Жанаўзенда фавқулодда ҳолат тартиби ўз поёнига етди

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Қозоғистоннинг мустақил тарихида илк бор жорий этилган фавқулодда ҳолат тартиби бугун ўз поёнига етган

Президент Назарбоев 17 декабр куни мустақил Қозоғистон тарихида илк бор шаҳарда 20 кунлик фавқулодда ҳолат жорий қилганди ва 5 январ куни ушбу тартибни ҳеч қандай изоҳларсиз 31 январгача узайтирди.

Фавқулодда ҳолат шаҳарда аҳолининг эркин ҳаракатланишига айрим чекловлар қўйганди.

Жанаўзенда комендантлик соати жорий қилиниб, тунда кўчага чиққан одамлар тартиббузарликда айбланарди.

Шаҳарда бу вақт давомида журналистларнинг эркин ишлашига, мухолифат фаолларининг эркин ҳаракатланишига ҳамда одамларнинг тўпланишига тўсиқлар бўлди.

Жанаўзен кўчаларида полициянинг махсус кучлари қуролланган ҳолда навбатчилик қилди.

Жанаўзен ҳодисаларини ўрганиш учун тузилган мустақил комиссия фавқулодда ҳолат муносабати билан ўз изланишларини олиб бора олмади.

Мустақил комиссия вакиллари фавқулодда ҳолат тугаши билан Жанаўзенга отланишини ва қонли тўқнашувлардан жабр кўрганлар борасида очиқ ва тўлиқ маълумот беришни режалаган.

Комиссия вакиллари ва кузатувчилар шаҳарда ҳалок бўлганлар ҳамда жабр чекканлар расмийлар келтираётган рақамлардан кўп эканини тахмин қилишади.

Тарихча ўрнида

Бош пурокуратуранинг сўнгги маълумотларига кўра, Жанаўзенда бўлиб ўтган тўқнашувларда ўқ отар қуроллардан 64 киши жароҳат олган ва 14 киши ҳалок бўлган.

Яна икки киши бошқа ҳолатда вафот этган.

Оммавий тартибсизликлар вақтида шаҳардаги 100 дан ошиқ бино таланган ёки ёқиб юборилган.

Сал аввалроқ Бош прокурор Жанаўзен шаҳрида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланиб 6 кишига жиноий иш очилганини маълум қилганди.

Қозоғистон Бош прокурори Асхат Даулбаев ташкилотчиларнинг фақат фамилиясини айтган ва уларнинг ҳибсда эканлигини маълум қилган.

Бундан ташқари прокурор тартибсизликларнинг яна 23 фаол иштирокчиси ва талон-тарожда иштирок этган 11 кишининг ҳибсга олинганини билдирди.

Шунингдек, тартибсизликларни қурол билан бостиришда ваколатини суиистеъмол қилганликда айблаб, полициячиларнинг ҳам жавобгарликка тортилгани маълум.

Бош прокуратура полициянинг ҳаракатлари асосан қонун доирасида бўлганини, аммо айрим ҳолларда қон тўкилишига олиб келган ваколатни суиистеъмол қилиш ҳоллари ҳам бўлганини таъкидлаган.

Уч нафар полиция мансабдори ноҳақ қон тўкилишига бевосита айбдор дея сўроқ қилинмоқда.

Яна икки полиция амалдори устидан жиноий иш очилган.

Жанаўзен шаҳар Ички ишлар бошқармаси вақтинча сақлаш изолятори раҳбари Темиров тергов изоляторида Базарбай Кенжабаевни ноқонуний равишда ушлаб туришда ва унинг ўлимига сабаб бўлган ўз вақтида хастахонага ётқизмасликда айбланмоқда.

Жанаўзен шаҳринниг собиқ ва ҳозирги ҳокимлари ижтимоий-иқтисодий мақсадда ажратилган пулларни ўзлаштиришда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари, Владимир Козлов, Айжангул Амирова ва Серик Сапаргали каби мухолифатчилар Жанаўзенда ижтимоий адоват қўзғашда айбланиб, ҳибсга олинишди.

“Взгляд” мухолифат газетаси бош муҳаррири Игор Винявский конституцион тузумни ағдаришда айбланиб, ҳибсда ушлаб турилибди.

Бу мавзуда батафсилроқ