Тожикистон: Муҳожирлар янги миллий ҳаракат тузишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Янги миллий ҳаракат 2013 йил президент сайлови ўтказишга чақирмоқда

Муҳожиротдаги бир қатор тожикистонликлар махсус веб саҳифа орқали янги Тожикистон Миллий Ҳаракати ташкилотига асос солганликларини эълон қилишган.

Ҳали раҳбарияти тўла очиқланмаган бу ташкилот 2013 йилда Тожикистонда президент сайловини ўтказиш ва президентлик муддатини жорий етти йилдан тўрт йилга қадар озайтириш учун курашишини маълум этмоқда.

Шунингдек, вилоят ва туман ҳокимлари бевосита сайлов йўли билан тайинланишлари лозим.

Веб саҳифада айтилишича, “ Тожикистоннинг янги раҳбарияти 21 – асрга муносиб бўлмоғи керак.”

Тожикистон Миллий Ҳаракати келаси уч ой ичида ўз раҳбарияти таркибини очиқлашини айтмоқда.

Янги ҳаракат низомида Тожикистоннинг ташқи сиёсатига доир қарашлар ҳам акс этган.

Тожикистон АҚШ, Оврўпо Иттифоқи, Япония, Эрон ва Афғонистон билан алоқаларини мустаҳкамлаши лозим, дейилади ҳаракатнинг веб саҳифасида.

"Чиллаки чиллакини кўриб..."

Ғарблик шарҳловчилар эса Тожикистонни тобора қўшни Ўзбекистондан ўрнак олиб бораётганини айтишади.

Мухолифатга фаолият эркинлигини чегаралаш, матбуот озодлигини бўғиш ва инсон ҳуқуқларини поймол қилиш бўйича Тожикистондаги вазият ён қўшнисиники каби абгор бўлмаса ҳам “ранглар уйғунлашиб” бормоқда, дейди мустақил нашрларнинг журналистларидан бири.

“Янги ташкилотнинг талабларида ҳеч бир янгилик йўқ. Мамлакатдаги мавжуд мухолифат гуруҳлари буларни анчадан бери талаб қилиб келмоқда. Аммо ҳукумат ва куч тизимларининг мухолифат ва мустақил фикрлиларга муносабати кескинлашмоқда”, дейди журналист.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўлинмаси раҳбари Тожикистондаги сўз эркинлиги ва журналистларга тазйиқлардан хавотир билдирган эди.

Мамлакатдаги қамоқхоналарда маҳбусларнинг қийноққа солиш ҳоллари ҳақида тез-тез хабарлар пайдо бўлмоқда.

Ўтган йил Тожикистондаги маҳаллий ва бошқа халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотлари масъулларни асосий эътиборларини қийноқларга чек қўйиш ва қийноқ жабрдийдалари учун адолатни қарор топтиришга қаратишга ундаган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ