Мултимиллионер Мухтор Аблязов 22 ойлик қамоқ жазосига лойиқ топилди

Image caption Мухтор Аблязов маҳкамага ҳурматсизлик қилишда айбланди

Англиянинг Олий Маҳкамаси асли қозоғистонлик мултимиллионер Мухтор Аблязовни маҳкамага ҳурматсизлик ва бўйсунмаслик юзасидан айбдор деб топган.

Ҳакам уни 22 ойлик қамоқ жазосига лойиқ топган.

Мухтор Аблязов Қозоғистонни тарк этганига қадар мамлакатнинг йирик банкларидан ҳисобланган BTA Bankнинг раиси бўлган.

BTA ҳозирда Қозоғистон ҳукумати назорати остига ўтган.

Банкнинг ҳозирги раҳбарияти ва Қозоғистон ҳукуматининг даъволарига кўра, Мухтор Аблязов 2005 йилдан 2009 йилга қадар бир қатор ширкатлари орқали беш миллиард АҚШ долларига тенг

маблағни ноқонуний ўзлаштирган.

Аблязов жаноблари бу даъволарни рад этади ва Қозоғистон ҳукуматининг айбловларини сиёсий асосларга эга эканини урғулаб келади.

Лондонда истиқомат қиладиган Мухтор Аблязовнинг ҳозир қаерда экани номаълум қолмоқда.

Қозоғистонлик қувғиндаги олигарх ва собиқ ҳукумат вазири бўлган Мухтор Аблязов ўтган йил ёзида Буюк Британияда сиёсий бошпана мақомини олган эди.

Жаноб Аблязов ҳимоячисига кўра, мижозининг сиёсий бошпана сўраб, мурожаат этишига "Қозоғистонга қайтган тақдирда, сиёсий таъқибларга учраши эҳтимоли " сабаб бўлган.

Мухтор Аблязов мухолифатдаги "Қозоғистоннинг Демократик танлови" ҳаракати асосчиларидан биридир.

У, яна шунингдек, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ва Бош вазири Карим Масимовларнинг ашаддий танқидчиси ҳам ҳисобланади.

Бу мавзуда батафсилроқ