Қозоғистон ҳайвонот боғида қиттак-қиттак шаробхўрлик...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valeriy Kaliev

Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳри ҳайвонот боғи маймунларни совуқдан асраш учун уларга қиттак-қиттак шароб таклиф этмоқда.

Ҳайвонот боғи масъуллари совуқ кунларда маймунларни шамоллашлардан сақлаш учун вино қўшилган ичимлик яхши фойда беришини айтишмоқда.

Маймунларни ҳавонинг кескин ўзгаришидан сақлаш мақсадида, ушбу амалларини ёз кунларида ҳам қўллашлари маълум бўлди.

Иқлими кескин бўлган Қарағандада шу кунларда ҳаво ҳарорати 30-40 даража совуқ бўлиб турибди.

Шаҳардаги ҳайвонот боғи, шу сабабдан ҳам, ҳайвонларни совуқдан асраш учун ўзига хос чораларни кўрган.

Ҳайвонот боғидаги 12 та маймунга ҳафтада бир марта вино қўшиб тайёрланган махсус ичимлик берилиб, улар турли шамоллашлар ва совуқдан эҳтиёт қилинмоқда.

Ҳайвонот боғи директори ўринбосари Светлана Пилюк маймунларнинг алкогол ичишида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқлигини айтади.

"Худди одамлардек"

“Улар одамларга жуда ҳам ўхшашади. Шунинг учун ҳам, инсонларга хос бўлган жиҳатлар ва таомлар маймунлар учун мос келади. Гоҳида дарахтлардан мевалар тушади ва унинг устига ёмғир ёғиши натижасида ачий бошлайди. Натижада май ҳосил бўлади. Маймун ва филлар ушбу бижғиган майни ичишни яхши кўришади”, - дейди Светлана Плюк.

Мутахассиснинг илова қилишича, ташқарида ҳаво кескин совуқ бўлган кунлари ҳар бир маймун ўткир шамоллаш касалликларидан сақланиш мақсадида бир ҳафта давомида 50 грамм вино ичаркан.

“Ёз мавсумида, маймунларни очиқ жойга кўчираётганимизда, айниқса, май ойида ҳам худди шундай қиламиз. Қарағандада кескин континентал иқлим ҳукм суради. 25 даражали иссиқдан сўнг, ҳарорат -2 даражага тушиб кетиши мумкин. Мана шундай вақтларда берамиз. Ҳеч қачон ҳомиладор ва кичкинтой маймунларга берилмайди”, - дейди Светлана Плюк.

Хос коктейль

Винога қайнатилган сув қўшилади ҳамда лимон, апельсин, олма солиб маймунларга тортиқ қилинади.

Масъулларнинг айтишларича, маймунлар бу тариқа тайёрланган мевали ва спиртли коктейлни мазза қилиб истеъмол қилишаркан.

Маймунлар ҳайвонот боғининг ичкарисида сақланади ва у ерда ҳаво ҳарорати 27 даража иссиқ.

Очиқ ҳавода эса, йўлбарс, қуш ва туёқли жониворлар сақланади.

“Ҳаво ҳарорати - 37 даража бўлган пайтда йиртқичларнинг гўштини 50 фоизга кўпайтирдик. Ўтхўрларнинг хашагини оширдик. Тўйинтирувчи моддаларга бой емларни бердик”, - дейди Қарағанда ҳайвонот боғи директори ўринбосари Светлана Плюк.

1930-йилларнинг ўрталарида ташкил топган ушбу ҳайвонот боғида бир вақтлар гапирувчи фил ҳам бўлганини билиб олдик.

Олма отадаги ҳайвонот боғида туғилган Ботир исмли бу фил гапиришда айрим тўтилардан ҳам ўтиб тушгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ