Тожикистон: қаҳратон қиш ташвишлари

tajik_cold_winter
Image caption Қишлоқларда одамларнинг ўтин ё кўмирдан исланиб заҳарланиш ҳодисалари кўпайган

Тожикистондаги аксарият оилаларда шу кунлардаги суҳбат мавзуи деярли бир хил: «Совуқ қачон тугаркин? Инсофсизлар кўмирнинг нархини яна оширишибди.Топган пулимизга кўмир олайликми, қорин тўйдирайликми…»

Оммавий матбуот воситаларида эса, этни жимирлатадиган, юракка қўрқув соладиган хабарлар пайдо бўлади: « Сўғд вилоятида ёш оила исдан заҳарланган. Сўғд вилояти ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, Ашт туманидаги Дўсти қишлоғида яшайдиган 24 ёшли эр-хотин эрта тонгда беморхонага оғир аҳволда олиб борилган. Лекин шифокорлар келинчакнинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган…»

Жорий қишнинг фақатгина бир ҳафталик маълумотларига назар ташланадиган бўлса, Аштдаги фожиадан ташқари, Шимолий Тожикистоннинг яна тўртта қишлоғида ўтин ё кўмирдан исланиб заҳарланиш ҳодисалари кузатилган.

Конибодомнинг Пўлатон қишлоғида 20 ёшли қиз, Исфаранинг Навгилем қишлоғида айни шу ёшдаги яна бир қиз, Исфаранинг бошқа бир қишлоғи-Чилгазида 23 ёшли аёл, Бобожон Ғафуров туманида эса, 3 ёшли бола исланиш натижасида вафот этган.

Қиш совуғидан жон асраш учун бинони иситишга уринаётган одамлар фақат исланиб эмас, бошқа сабаблар натижасида ҳам дунёдан эрта кўз юмишмоқда.

Душанбе шаҳридаги маъмурий бинолардан бирида келиб чиққан ёнғин натижасида икки инсон жон таслим қилган. Ўт ўчириш хизматидан маълум этишларича, ёнғин чиқишига қоровулнинг қўлбола иситгичдан фойдаланиши сабаб бўлган.

«Одатдагидан совуқ келган жорий қиш давомида, афсуски, кўнгилсиз ҳодисалар юз беряпти. Лекин айнан жорий қишда исдан заҳарланиб, совуқда музлаб ё шамоллаб жабрланган одамлар тўғрисида умумий расмий маълумотлар олишнинг иложи йўқ», дейди маҳаллий кузатувчи Наим Бобоев.

«Қишлоқдагилар иложини топишади, илоҳо бизда чироқ ўчмасин!»

Тожикистон ҳукумати қарорига кўра бу йил пойтахт Душанбеда, вилоят марказлари ва бир қатор саноат шаҳарларини кеча-кундуз электр қуввати билан таъминлаш кўзда тутилган. Лекин қишнинг биринчи ойи ўтмасданоқ, Қайроқкум, Чкалов каби шаҳарларда аҳолини электр қуввати билан таъминлаш муддати қисқартирилган.

Image caption Қишлоқдагилар иложини топишади...

«Хайрият, бизда электрни бериб туришибди. Қишлоқдагиларга бир кунда бор-йўғи беш соат-олти соатдан электр беришларини эшитиб, уларга ачинамиз. Лекин бари-бир қишлоқдагилар иложини топишади, сандал, печка дегандай… Илоҳо бизда чироқ ўчмасин. Тўққизинчи қаватга печка қуришнинг ўзи бўладими…», дейди Хўжанднинг 12-маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшайдиган Мавжуда исмли аёл.

У пича ўйланиб бундан тўрт йил олдинги қишни эслайди. Ўшанда хонтахта устига кўрпа ёпиб, «сандал» ясаб олишгани, кўмирни йўлакда ёндириб, лахча чўғида исиниб жон сақлашганини ҳикоя қилади.

«У йили бир-икки соат электр беришарди-да. Агар табиий газ бўлганида, ё олдингидай иситиш тизимлари ишлаганда кунимиз электр иситгичларга қолмаган бўларди», дейди Мавжуда.

Хўжанддаги каби Чкалов, Қайроққум, Табошар шаҳарларида ҳам марказий иситиш тизимларининг охирги марта қайси йилда ишлаганини эслайдиган одамлар тобора оз қоляпти.

Мавжуда эслаган 2007 йилнинг қаттиқ қишида Чкалов шаҳрида кўпчилик ёлғиз яшайдиган қариялар совуқ уйда қаттиқ шамоллаб, айримлари дунёдан ўтган пайтда махаллий ҳукумат қари чол-кампирларни меҳмонхоналардан бирига жойлаштирган эди. Бу йилги қаттиқ қишда ҳам Чкаловда ана шу тажриба эсга олинди. Ёлғиз яшайдиган қариялар рўйхатга олиниб, уларга қишни меҳмонхонада ўтказиш таклиф этилди. Лекин бу таклифга фақатгина беш нафар кампир рози бўлди. Ҳозир улар Чкаловдаги «Хўжанд» меҳмонхонасида яшашяпти. Кампирлар турган уйлар электр иситгичлар билан иситилмоқда. Кекса аёлларга уч маҳал овқат берилмоқда. Озиқ-овқат маҳаллий тужжорлар томонидан хайрия тарзида берилмоқда.

«Бешта кампирни боқишаётган бўлса, яхши. Лекин қолган минг-минглаб одамларчи? Ҳеч замонда кўмирнинг бир тоннаси 250 долларга чиққанмиди? Одамлар илгаригидай тонналаб эмас, бир қоп-бир қоп кўмир олишади. Бунинг устига озиқ-овқат нархи ҳам ошиб кетган. Қуруқ чой-нон билан кун ўтказадиган оилаларнинг саноғи йўқ. Ҳайрият, кўпчиликнинг ўғил-қизи Россиядан пул юбориб турибди. Йўқса одамларнинг ҳоли нима кечарди, бир Худога маълум», дейди кузатувчи Наим Бобоев.

«Ўзингда йўк, қўшнингда йўқ, оламда йўқ»

Тожикистон ўзини электр қуввати билан тўла таъминлаш чора-тадбирларини кўраётир. «Сангтўда-1» ГЭСи ишга туширилди. Навбатдаги «Сангтўда-2» ГЭСининг тўла қувватда ишлаш муддати яқинлашмоқда. Лекин ҳозирча мамлакатнинг ўзида ишлаб чикарилаётган электр энергияси аҳоли ва саноатни тўлиқ таъминлаш учун етарли эмас.

Тожикистоннинг ўз табиий гази эса, мамлакат жанубининг бир қисмига етади, холос. Мамлакатнинг қолган асосий қисми, айниқса Шимолий Тожикистон қўшни Ўзбекистон газига қараб қолган. Ўзбекистон эса газ нархини ҳар йили оширмоқда.

Тожикистон ўз ҳудудида аниқланган газ манбаларини ишга тушириш чораларини тезлаштиришга киришган. Ўтган ҳафта Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов Россиянинг «Газпром» ширкати раҳбарлари билан учрашиб, ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишни тезлатишни муҳокама этишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption "Ҳайрият, кўпчиликнинг ўғил-қизи Россиядан пул юбориб турибди. Йўқса одамларнинг ҳоли нима кечарди, бир Худога маълум»

Жумладан, жаноб Оқилов россиялик шерикларга «Сариқамиш» нефт-газ манбаидаги ишларни тугатишни тезлаштириш ва «Ғарбий Шоҳамбари» нефт-газ ҳавзасидаги геологик-қидирув ишларини бошлашни таклиф этган.

Дастлабки баҳоларга кўра, биргина Сариқамишда 20 миллиард куб метр газ ва 17 миллион тонна нефт мавжуд.

Лекин тожикистонлик мутахассисларга кўра, ҳали табиий газ конлари ишга туширилгунча мамлакатдаги иккинчи ёқилғи бойлигидан фойдаланишни яхшилаш зарур.

« Кўмир қазишни кўпайтириш мамлакатнинг газ ва нефт маҳсулотлари сотиб олишини камайтириши мумкин», деб айтган Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги кўмир ва муқобил энергия турлари бошқармаси бошлиғи Баҳриддин Абдураҳимов «Азия плюс» агентлиги билан суҳбатда.

Унинг айтишича, ҳозирда Тожикистонда 36 та кўмир манбаи аниқланган.

Кейинги йилларда Тожикистондаги ғишт, шиша тайёрлаш, темир эритиш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати четдан сотиб олинадиган қиммат табиий газ ўрнига тобора кўпроқ кўмирдан фойдаланишга ўтмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда мамлакатда кўмир қазиш бундан ўн йил олдинга қиёслаганда 11 ярим баравар ортган.

Яқин йилларда маҳаллий кўмир билан ишлайдиган иссиқлик электр стансияларини қуриш мўлжалланган.

«Электр ёқяпсанми, қарзингни тўлагинда…»

«Барқи тожик» энергохолдинги эълон қилган маълумотларга кўра мамлакатда электр қувватидан фойдаланувчилар вақтида ҳақ тўламасдан, катта карздор бўлиб қолишмоқда.

Маълумотларда келтирилишича, Кўлобда ишлатилган электр қувватининг фақат учдан бирига ҳақ тўланган. Бу кўрсаткич Хўжандда 60 фоизга, Қўрғонтепа ва Душанбеда 70 фоизга яқин.

Электр тармоқларида ишлаётганлар «Электр ёқяпсанми, қарзингни тўлагинда», дейишдан чарчашмаётир. Айни бир пайтда аҳоли электр пулини вақтида тўлаётганини, кўпроқ муассаса ва ташкилотлар тўлашмаётгинини таъкидлайди.

Электр тармоғи мутахассислари эса электр қувватидан ўғринча фойдаланиш ҳоллари оз эмаслигини урғулаб келишади. Кейинги пайтларда хонадонлардаги электр ҳисоблагичлар билан қаноатланмасдан, бевосита трансформаторларнинг ўзига ҳисоблагичлар ўрнатила бошланди.

Трансформатор ва ундан электр қуввати оладиган уйлардаги ҳисоблагичлар кўрсаткичи солиштирилмоқда. «Биз тўғридан-тўғри симёғочдан сим тортиб туширганимиз кўрга ҳассадек кўриниб турибди. Ҳисоблагичдаги кўрсаткичга қараб вақтида пулини тўлаймиз. Лекин трансформатор кўп ишлабди, ўртадаги фарқни ҳаммага бўлдик. Йигирма сомонийдан тушди, сиз ҳам тўлашингиз шарт, деб қўйишмаяпти», дейди Бобожон Ғафуров тумани қишлоқларидан бирида яшайдиган 65 ёшли собиқ ўқитувчи Хайри Бобожонова.

Хайри опанинг қўшниси беш боланинг онаси Ҳалима эса бошқа нарсадан нолийди: « Кўмирга пул йўқ, қаттиқ ўтиннинг таги кўриниб қолди. Бу қиш деганлари қачон тугаркин!»

Лекин қишнинг ортга чекингиси йўқ. Бугун яна ҳаво совиб, қор ёғди. Тўғри, совуқнинг шасти бироз пасайган. Бир-икки ҳафта олдингидай водийларда 20-25 даража эмас, лекин барибир этни дилдиратади. Бир зумда оёқ учидан бошлаб қулоқларгача совуқ қота бошлайди.

Бутун бошли январ ойидаги таътилдан сўнг бир-икки кун ўқиш бўлиб, 10 февралгача яна ёпилган, энди гўё ҳаво исиб қолгандай дарс бошланган. Совуқ синфхоналарда хаёлида иссиққина танча чети, қишки кийимда дилдираб ўтирган болалар, кунига ўн-ўн икки соат электр ўчириладиган, электр иситгичлардан бошқа иситиш воситаси йўқ беморхоналардаги жунжикаётган беморлар, бугун уйини не иложда иситиб, эрта нима бўлишини билмайдиган қарияларга эса илгарилари орзиқиб кутиладиган қор ҳам ёқмай қолган.