Қирғиз чегарачилари: Аҳмад Бакиев мамлакатдан чиқиб кетишга улгурмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи ferghana.ru
Image caption Қирғизистондаги расмий ва норасмий доираларда ҳозир ҳам Аҳмад Бакиевнинг нуфузи баландлиги айтилади.

2010 йилдаги Қирғизистондаги воқеаларда айбдор топилиб, жазо муддатини ўтаётган собиқ президентнинг укаси Аҳмад Бакиев ғойиб бўлган.

Қирғизистон чегарачиларига кўра, Аҳмад Бакиев мамлакатни тарк этишга улгурмаган.

Бишкек яқинидаги маҳбуслар нисбатан эркин юрадиган колонияда жазо муддатини ўтаётган Аҳмад Бакиевнинг шифохонага ётқизилгани ва даволанганидан кейин колонияга қайтиши шарт бўлгани ҳақида айтишган жазони ижро этиш мутасаддилари.

Бироқ 3 март куни қайтмаган маҳбусга қидирув эълон қилинган.

Қирғизистон парламентида мамлакат Бош прокурорининг ушбу масалага ойдинлик киритиши талаб қилинган.

Аҳмад Бакиев акаси Қурманбек Бакиев Қирғизистон президенти бўлган йилларда мамлакат жанубидаги энг қудратли шахслардан бири деб кўрилган.

Мухбирларга кўра, расмий ва норасмий доираларда ҳозир ҳам Аҳмад Бакиевнинг нуфузи баланд.

2010 йил апрелидаги давлат тўнтаришидан кейин Қурманбек Бакиев, унинг қариндошлари ва иттифоқчиларига нисбатан жиноят ишлари очилган, Аҳмад Бакиевга нисбатан ҳам қидирув эълон қилинган.

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, 2010 йил июнидаги мамлакат жанубидаги миллатлараро миллий низоларни Бакиев яқинлари, хусусан Аҳмад Бакиев ҳам ташкиллаштирган.

У 2010 йил июл ойида Жалолободдаги кўп қаватли уйлардан бирида ҳибсга олинган эди.

2011 йил августида Аҳмад Бакиев 7 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Аммо 2011 йил декабрида унинг жазо муддатини қарийб 3 йил қилиб қисқартиришга ҳамда жазо муддатини колония-поселениеда ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўзи Беларусдан бошпана топган.

Унинг укаси, президент хавфсизлик хизмати раҳбари Жаниш Бакиевнинг қаердалиги номаълум қолмоқда.

Ўғли Максим Бакиевга Британия сиёсий бошпана берган.

Бу мавзуда батафсилроқ