Қозоғистонда 10 киши совуқдан ўлди

Image caption Минтақада совуқ ҳаво энергетика инқирозига ҳам сабаб бўлган

Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида қаҳратон совуқ 10 кишининг умрига зомин бўлган.

Ўлганлар орасида 10 ёшли қизалоқ ҳам борлиги айтилмоқда.

Бу йил минтақада қиш ҳар доимгидан қаттиқроқ бўлгани боис, шифохонага совуқ урган кишиларнинг кўплаб мурожаат қилган.

Қозоғистоннинг шарқидаги уйларда иситиш тизимлари совуққа бардош беролмай, ишдан чиққан ва одамлар мушкул аҳволда қолган.

Қозоғистон шимолида жойлашган Оқмўла вилоятида йил бошидан бери 25 киши совуқ уриш ташхиси билан шифокорга мурожаат қилган, шуларнинг 10 таси жон таслим қилган.

Вилоят Ички ишлар департаменти матбуот котиби Гулнар Пинчук вафот этганларнинг фақат биттаси уйсиз бўлганини ва қолганлар ўз уйларида турли шароитларда совуқ урганини айтди.

10 ёшли қизалоқнинг совуқдан ўлиши энг қайғули хабар дея қабул қилинмоқда. Қизалоқ Ерментау туманидаги поселкаларнинг бирида укаси билан бувисининг қарамоғида яшаган.

“Бувиси печкани қиздирмоқчи бўлган, аммо радикулит хасталиги тутиб қолиб, хатто туришга ҳам мадори бўлмайди. Қизча бувисининг ёнига тез-тез бориб, хабар олган ва кейин ухлашга ётган. Уйқусида совуқ урган бўлиши мумкин”, - дейди Гулнар Пинчук.

Қизчанинг укаси шифохонага тушган ва қўлларини совуқ олишидан даволанган.

Совуқ минтақа

Оқмўла вилояти Қозоғистоннинг энг совуқ минтақаларидан ҳисобланади.

Айни кунларда вилоятда ҳаво ҳарорати – 25 даража бўлиб турибди ва шаҳарликлар ушбу ҳавони меърий эканлигини айтишмоқда. Қаҳратон кунлари ҳаво ҳарорати 35-40 даражагача совуб кетгани айтилади.

Вилоят газлаштирилмаган ва одамлар ўз уйларини ёғоч ҳамда кўмир каби ўтинлар билан иситади.

Ўтган йилги совуқ натижасида вилоятда 2 ҳафтанинг ичида 16 одамнинг ўлгани маълум.

Қозоғистоннинг шарқий қисми ҳам қаттиқ совуқ остида қолган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, шифохоналарда совуқ уриб мурожаатлар қилганлар кўплигидан жойлар етишмай қолган.

Кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими совуққа дош беролмай ишдан чиққан. Семей шаҳар ҳокимияти қозонхоналар бор қуввати билан ишлаётганини, уйлардаги қувурлар махсус ўралмагани учун музлаб қолаётганини айтган.

Одамлар электр иситиш мосламалари орқали жон сақлаган. Совуқ туфайли Шарқий Қозоғистон вилоятида электр энергиясининг истеъмоли 20 фоизга ортган.

Бир ойдан буён шарқий ва шимолий вилоятларда мактаб дарслари бекор қилинган. Қорли бўрон ва кескин совуқ туфайли айрим халқаро йўлларда ҳаракатланиш тўхтатилган.

Дизель билан юрувчи уловларда ёнилғининг музлаб қолиши оқибатида йўловчилар йўлда қолиб кетаётгани хабарларда айтилмоқда.

Минглаб ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари ишлаш мақсадида Қозоғистон орқали Россияга йўл олади.

2012 йил бошидан буён юзлаб ўзбекистонликларнинг Қозоғистон йўлларида қолиб кетгани ва қутқарув хизматларига мурожаат қилгани маълум.

Бу мавзуда батафсилроқ