Қирғизистон президентидан Азимжон Асқаровни озод этиш сўралди

Азимжон Асқаров
Image caption Кузатувчиларга кўра, Азимжон Асқаров қамоққа олингач, давомли қийноқларга тутилган.

АҚШ, Оврўпо ва собиқ Совет республикаларидан бўлган 50 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва нодавлат ташкилотлари Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга мактуб йўллаб, таниқли ҳуқуқбон Азимжон Асқаровни инсонийлик тамойилларига асосланиб озод этишни сўраганлар.

Азимжон Асқаров Қирғизистон жанубида 2010 йил ёзида юз берган миллий низоларга алоқадорликда айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Яқинда АҚШлик шифокор жаноб Асқаровни тиббий кўрикдан ўтказиб, ҳуқуқбон зудлик билан даволаниши керак деган хулосага келган.

Шифокор Сондра Кросби хулосасига кўра, Асқаров 2010 йил 15 июнда қамоққа олингач, узоқ пайт калтакланган ва ҳозирга келиб ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган сурункали касаллик аломатлари кузатилмоқда.

"Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар" ташкилотининг маслаҳатчиси доктор Кросби қийноқларни аниқлаш бўйича дунёнинг энг кўзга кўринган мутахассисларидан бири ҳисобланади.

Шифокорга кўра, Азимжон Асқаровнинг кўриш қобилияти ёмонлашиб бормоқда, мияси чайқалган ва умуртқаси жароҳат олган.

Икки ой муқаддам Қирғизистон Олий маҳкамаси ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ва яна етти маҳкум устидан аввалги маҳкамалар чиқарган ҳукмларни ўз кучида қолдирган эди.

Азимжон Асқаров Қирғизистон жанубидаги этник низолар чоғида бир милиция ходимини ўлдириш ва миллий нафрат уйғотишда айбдор деб топилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Ҳуқуқбоннинг ўзи бу ҳодисаларни далил сифатида фақатгина суратга туширишга ҳаракат қилгани ва айбсиз эканини таъкидлаб келади.

Қатор халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров устидан чиқарилган ҳукмни "адолатсиз", дея баҳолаганлар.

Миллати ўзбек бўлган Азимжон Асқаровга чиқарилган ҳукм ҳукумат зўравонликларни келтириб чиқаришда фақат ўзбеклар жавобгарликка тортаётгани борасидаги янги қўрқувларга сабаб бўлган.

Халқаро Амнести гуруҳига кўра, Асқаров ҳибсга олинишидан олдин милициянинг зўравонликларга бош қўшгани хусусида далиллар тўплаётган бўлган.

Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнести ва Фридом Ҳоуз ташкилотлари чиқарган баёнотларга кўра, Азимжон Асқаров ҳамда у билан бирга маҳкамага тортилган етти киши қамоқхонада қийноқларга солинган.

Фридом Ҳоузнинг айтишича, Асқаров уч кун ҳеч қандай айбловларсиз ноқонуний ҳибсда сақланган ва унинг уйида расмий рухсатсиз тинтув ўтказилган.

Қирғизистон жанубида ўтган июн ойида қирғиз ва ўзбек жамоалари ўртасида юз берган зўравонликларда аксари ўзбеклардан иборат юзлаб инсон нобуд бўлди ва 400 минг киши бошпанасиз қолди.

Бу мавзуда батафсилроқ