'Туркманистондаги меҳнатга яроқли аҳолининг ярми ишсиз'

Туркманистон пойтахтидаги гилам бозори Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Аҳолининг неча фоизи ишсиз экани ҳақидаги статистик маълумот Туркманистонда ҳам ошкор этилмайди.

"Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси" деб номланган ташкилот БМТ учун тайёрлаган ҳисоботда аҳолининг 50 фоизга яқини, қишлоқ жойларида эса бундан ҳам кўп сондаги одамлар ишсиз экани айтилади.

Туркман фаолларига кўра, Туркманистонда ишсизлик ҳақидаги расмий статистик маълумот эълон қилинмайди, бироқ ишсизлик мамлакатдаги ўткир муаммога айланган.

Шу сабаб аксар туркманлар Туркия ёки Россияга иш излаб кетмоқдалар, дейилади ҳисоботда.

"Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси" гуруҳи раҳбари Фарид Тухбатуллиннинг Би-би-сига айтишича, ҳисобот мамлакат ичкарисида ўтказилган мониториниг натижаларига асосланган.

"Биргина Тошҳовуздаги 200 оиланинг аҳоли ўрганилганда, бу оилаларнинг ишга яроқли аъзоларининг ярми ишсиз экани аниқланди", дейди Фарид Тухбатуллин.

"Биз индивидуал тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш патентига эга бўлган майда тужжорларни рўйхатга олмагандик. Чунки уларда ҳар ҳолда қандайдир иш бор деб ўйлаган эдик. Бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланадиганларни ҳам иш билан таъминланган деб уларни ҳисобга олмаганмиз", дейди Фарид Тухбатуллин.

Туркман фаолларига кўра, мамлакатда Туркманистоннинг ташқи дунё кўзи ўнгидаги имиджини яхши қилиб кўрсатиш мақсадида кўп сондаги ҳашаматли бинолар барпо этилган, бироқ бу биноларнинг мамлакат иқтисоди ва одамларга нақадар нафи тегаётгани расмийларни ўйлантирмайди.

Туркманистоннинг асосий валюта даромади манбаи газ ҳисобланади.

Газ конларини топиш, бу конларни ўзлаштириш ва газ қазиб чиқаришда Туркманистон аҳолисининг қанчаси банд эканлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам ошкор этилмайди.

Фаоллар Шўролар даврида мамлакат иқтисодиёти асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашгани, бироқ мустақиллик йилларида Туркманистон деҳқончилиги аҳволи аянчли аҳволга келиб қолганини айтишади.

Туркман мухолифати аъзоларига кўра, ишсизлик юқорилигига марҳум президент Сапармурод Ниёзовнинг маориф тизимидаги ислоҳотлари ҳам сабаб бўлган.

Ўша йилларда мактабларда Туркманбоши ёзган "Руҳнома" асосий фан сифатида кўрилган, олий ўқув юртларида таҳсил олиш йиллари 2 йил этиб белгиланган.

Ушбу вазият иқтисодиётнинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондиришга салбий таъсир кўрсатмай қолмаган.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов марҳум Ниёзов таълим тизимига киритган ўзгартиришларни тузатган, бироқ мамлакатдаги мутахассислар малакаси пастлиги пастлигича қолаяпти, дейишади Туркман фаоллари.

Охирги йилларда ҳукумат аҳолини иш билан таъминлаш мақсадидаги қарорларни қабул қилган, бунинг учун замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш режаланаётганини айтган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов.

Бу мавзуда батафсилроқ