ОХҲТ Туркманистон президент сайловига кузатувчиларини юбормайди

Image caption ОХҲТ Туркманистонга кузатувчилар гуруҳини юборишдан бош тортди

Туркманистонда Якшанба кунига мўлжалланган президент сайловига Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ўз кузатувчиларини жўнатмайди.

Ташкилот Туркманистондаги сайловни шарҳлашдан ҳам бош тортган.

Аксарият кузатувчилар бу сайлов мамлакатдаги мавжуд авторитар тузумни ислоҳ қилиши ва ё демократик ислоҳотлар ўтиши эҳтимолини рад этишади.

Шахсга сиғиниш бобида собиқ Шўро ҳудудида ўзига хос рекорд ўрнатган Туркманбоши Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин 2007 йили қудратга келган Гурбангули Бердимуҳаммедов расман яна етти номзод билан президентлик курсиси учун курашиши керак бўлади.

Аммо бу номзодларнинг ҳеч бири Бердимуҳаммедов жаноблари билан беллаша оладиган мухолифат ва ё ҳақиқатдан мустақил номзодлар эмас.

Президентлик сайловида иштирок этадиган етти номзоднинг бари Бердимуҳаммедов учун овоз беришларини айтишган. Изоҳга ҳожат йўқ.

Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар билан боғлиқ вазият минтақадаги энг абгорларидан саналади.

Аммо Туркманистон нафақат ўз қўшнилари, балки Ғарб давлатларини ҳам табиий заҳиралари билан “ром” этиб келмоқда.

“Қирол ўлди - яшасин Қирол!..”

Image caption Шахсга сиғиниш... давом этмоқдами?

Халқаро журналистлар учун деярли ёпиқ бўлган бу мамлакатда аслида нималар кечаётгани ҳақида аниқ маълумот ва хабарлар оз.

Бу ҳолат Туркманистон мустақил бўлганидан бери ўзгаргани йўқ.

Давлат оммавий ахборот воситалари эса ўтмишда бўлгани каби бугун фақат бир шахс атрофида гирдипалак.

“ Азиз Президент, албатта сайловда бошқа номзодлар қатнашади...аммо бизнинг ўз президентимиз бор! Бизнинг президентдимиз қуёшдан меҳр ёғдиради, бошқа президент бизга нима керак?” – дейди туркманистонликлардан бири давлат телевизиони лавҳасида.

Туркманистонлик муҳожир журналист Ак Велсапарга кўра, 2007 йилда мухолифатда ва халқда нисбатан умид бор эди.

“Бугун Бердимуҳаммадов Туркманистонда ислоҳотлар ўтказишига ҳеч кимда умид йўқ. Шахсга сиғинишга келсак... у бу йўлда Туркманбошини ортда қолдирадиган қадамларни ташлаб улгурди”, дейди Ак Велсапар.

“Сиздан угина, биздан бугина”ми?

Image caption Инсон ҳуқуқлари муҳимми ва ё газ?

Атиги беш миллиондан сал ортиқроқ аҳолиси бўлган бу мамлакат аслида минтақанинг энг бой давлатига айланиш имкониятига эга, дейди туркманистонлик журналист.

Ғарб давлатлари эса Туркманистонда демократик ислоҳотлар ўтказилиш талабини жиддий ва қатъий шаклда ўртага отаётгани йўқ.

Бунинг асосий сабаби Туркманистоннинг йирик газ заҳиралари билан боғлиқ, дейди кузатувчилар.

“Туркманистон президент сайловига саккиз номзод иштирок этаётгани Ғарб давлатлари кўзи учун қилинмоқда”, дейди Уруш ва Тинчлик масалаларини ёритиш институтидан Жон Маклауд.

Унинг айтишича, Ғарбдагилар ҳам бу сайлов ғирт масхарабозлик дейишдан кўра, “демократик ислоҳотлар ўтказиш керак, сайлов эркин бўлиши лозим ва бу йўлда баъзи қадамлар қўйилмоқда” қабилида чиқиш қилиб “қутилиб” қўя қолишади.

Туркманистон газининг асосий харидорлари саналган Россия ва Хитой эса президентлик сайлови ва ё бу жараёнга доир вазиятни мутлақо танқид қилмайди.

Туркманистон раҳбарлари, хусусан Якшанба куни кечадиган сайловда мутлақ ғалабага эришиши кутилаётган Бердимуҳаммадов жаноблари учун эса бу - айни муддао.

Бу мавзуда батафсилроқ