Қирғизистон Президенти: '2010 йил зўравонликларида айбдорлар топилади'

2010 йил июн ойида қонли ҳодисаларга саҳна бўлган Ўш шаҳрига сафари мобайнида Қирғизистон Президенти шу йил охрига қадар зўравонликларда айбдорлар топилади, деб ваъда берди.

"Сўнгги ярим аср давомида "Ўш воқеалари" дея ном олган учта фожиа руй берди. Биз бу зўравонликларни ташкиллаштирган ва уюштирганларни топиб, жавобгарликга торта олмасак, келажакда бу каби воқеалар такрорланмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди", - деб айтди Қирғизистон Президенти. У шунингдек ҳодисалардан жабр чекканлар учун қуриб битирилган кўп қаватли турар-жой биноларидаги квартиралар калитларини тантанали равишда топширган.

Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларини кайта тиклаш буйича давлат дирекциясига биноан, қурилган учта кўп қаватли уйдан иккитасидаги квартиралар ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан ҳарбийлар оилаларига берилган.

75 квартирадан иборат учинчи уйгина июн воқеаларида жабрланган оддий аҳоли акилларига берилган.

Президент ваъдалари бажариладими?

Қирғизистон Президенти Ўшга сафари мобайнида шу йил охирига қадар этник зўравонликларда айбдорлар топилишини ваъда бермоқда экан, нималарни назарда тутмоқда ва бу каби ваъдани амалга ошириш не қадар ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин?

Қирғиғистонлик сиёсатшунос ва собиқ дипломат Марс Сариевнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, мамлакат жанубидаги ҳодисалар умумий манзарасининг кўпгина тафсилотлари ҳануз ноаниқ қолмоқда.

Марс Сариев: Менинг фикримча, ҳодисаларнинг тўлиқ, объектив манзараси аниқланмагунга қадар вазиятнинг беқарорлашиш эҳтимоли, шунингдек айбдор, дея кўрилаётган аҳолининг муайян гуруҳлари норозилиги каби омиллар сақланиб қолаверади. Шунинг учун президент Атамбоев ҳамма нарсани ойдинлаштириб, якуний хулосалар чиқарилиши ва аслида ким айбдор эканлигини аниқлаш кераклигини тушуниб етади. Менинг фикримча бу жараён қуйидаги йўналишда рўй бериши мумкин: гап шундаки қон тўкилишига туртки бериш учун иғво бўлган, фикримча қандайдир учинчи кучнинг, балким бу хорижийдир, балким бу ички жиноийдир, шундай кучнинг мавжудлиги далили бўлган қандайдир фактлар борга ўхшайди. Лекин ўзбек ва қирғиз жамолари ўртасида танглик анчадан бери ривожланиб келмоқда эди ва бу тангликка давлат ва ҳукумат эътибор қаратмагандилар. Ўш ҳодисаларида жиноий унсурлар, иккала томондан ҳам миллатчи гуруҳлар ва ташқи кучлар иштироки каби омиллар ўрганиб чиқилиши керак.

Би-би-си: Агарда сиз айтгандек тўлиқ манзара ва кўп нарсалар ҳали аниқланмаган бўлса, шу вақтгача бу ҳодисаларда айбдор кўрилиб, баъзи ҳолларда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинишларни қандай тушуниш керак?

Марс Сариев: Биласизми, менимча, бу шундай бир жумбоқки, баъзи қисмлари шу вақтгача йўқ ва умумий манзара ойдин эмас. Бу ҳодисаларда ўзбек жамоаси можарога мажбурлангандилар, улар бирданига ўзларини уруш ҳолатида кўрдилар. Уруш ҳаракатлари марказига тушиб қолдилар. Уруш ҳолатида эса бошқача ҳаракат ҳам қилиб бўлмайди. Қирғиз томонида ҳам жиноий унсурлар таъсири катта эди. Ана шуларнинг ҳаммаси назарда тутилиб икки томондан ҳам ашаддий миллатчилар роли ва учинчи кучлар роли аниқланиши керак. Икки жамоа вакиллари бу манзарада ўйинчоқ бўлиб хизмат қилишди менимча.

Би-би-си: Воқеалардан шунча вақт ўтиб сиз айтаётган манзара аниқланмаган бўлса, бугун президент Атамбаев ваъда бераётган нарсага эришиш не қадар ҳақиқатга яқин, шунчаки қуруқ ваъда бўлиб қолиш хавфи борми?

Марс Сариев: Агарда бунинг имкони бўлмаганди қуруқ ваъда бериб ўтирмасди, менимча. Қўлида қандайдир фактлар бордир. Чунки агарда эҳтиётсизлик билан бундай изҳорот ва ваъдалар қилинса яна бир можарога туртки бериши ҳеч гап эмас.

Би-би-си: Бугун Ўшдаги маросимда қуриб битирилган кўп қаватли уйдаги квартиралар калитлари топшилибди. Бу уйларнинг учдан икки қисми ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари ва ҳарбийларга , учдан бири ҳодисалардан азият чеккан аҳоли вакилларига берилибди, бундай ёндошувни қандай талқин қилган бўлардингиз?

Марс Сариев: Менинг фикримча, бу каби омилларни алоҳида ўрганиб чиқиш керак, бу каби ёндошувнинг ўзининг динамикаси бўлса керак. Қирғизистон жанубидаги вазиятда ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари ва ҳарбийлар барқарорликни таъминлашга қодир бўлишлари учун яхши яшаш шароитларига эга бўлишлари керак. Ҳодисалардан азият чекканлар манфаатлари бу ерда чекланган, деб ўйламайман. Яна бир жиҳати ҳам бор, биласизми кўп қаватли уйларда квартира олаётганлар орасида ўзбек миллатига мансуб оилалар кам. Улар асосан маҳаллалардаги ўз хусусий уйларни қайта қуришга ҳаракат қилмоқдалар. Шунинг учун бу каби нарсаларда ўзига хос томонлари бор, деб ўйлайман. Воқеаларга ташқаридан эмас, яқинда ва ичкаридан қаралса мантиқий динамикаси тушунарли бўлади менимча.

Бу мавзуда батафсилроқ