Қозоғистонда янги намойишларнинг олди олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қозоғистонлик масъуллар бу гал зудлик билан норози ишчиларнинг талабларига қулоқ тутишган...

Қозоғистон ҳукумати Жанаўзендагисидан фарқли тарзда, Атирау шаҳрида иш ташлаган ишчиларнинг ойлик маошларини зудлик билан чорак фоизга оширишга рози бўлиб, вазиятни тинчитишга муваффақ бўлган.

Хабарларга кўра, Сенимди курылыс ширкатининг уч юзга яқин ходими иш ҳақларининг 100 фоизга оширилиши талаби билан 25 январ куни иш ташлашган.

Ушбу ширкатнинг мижозлари орасида Американинг Chevroil ширкати ҳаммезбонлик қилувчи Tengizchevroil компаниясининг ҳам борлиги айтилади.

Маҳаллий масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, маошларининг юз фоизга оширилишини талаб қилган ишчилар ҳукуматнинг 25 фоизлик таклифини қабул қилиб, янги меҳнат шартномаларини ҳам аллақачон имзолашган.

Сўнгги ҳодиса британ нашрларининг эътиборидан ҳам четда қолмаган.

The Telegraph нашрининг ёзишича, бу борада Сенимди курылыс ширкатининг ўзидан расман изоҳ олишга имконли бўлмаган.

Атирау жанубидан 700 чақиримча узоқликда жойлашган Жанаўзендаги нефтчиларнинг норозилик чиқишлари олти ойча давом этган эди.

Аммо "Ўзенмунайгаз" ширкати улар билан бир неча ҳафта музокаралар олиб борган эса-да, мингга яқин ишчининг маошларини оширишга рози бўлмаганди.

Музокаралар иш бермагач, ширкат норози нефтчиларни ишдан бўшатишга киришган ва уларнинг намойишларига ортиқ эътибор бермай қўйганди.

Тўқнашувлар

Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги санаси, яъни 16 декабрда эса, намойишлар чоғида зўравонликлар келиб чиққан ва полиция ходимларининг ўт очиши натижасида камида 16 киши қурбон бўлганди.

Жанаўзенда юз берган ушбу ҳодисалар Қозоғистоннинг халқаро миқёсдаги обрўсига путур етказган ва президент Нурсултон Назарбоев маҳаллий мулозимларни бу каби ҳолларга қайтиб йўл қўймаслик билан огоҳлантирганди.

Қозоғистон раҳбари маҳаллий мулозимларни норози ишчиларнинг талабларига қулоқ тутмасликда танқид қилганди.

Жанаўзендаги ҳодисалар юзасидан эълон қилинган ҳисоботда эса, зўравонликларда минтақада янги иш ўринлари яратишга мўлжалланган маблағларни еб юборган порахўр мулозимларнинг ҳам айблари борлиги айтилганди.

Ўтган йил охирларида Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳрида иккита портлаш ҳодисаси юз берган, расмийлар бу портлашлардан бири худкуш ҳужумчининг иши эканини айтишганди.

Қозоғистон расмийлари Атираудаги портлашларда шу пайтгача номи танилмаган "Жунд ал-Хилафа" гуруҳини айблашганди.

Ушбу портлашга алоқадор шахслар қўлга олингани ва ҳукумат органларига Интернет орқали таҳдид қилган "Жунд ал-Хилафа" гуруҳи аъзолари қозоғистонликлар экани маълум қилинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ