«Турсунбой» юрак хуружидан ўлдими, ё совуқда музлаб?

tajik_winter Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Иссиқ юртларда яшаб ўрганган бегемот Тожикистоннинг бу йилги қаттиқ қишига чидай олмаган.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ҳайвонот боғидаги ягона бегемот ўлиб қолган.

Ҳайвонот боғи мутахассисларининг айтишларича «Турсунбой» лақабли бегемотнинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.

Лекин бошқа бир фаразга кўра иссиқ юртларда яшаб ўрганган ҳайвон Тожикистоннинг бу йилги қаттиқ қишига чидай олмаган.

Мутахассислар бегемотларнинг ҳатто 3-5 даража иссиқда ҳам қийналиб қолишларини таъкидлашади.

«Турсунбой»нинг Душанбедаги янги «уйи»га келтирилганига ярим йил бўлган, холос.

Лекин Душанбе ҳайвонот боғи раҳбарларидан бирининг айтишича, уни олиб келиш учун музокаралар деярли тўрт йил чўзилган.

Ниҳоят, ўзаро келишувга эришилгач, Душанбедан Қозоғистонга иккита бургут ва иккита оқбош калхат йўл олган. Бегемот мана шу йирик қушларга алмаштирилган.

«Турсунбой» деб эркалаб чақириладиган бегемот ярим йил орасида Душанбе ҳайвонот боғига келадиган фақат болаларнинг эмас, катталарнинг ҳам севимли ҳайвонига айланган.

«Лекин айрим томошабинлар бегемотни хафа қилишарди - унга тош отишарди, секин ҳаракатлангани учун ҳақоратлар ёғдиришарди.

Лекин гавдаси йирик, агар таъбир жоиз бўлса, таъби нозик бу ҳайвон ўзига бўлган муносабатни сезарди, ҳис этарди», деб айтган ҳайвонот боғи директори.

Эндигина етти ёшга кириб, ўлган «Турсунбой»нинг ўрнига қачон бошқа бегемот келтирилишини ҳеч ким билмайди.

Душанбе ҳайвонот боғининг ташкил топганига 42 йил бўлди.

Тожикистонда кечган беш йиллик фуқаролар уруши даврида ҳайвонот боғи қаровсиз аҳволга келиб қолганди.

Расмий маълумотларга кўра боғдаги жониворларнинг 90 фоиздан ортиғи айнан қаровсизлик, очлик боис ўлган, қолганлари бошқа ҳайвонот боғларига бериб юборилганди.

Фақатгина 2000 йилга келиб Душанбе ҳайвонот боғини қайта тиклашга киришилган. Лекин ҳайвон ва қушлар сонини кўпайтириш осонликча кечмаётир.