'Июн қирғини юзасидан муваққат ҳукумат жавобгарликка тортилмайди'

Қирғизистон Бош прокуратурасига кўра, 2010 йил Қирғизистон жанубида юз берган ва аксарияти этник ўзбеклардан иборат юзлаб кишиларннг умрига зомин бўлган қонли миллий низолар юзасидан собиқ муваққат ҳукумат аъзоларини жавобгарликка тортиш нияти йўқ.

Қирғизистон ва Россия оммавий-ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, бу ҳақда мамлакат Бош прокурори Аид Салянов кеча парламентда қилган чиқиши чоғида баён қилган.

Аид Салянов, ўз ўрнида, айрим муваққат ҳукумат аъзолари ва баъзи бир маҳаллий мулозимлар "июн воқеаларининг олдини олиш учун қўлларидан келган барча ишни қилишмагани"ни ҳам эътироф этган.

Қирғизистон Бош прокурори уларнинг сирасида муваққат ҳукуматнинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Исмоил Исаков, миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев ва ички ишлар вазири Қубатбек Байболовларни тилга олиб ўтган.

Исмоил Исаков июн воқеалари юз берган вақтда муваққат ҳукуматнинг Қирғизистон жанубидаги махсус вакили ҳам бўлган.

Аммо Қирғизистон Бош прокурорининг баён қилишича, муваққат ҳукуматнинг хатти-ҳаракатларида "жиноят таркиби" йўқ.

Бундан аввал миллий низолар юзасидан олиб борилган қатор маҳаллий ва халқаро текширув хулосаларида эса, юз берган ҳодисада юқори мартабали амалдорлар ва куч тизимлари вакилларининг жавобгарлиги хусусида сўз борганди.

Ҳисоботлар

Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июн ойида рўй берган ҳодисаларга алоқадор факт ва шарт-шароитларни текшириш ваколатига эга бўлган халқаро мустақил тергов ҳайъати ўз текширувлари жараёнида турли сиёсатчилар ва ташкилотларнинг юз берган воқеаларга қанчалик масъул эканликларини ҳам ўрганганди.

Халқаро ҳайъат ўтган йил май ойида эълон қилган ҳисоботида июн ҳодисаларидан икки ой бурун қудратга келган муваққат ҳукумат Қирғизистон жанубида миллатлараро муносабатлар издан чиқиб бораётганини англаб етмаган ёки вазиятга етарлича баҳо беролмаганини таъкидлаганди.

"Президент Ўтинбоеванинг даъво қилишича, зўравонликлар яшин тезлигида юз берганидан, уни жиловлашнинг уддасидан чиқишолмаган. Бу каби изоҳи ҳукуматни ўз фуқароларини ҳимоя этишдек энг асосий вазифасидан соқит этолмайди", дейилганди ҳайъат ҳисоботида.

Халқаро мустақил тергов ҳайъатининг хулоса қилишича, июн ойидаги зўравонликларни мантиқан олдиндан башорат қилиш ва агар муваққат ҳукумат эҳтиёт чорасини ишлаб чиққанида, уни жиловлаши мумкин бўлган.

Ҳайъат муваққат ҳукумат бу каби ғалаёнларга бас кела олиши учун, айниқса, хавфсизлик кучларини рисоладагидек тайёргарликдан ўтказиш ва лозим жиҳозлар билан таъминлашга масъул бўлганини ҳам эслатганди.

Июн ҳодисаларига доир барча ҳисоботларга қаралса ҳам, зўравонликлар сабаб, яна юз минглаб кишилар ўз турар-жойларини тарк этишга мажбур бўлишган, асосан ўзбекларнинг ҳовлилари ва уларга тегишли тижоратлар вайрон этилган.

Қирғизистон ҳукумати июн воқеаларига масъулиятни Ўзбек жамоаси лидерлари, ўтган йил апрел ойида қудратдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиев тарафдорлари ва халқаро террорчилар зиммасига юклаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ