'Тожикистон раҳбариятини танқид этган' веб саҳифалар ёпиқлигича қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожикистонлик масъуллар қатор веб саҳифаларга имкониятнинг йўқлигига техник омиллар сабаб бўлганини айтишмоқда

Тожикистонда жума куни кириш имконияти тўсиб қўйилган facebook.com, tjknews.com, mahalla.com ва zvezda.ru веб саҳифалари ҳануз очилмаган.

У ердаги мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, масъуллар аввалига нега бундай қилингани сабабини изоҳлашмаган.

"Аммо бугун Тожикистон Коммуникация агентлиги раҳбари бунга техник омиллар сабаб бўлганини айтдию, тафсилотларига тўхталмади. Унга кўра, жорий пайтда ушбу муаммо ўрганилмоқда ва тез орада веб саҳифаларга имконият яна очилади", дейди мухбиримиз.

Унинг айтишича, агентлик раҳбари шу сўзлари ортидан, "Тожикистон раҳбарияти шаънини ерга урувчи, бўҳтон қилиш билан шуғулланувчи" қатор веб саҳифаларни танқид қилган.

Мухбиримизга кўра, мулозим яна айнан қандай мақолаларни кўзда тутаётганини очиқламаган, лекин уларга қонун доирасида жавоб беришга чақирган.

Кузатувчилар нима дейди?

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича эса, бунга Россиянинг zvezda.ru веб саҳифасида чоп этилган мақола сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ушбу мақолада Тожикистон раҳбарияти ўтказган махфий йиғин тафсилотлари ўрин олгани айтилади.

Аён бўлишича, йиғин чоғида "Тожикистон Ислом Уйғониш" партияси таъсирининг кучайиб бораётгани, бунинг олдини олиш йўллари, партия раҳбарлари ва аъзолари ортидан назорат ўрнатиш, қатор масжидларни ёпиш, уларнинг ўрнига чойхона ёки партия идораларини очиш каби қатор масалалар муҳокама этилган.

Мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, facebook.com ижтимоий мулоқот тармоғи ўша мақоладан иқтибослар олиб чоп этган.

Таҳлилчиларнинг тахмин этишларича, худди шу сабаблар туфайли ҳам, ушбу веб саҳифаларга имконият тўсиб қўйилган.

Муносабат

Тожикистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, веб саҳифалар раҳбарияти ҳозирча бунга расман бирор бир муносабат билдиришмаган.

Мухбиримиз Искандар Фируз бунга facebook.com дан фойдаланувчилар сонининг нисбатан анчайин кам экани сабаб бўлса керак, дейди.

"Айрим маълумотларга кўра, бу рақамлар эллик мингга яқин. Бутун дунёда эса, facebook.com мижозлари сони 800 миллиондан ортади", дейди у.

Аммо мухбиримиз сўнгги йилларда facebook.com Тожикистонда жадаллик билан оммалашиб бораётгани, унинг саҳифаларида мулозимларнинг фаолиятини ошкора, айрим ҳолларда кескин танқид қилувчи гуруҳлар пайдо бўлганини ҳам таъкидлайди.

Унинг айтишича, веб саҳифага имконияти очиқ бўлиб турган қолган иккита интернет провайдер ҳам бугун эрталаб бундан маҳрум бўлишган.

Тожикистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, ёпиб қўйилган веб саҳифаларнинг қачон очилиши маълум эмас.

Фойдаланувчилар нима дейди?

Сўнгги йилларда Тожикистонда маҳаллий аҳоли орасида бошқа ижтимоий мулоқот тармоқларидан фойдаланиш кучайгани боис, улар сўнгги янгилик юзасидан ўз ташвишларини ана шу саҳифалар орқали билдиришмоқда экан.

Бундан ташқари, қўйилган тўсиқларни очишга изн берувчи махсус сайтлар ҳам анчадан буён кенг реклама қилинмоқда, дейишади мухбирларимиз.

Уларга кўра, шу сабабли ҳам, куннинг ярмига қолмай, кўплаб интернет фойдаланувчилари бу каби сайтлар орқали тўсиб қўйилган веб саҳифаларга имкониятларини тиклаб олишган.

Тожикистонда ҳукуматнинг фаолиятини танқид қилувчи веб саҳифаларга тўсиқ қўйилиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Мухбирларимизга кўра, Тожикистон шарқида бир гуруҳ жангариларга қарши ҳарбий амалиётлар кечган 2010 йилда ҳам қатор Россия веб саҳифаларига имконият чеклаб қўйилган.

Ўша пайтда ҳам ушбу веб саҳифаларда мамлакат қуролли кучларининг хатти-ҳаракатларини танқид қилувчи кўплаб мақолалар чоп этилган бўлган.

Масъуллар эса, ўшанда ҳам бунга турли техник омиллар сабаб бўлганини айтишганди, дейишади мухбирларимиз.

Бу мавзуда батафсилроқ