Озарбайжон Каспийда дунёнинг энг баланд биносини қуради

Image caption Бокуда ўтадиган "Овронигоҳ" кўриги учун махсус "Биллур Сарой" қурилмоқда

Озарбайжон Каспий денгизида сунъий орол яратиб, унда жаҳоннинг энг баланд биносини тикламоқчи.

Пойтахт Бокуга туташ денгизда 185 қаватли бино қад кўтаради. Ушбу лойиҳа ташаббускори бўлган номи ошкор этилмаган кўчмас мулк корчалони лойиҳа учун 2 миллиард долларга яқин маблағ сарфлаши айтилаётир.

Аммо ҳали келаси уч йил ичида Каспийда сунъий орол яратилади, ўшандан кейингина иморат пойдевори ташланади.

Мухбирларга кўра, бу бино нафақат нефтдан тушаётган бойликларни рамзлантиради, балки Озарбайжоннинг халқаро саҳнада неқадар ўзига ишончи ортиб бораётганини ҳам намойиш этади.

Озарилар тиклайдиган иморат ҳозир дунёдаги энг баланд бино саналмиш Дубайнинг "Бурж Халифа"сидан 27% баланд бўлади ва узунлиги бир километрдан ошиши кутилмоқда.

Лойиҳа воизининг Би-би-сига айтишича, мазкур иншоот ҳам худди "Овронигоҳ" қўшиқ танловида ғолиб бўлгани каби Озарбайжоннинг дунёда ном қозониши учун муҳимдир. Сўнгги "Овронигоҳ" ғолиби сифатида Боку шу май ойи Оврўпонинг энг оммабоп кўнгилочар қўшиқ кўригига мезбонлик қилади.

Сўнгги пайтлари Озарбайжондаги демократия ва инсон ҳуқуқларига оид афтодаҳол вазият кўплаб хорижий журналистлар нигоҳига тушмоқда. Таҳлилчиларга кўра, шу боис ҳам ҳукумат бошқа жабҳада яхши ном қозонишга қаттиқ тиришмоқда.

Дунёда ягона, аммо минтақада эмас

Оқиб келаётган нефт пуллари ортидан пойтахт Боку қиёфаси мисли кўрилмаган тарзда ўзгариб кетмоқда, улкан ойнабанд иншоотлар тикланмоқда, номдор дўконлар очилмоқда.

Бироқ собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларида ким ўзарга йирик лойиҳаларга қўл уриш фақат Озарбайжонга хос эмас.

Туркманистон жаҳондаги энг катта гиламга эгалиги билан мақтанади. Қозоғистон эса дунёнинг энг улкан ойнабанд ўтовини тиккан мамлакат бўлди.

Ҳатто минтақанинг энг қашшоқ мамлакати Тожикистон ҳам Марказий Осиёда энг йирик масжид қуришга киришган.

Шу қаторда, Тожикистон бу пойгада Озарбайжонни ортда қолдиришга ҳам интилди. Олдинроқ Озарбайжон дунёдаги энг баланд байроқни ўрнатган эди. Кейинроқ Тожикистон ҳам улардан ўтказиб, дунёнинг энг катта байроғини тикди.

Озариларнинг энг баланд байроғи эса оғирлик қилиб, уни кўтариб турган устун қулаб ҳам тушганди. Ҳозир эса кўплаб озарбайжонликлар, ишқилиб, энг баланд биномиз бошига ҳам шундай тақдир битмасин, деган умиддалар.