азат" партиясининг раисдошларидан Бўлат Абилов президентнинг халқаро кузатувчиларни таклиф этмаслик таклифига ўзининг Facebook даги саҳифаси орқали муносабат билдирди.

"Унга (президент Назарбоев) Қозоғистонда бўлиб ўтган сайловлар ҳақидаги хулосалар ёқмади. Унга сайловлар эркин бўлмади, адолатсиз ўтди дея ҳақиқатни гапиришса, ёқмайди. Унга ҳукумат тепасида авторитар режим турган собиқ Совет давлатларида бўлиб ўтган сайловларни маъқулловчи МДҲдан келган кузатувчилар ёқади", - дейди Бўлат Абилов.

Мухолифатчи Нурсултон Назарбоевнинг 2010 йилда ОХҲТ га раислик қилиб "давринии сурганини", ҳаммага ислоҳот ўтказишни ваъда қилиб, оқибатда ҳеч нарсани бажармаганини қўшимча қилади.

15 январ куни бўлиб ўтган сайловларнинг натижалари маълум қилинди.

Парламентда Президент Назарбоевнинг "Нур отан" партияси 83 ўринни, "Ақ жўл" 8 ўрин ва Қозоғистон Коммунистлар Халқ партияси 7 ўринни эгаллади.

Парламентнинг янги таркиби эртага иш бошлаши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ