Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Нурланган кўмирларнинг Ўзбекистонга ўтиш хавфи борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Қирғизистонда радиоактив кўмирдан муайян қисмининг аллақачон ишлатиб бўлингани ҳам айтилмоқда

Қирғизистонда қўшни Қозоғистондан сотиб олинган бир неча минг тонна радиоактив кўмир атрофида баҳсу мунозаралар қизигандан қизиркан, Ўзбекистон томони бу каби нурланган кўмирларнинг ўзларига ўтиб қолиш хавфи деярли йўқлигини айтмоқда.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Анвар Ҳусаиновга кўра, катта миқдордаги захираларига эга бўлгани боис, мамлакатнинг қўшни давлатлардан кўмир сотиб олишга эҳтиёжи йўқ.

Қирғизистонда эса, етти ҳукумат мулозими катта миқдордаги радиоактив кўмирни мамлакатга келтиришга изн бериш, мактаблар, болалар ва қариялар уйларига тарқатиш айбларига юз тутишмоқда.

Қирғизистоннинг давлатга қарашли энергия ширкати сотиб олган 9.000 тоннага яқин кўмирнинг қандай қилиб нурланиб қолгани сабаби маълум эмас.

Маҳаллий олимлар кўмирдан чиқаётган радиация миқдори инсонлар учун ҳалокатли миқдорда эмаслиги ва ундан фойдаланган инсонларда бирор бир хасталик аломатлари кўзга чалинмаганини айтишмоқда.

Лекин, шунга қарамай, ушбу ҳодиса Қирғизистон сиёсий доираларида қизғин мунозараларга сабаб бўлаётир.

Мухолиф сиёсатчилар бунга ким масъул экани масаласида бир-бирларини айблашга тушиб кетишган.

Хабарларга кўра, икки давлат энергия ширкатлари орасидаги музокаралар ортидан, Қозоғистон Қирғизистонга сотган кўмирини қайтариб олишга рози бўлган.

Сўнгги йилларда минтақанинг аксарият давлатларидаги газ тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар аҳоли катта қисмининг қиш мавсумида кўмирдан фойдаланишга ўтишларига сабаб бўлган.

Чегараоша савдо

Ўзбекистонлик таҳлилчи Анвар Ҳусаинов тужжорлар томонидан қўшни Қозоғистон ёки Қирғизистондан радиоактив кўмирларнинг ноқонуний йўллар билан Ўзбекистонга олиб ўтилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этади.

Таҳлилчи халқаро наркотрафикка қарши кураш дастури доирасида Ўзбекистон ўзига қўшни барча минтақа давлатлари билан чегараларини мустаҳкамлаб олгани, кўп жойлари миналаштирилгани, Қозоғистон, Россия ва Беларуснинг иқтисодий иттифоққа кириши сабаб, чегаралар назорати янада кучаяётгани бундай хулоса чиқаришга асос беришини таъкидлайди.

Анвар Ҳусаинов мавжуд илмий маълумотларга таяниб, дейлик, яқинида уран конлари жойлашганига қарамай, Ўзбекистондаги энг йирик Ангрен кўмир кони соғлом кўмир конларидан бири ҳисобланишини таъкидлайди.

У Тошкент вилояти пойтахтга яқин бўлгани учун ҳам, экологлар томонидан бу масалага жуда катта эътибор берилади, дейди.

Таҳлилчига кўра, шу пайтгача Ўзбекистонда кўмир конларининг нурланишига оид бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаган.

Аммо Анвар Ҳусаинов Қирғизистонда юз берган ҳодиса ташвишли бир сигнал эканини ҳам таъкидлайди.

Таҳлилчи кўп жойларда кимёвий дориларнинг катта-катта "мозор"лари қолиб кетгани, қирғиз ҳукумати халқаро ташкилотларнинг кўмагисиз, ядровий чиқиндихоналар хавфсизлигини таъминлашга қодир эмаслигини назарда тутиб, ушбу масалада жудаям катта хавф борлигини рад этмайди.

Муқобил ёқилғи

Анвар Ҳусаинов Ўзбекистоннинг бугунги ва узоқ келажакдаги умидлари улкан тошкўмир конларини ишга тушириш, улардан унумли фойдаланиш билан боғлиқ эканини айтади.

Маҳаллий ва халқаро экспертлар эса, шундоқ ҳам нефт захиралари кўп булмаган Ўзбекистонда яқин йиллар ичида борининг ҳам аста-секинлик билан камайиб бориши муаммосига эътибор қаратишади.

Ўзбекистонлик таҳлилчи мавжуд вазиятни назарда тутиб, кўмирдан фойдаланишни кучайтириш лозим, деган фикрда.

"Аҳолини ўз вақтида етарли миқдорда арзон кўмир билан таъминлаб, кўмир асосида ишлайдиган печкаларни ишга тушириб, одамларга кўмирдан фойдаланишнинг хавфсизлик қоидаларини ўргатиб, кўмирдан сунъий бензин ишлаб чиқариш даражасига чиқиш керак", дейди у.

Кузатувчилар газини асосан четга сотаётган Ўзбекистон аҳолиси бу йил қаҳратон совуқ ва зулмат ичида қолганини айтишади.

Яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтган Британия Армияси собиқ зобити маҳаллий нашрлардан бирига, "Газ тақчиллиги одамларни жонидан тўйдиргани, электр энергиясининг етишмаслиги, бензинга навбатга туришлардан безор бўлганликлари"ни ҳикоя қилиб берган.

Айнан қаҳратон қишда газ ва ёқилғи маҳсулотлари тақчиллиги Ўзбекистонда одамларнинг, ҳатто, мевали дарахтларини ҳам кесиб, ўтин қилиб ёқишларига сабаб бўлаётганига оид хабарлар ҳам оз эмас.