Қирғизистон қамоқхоналарида норозиликлар давом этмоқда

Қирғизистондаги маҳбуслар
Image caption Маҳбуслар қамоқхоналардаги шароитлардан шикоят қилишади

Қирғизистон қамоқхоналарида норозилик амаллари давом этар экан, қарийб 400 маҳбус ўз лабларини игнаю ип билан тикиб ташлашган.

Улар қамоқхонадаги шарт-шароитлар яхшиланишини талаб қилишмоқда.

Қирғизистонда расмийлар "оммавий тартибсизлик" дея таърифлаётган маҳбуслар норозилик намойишлари бир ҳафта олдин бошланган, айни пайтда ҳам қисман давом этмоқда.

Ҳукумат мулозимларининг билдиришича, маҳбусларнинг мазкур оммавий тадбирларига боғлиқ тўқнашувлар мобайнида етти маҳбус ва беш нафар ички ишлар нозири жароҳатланган.

'Норозиликларни уюштираётганлар жиноятчилар раҳбарлари'

Қарийб 400 нафар маҳбус ўз лабларини тикиб қўйганлари борасида Жазони ижро этиш давлат хизмати бошлиғи Шейшенбек Байзаков маълум қилган.

Аммо, Жазони ўташ идораси матбуот хизмати берган сўнгги маълумотларга кўра, қамоқхоналарда айни шу шаклда норозилик билдираётганлар сони 1200дан ортган.

Фавқулодда Қирғизистон парламентига чақирилган Генерал Шейшенбек Байзаков давлат маҳкумларнинг ноқонуний талаблари ҳеч қачон қондирмаслигини айтган.

Жазони ижро этиш давлат хизмати раҳбарининг билдиришича, ҳибсхоналардаги сўнгги оммавий тартибсизликлар жиноий доира раҳбарлари томонидан уюштирилган.

Мулозимнинг айтишича, жиноятчилар қамоқхоналарда ўзлари хоҳлагандек фаолият юритишга интилишмоқда.

"Лекин, юзлаб эмас, маҳбусларнинг барчаси оғизларини тикиб қўйган тақдирда ҳам, биз бундай тартибсизликларга йўл қўймаймиз", дейди Генерал Байзаков.

Жазони ижро этиш хизмати зобити Асилбек Чекировга кўра, бир ҳафта олдин содир этилган тартибсизликга боғлик бир неча жиноий ишлар қўзғатилган:

- Прокуратура томонидан Қирғизистон Жиноят Кодексининг жами тўртта моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Таъкидлаб айтадиган бўлсам, бу "қамоқ жойларидаги қонуний талабларга тўсқинлик қилиш, безорилик, оммавий тартибсизлик уюштириш ва гиёҳванд моддаларни ноқонуний етказиш" айбловлари, - дейди Майор Чекиров.

'Талаблар асоссиз эмас'

Аммо, Қирғизистон омбудсмени вакили Камалдин Жапаров маҳбусларнинг барча талаблари ҳам ноқонуний бўлмагани, кўп вақтдан бери даъво қилинаётган талабларда жиддий асослар бор эканлиги ҳақида айтган.

- Мана, биз кўплаб ҳибсхоналар, қамоқхоналарни назорат қилиб, кузатиб чиқдик. Уларнинг бинолари аксарияти жуда эскириб кетган, йўқ деганда ўттиз йилдан буён таъмирланмаган. Хоналари жуда совуқ, ичимлик тоза сув кам, ичкарида ювиниш учун иссиқ сув мутлақо йўқ. Баъзи қамоқ жойларида ҳалигача эски даврдаги иситиш қурилмаларидан "печка"лардан фойдаланилади. Шу сабабдан ҳам, маҳбусларнинг талаблари қисман бўлса - да асосли, - деди Қирғизистон омбудсмени вакили Камалдин Жапаров.

Ҳукумат мулозимлари, маҳбуслар жамоалари ва нодавлат ташкилотлар ўртасида эришилган келишувга мувофиқ маҳкумларнинг яқинлари уларни истаган пайтда келиб, жазони ўташ жойларидаги шарт-шароитлар билан танишиш ва суҳбатлашиш имкониятига эга бўлишлари керак.

Ҳамда аввал қилинган шикоятлар ҳисобга олиниб, маҳбусларга яқинлари келтирадиган озиқ-овқатлар уч марта рўйхатга олинади. Шу орқали ўша озиқ-овқатлар маҳбусларга ўзларини аниқ етиб боришига эришилиши кўзда тутилган.

Маҳбуслар норозилик намойишлари бир ҳафта олдин бошланганди. Мазкур ҳодисалар билан боғлиқ тўқнашувларда бир маҳбус ҳаётдан кўз юмган, етти маҳбус ва беш нафар ички ишлар нозири жароҳатланган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари маҳбус ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида нобуд бўлганини айтишади.

Жазони ўташ идораси мулозимлари эса, мазкур ўлим ҳолини марҳумнинг аввалдан хаста бўлгани ва гиёҳванд моддалар қўллагани билан изоҳлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ