Қозоғистонлик қувғиндаги олигарх Англия маҳкамаси айбловини рад этади

Мухтор Аблязов
Image caption Мухтор Аблязов аппелляция маҳкамасида айбсизлигини исботлашини айтади

Қозоғистонлик қувғиндаги мултимиллионер Мухтор Аблязов Британия маҳкамасига ҳурматсизлик кўрсатганини рад этган, маҳкама қарорига бўйсунмаганлик айбловини рад этган.

У ўзига нисбатан илгари сурилган айбловлар сиёсий сабабларга асосланганини яна бир марта таъкидлаган.

Бир кун олдин Англия Юқори маҳкамаси Британияда сиёсий бошпана топган корчалонни 22 ойлик қамоқ жазосига лойиқ деб топганди.

Англия Юқори маҳкамаси қарорига норозилигини изҳор этар экан, Мухтор Аблязов маҳкаманинг бирор бир кўрсатмасини бузганини рад этади.

"Мен суднинг бирор бир қарорини онгли равишда, бу хоҳ қасамёд остида бўлсин ёки бошқа шаклда бузганим фактини рад этаман", дейилади Аблязов эълон қилган баёнотда.

"Мен бутун жараён давомида шуни таъкидлаб келганманки ва бундан кейин ҳам таъкидлайманки, менга нисбатан илгари сурилган айбловлар сиёсий сабабларга асосланган ва улар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг мени сиёсий рақиб сифатида йўқ қилиш ҳаракатлари билан боғлиқ", деган Мухтор Аблязов.

"Мени ўз активларимни фош этмасдан маҳкамага ҳурматсизлик кўрсатганликда ва активларимни музлатиб қўйиш ҳақидаги суд буйруғини бузганликда айбламоқдалар. Мен маҳкама қарорига мутлақо қўшилмайман ва ўзимнинг мавқеим тўғрилигини аппелляция маҳкамасида исботлайман, деб умид қиламан", дейилади қозоғистонлик мултимиллионер эълон қилган баёнотда.

Мухтор Аблязов бундан кейин ҳам Қозоғистондаги "сиёсий режимга қарши чиқишини ва ўз мамлакатида ҳақиқий демократия қарор топиши учун курашаверишини" таъкидлаган.

Мухтор Аблязов Қозоғистонни тарк этганига қадар мамлакатнинг йирик банкларидан ҳисобланган BTA Bankнинг раиси бўлган.

Қатор йирик банклар, жумладан Barclays, Morgan Stanley ва Royal Bank of Scotland BTA банкининг кредиторлари ҳисобланади.

BTA ҳозирда Қозоғистон ҳукумати назорати остига ўтган.

Банкнинг ҳозирги раҳбарияти ва Қозоғистон ҳукуматининг даъволарига кўра, Мухтор Аблязов 2005 йилдан 2009 йилга қадар бир қатор ширкатлари орқали 5 миллиард АҚШ долларига тенг маблағни ноқонуний ўзлаштирган.

Аблязов бу айбловларни рад этади.

Қозоғистонлик қувғиндаги олигарх ва собиқ ҳукумат вазири Мухтор Аблязов ўтган йил ёзида Буюк Британияда сиёсий бошпана мақомини олган эди.

Жаноб Аблязов ҳимоячисига кўра, мижозининг сиёсий бошпана сўраб, мурожаат этишига "Қозоғистонга қайтган тақдирда, сиёсий таъқибларга учраши эҳтимоли " сабаб бўлган.

Мухтор Аблязов мухолифатдаги "Қозоғистоннинг Демократик танлови" ҳаракати асосчиларидан биридир.

У, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ва Бош вазири Карим Масимовларнинг ашаддий танқидчиси ҳам ҳисобланади.

Бу мавзуда батафсилроқ