Қозоғистон: Жанаўзен ҳодисалари бўйича тергов ишлари бошланди

16 декабрь куни полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиққанди
Image caption 16 декабрь куни полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиққанди

Қозоғистонда бир неча мухолифат, жамоат вакиллари ва мустақил журналистлар ҳибсга олинган ёки сўроққа чақирилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу шахсларга Жанаўзендаги қонли тўқнашувларни ташкиллаштириш, ҳукуматни ағдаришга ҳаракат каби айбловларни қўймоқда.

Кузатувчилар сайловлардан сўнг ҳукумат ўига ноқулай бўлган сиёсатчилар ва журналистдан жамиятни тозаламоқда деган фикрни билдирган.

Интернетга сиздирилган мобил телефонига олинган видеода Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари рўйхатдан ўтмаган “Алға” партияси лидери Владимир Козловнинг уйига киришга ҳаракат қилмоқда.

Хафсизлик қўмитаси ходимлари “Алға” партияси офиси ва партия етакчиларининг уйида тинтув ўтказди. Партия лидери Владимир Козлов сўроқ қилишга олиб кетилди. Унинг 72 соатга ушлангани айтилмоқда.

“Иккита ноутбук ва иккита принтер ҳамда сканер бор эди. Сканер ва принтерни олиб кетишди. Гўё Жанаўзенда варақа тарқатилган экан, ва уларнинг ушбу принтерда чоп қилинганлигини текшириш учун олиб кетишди. Ҳамма нарсани кўриб чиқишди, қутилар диваннинг ости ва устини кўришди”, - дейди Владимир Козловнинг турмуш ўртоғи Алия Турусбекова.

“Руҳ билан тил” клуби раҳбари Жанбўлат Мамайнинг уйида ҳам тинтув ўтказилган, компютер ва қўл телефонлари олиб қўйилган. Жамоат фаоли тергов ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаслик талаби билан уйига қўйиб юборилган.

Худди шундай тинтув ва сўроққа чақиришлар бошқа жамоат фаоллари билан ҳам содир бўлган. Миллий хавфсизлик қўмитасининг тарқатган хабарига кўра ушбу шахсларга нисбатан Жанаўзендаги ҳодисалар туфайли тинтув ва тергов ишлари олиб борилганини маълумлаган. Қўмита бир неча кишига “Ижтимоий адоват қўзғаш” бўйича жиноий иш очилгани айтган, аммо уларнинг шахсини очиқламаган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг Жанаўзендаги қонли тўқнашувларга алоқаси борлиги гумон қилинмоқда.

Ушбу шахслар Жанаўзен шаҳридаги 7 ой намойиш ўтказган нефтчилар билан яқин алоқада бўлганди.

Жанаўзенда фаолият юритаётган Бош прокуратуранинг махсус вакили шаҳарда одамларни намойишга ва ҳукуматни ағдаришга чақирувчи варақалар топилганини маълум қилганди.

Кейинчалик ушбу варақаларга “Алға” партияси ҳамда “Халқ фронти” аъзоси Айжангул Амированинг алоқаси бор дея ҳибсга олинди. Унга ижтимоий адоват қўзғаш айби бўйича тергов иши очилган.

Қозоғистондаги таниқли нодавлат газеталаридан бири “Взгляд” газетаси бош муҳаррири Игор Винявский Олма ота шаҳрида ҳибсга олинди. Унга Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан конституцион тузимни куч билан ағдариш ёки ўзгартириш айби қўйилди. Винявский жаноблари 72 соатга ҳибсга олинди. Газета офисида ҳам тинтув ўтказилган.

4,5 соат давом этган тинтув вақтида газета журналистлари ҳеч қаерга чиқарилмаган.

“Бош муҳаррирга нисбатан шикоят борлиги маълум эди. Махсус кучларнинг коллективни 4,5 соат давомида қўл телефонларини ўчириб, ташқарига чиқишга рухсат бермай ушлаб ўтиришга қандай асослари бор. Кўпларнинг уйда онасини кутиб ўтирган болалари бор эди. Уларнинг аҳволини тасаввур қилинг”, - дейди “Взгляд” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Андрей Свидоров.

Қозоғистон журналистлар иттифоқи ҳамда журналистларни ҳимоя қилувчи “Одил сўз” жамғармаси газета мухаррири ҳибсга олиниши билан ўзларининг хавотирини билдириб чиқди. Ушбу нодавлат ташкилотлар Бош прокуратурага мурожаат билан чиқиб терговнинг очиқ ва адолатни ўтишни таъминлашни сўрашди.

Газета бош муҳаррири Игор Винявскийга конституцион тузумни ағдаришга чақириқ айбловлари қўйилмоқда.

“Унга нисбатан ишлатилаётган “Взгляд”да чоп этилган мақолалар ва айнан қайси жумлаларда конституцион тузумни ўзгартиришга чақириқ каби маънолар борлиги аниқ кўрсатилиши лозим. Лойиқ мутахассислар томонидан мустақил экспертиза ўтказилиши керакки, ушбу хулосалар ҳаммада қониқиш пайдо қилсин”, - дейди “Одил сўз” жамғармаси раиси Тамар Калеева.

Ҳибсга олинган ёки сўроққа чақирилган шахслар нефтчиларнинг муаммосини ҳукуматга ва жамоатчиликка етказишда фаол бўлган. 16 декабрь куни полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиққанда уларнинг бирортаси ҳам Жанаўзенда бўлмаган.

Кузатувчилар ҳукумат парламентга бўлиб ўтган сайловлардан сўнг ўзига ноқулай деб билган шахсларнинг фаолиятини чеклаш амалиётини бошлаганини айтишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ