Қирғизистон президенти дастлабки уч ойда нималарга эришди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг қудратга келганига деярли 100 кун тўлар экан, одатда бу муддатда босиб ўтилган йўлга бир назар ташланади.

Минтақанинг муаммоларга тўла мамлакатларидан бири бўлган Қирғизистоннинг янги раҳбари бу мушкулликларга қандай ёндошмоқда ва бирон ечимни топа олганми?

Халқаро Инқироз Гуруҳининг Бишкекдаги вакили Пол Куин Жажга кўра, жаноб Атамбоевнинг биринчи уч ой бошқаруви манзараси анчайин чалкаш.

Пол Куин Жаж: Мамлакатни ким бошқармасин зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган қатор муаммолар мавжуд. Ана шуларни ҳал қилиш йўлида у деярли ҳеч нарса қилгани йўқ. Айниқса жанубдаги вазият билан боғлиқ муаммолар борасида. Яна бир муҳим масала мамлакат ҳаётини таъминлаш учун етралича маблағ топиш ва халқаро ҳамжамият билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш. Бу муаммоларнинг биронтаси жойидан деярли силжимаган.

Би-би-си: Бунга сабаб нима? Жаноб Атамбоев шунчаки буларни ҳал қилишга қодир эмасми ё хоҳиш-ирода йўқми?

Пол Куин Жаж: Бунисини айтиш қийин. У анчайин бетайинликка мойил кўринади, эришган муваффақиятлари ҳақида хушбин баёнотлар билан чиқади. Лекин амалда бу муваффақиятлар самараси кўринмайди. Масалан, унинг Москвага сафари натижаларига қаранг. Унинг айтган сўзлари билан Россия матбуотида келтирилган изҳоротларига қарасангиз бунинг исботини кўришингиз мумкин. Бошқа соҳаларда эса у муаммоларга қўл уришдан ўзини олиб қочаётгандек. Жанубда Атамбоев ҳукумати, ҳудди аввалги ҳукуматлардек, бир қадар фалаж ва этник тангликни юмшатиш борасида бирон нарсага эришишга умиди йўқдек кўринади. Бу соҳада у ҳеч қандай илгари силжишга эришгани йўқ ва менимча бу у юз тутуаётган энг жиддий муаммолардан биридир.

Би-би-си: Сиз у муваффақиятлари ҳақида гапиради дедингиз, нималарни муваффақият сифатида тақдим қилмоқда?

Пол Куин Жаж: Унга кўра, мамлакат бюджети яхши аҳволда. Кўплар жаноб Атамбоев ўз ҳисоб- китобларини қаердан олаётганлигини тушунмайди. Чунки бошқа ҳисоб китоблар бюджетнинг аҳволи анчайин ёмон эканлигини кўрсатмоқда.

Би-би-си: Жанубдаги вазият албатта анчайин жиддий масала ва ёндошиш ҳам мушкул. Дарров бирон ечим топиш ҳам қийин албатта, ҳеч қурса у бу ҳақда бош қотиряпти деб ўйлайсизми?

Пол Куин Жаж: Унинг баъзи маслаҳатчиларининг айтишларича, йўқ бош қотираётгани ҳам йўқ. Яна бошқалари эса вазият шу қадар чалкашки, бирон нарса ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам қийин дейдилар. Лекин факт шуки, марказий ҳукумат ўз назоратини жанубда ўрната билиши керак. Ҳозирда бу назорат мамлакатдаги иккинчи энг йрик шаҳар мэри томонидан ё умуман назарга олинмайди ёда тўсқинлик қилинади. Ўш шаҳар мэри Мэлис Мирзааҳмадов жанубда деярли мутлақ назоратга эга. Иккинчидан у ўзбек ва қирғиз жамолари ўртасидаги тангликни юмшатишга эришиши керак. Лекин мэрнинг баъзи чиқишларида ўзбеклар бўлгинчилар билан тенг кўрилади. Бу жуда жиддий вазият ва марказий ҳукумат ёндошиши қийин бўлган муаммо. Агарда бу муаммони еча олмасалар мамлакатни йўлга тушириб олиш йўлида келиб чиқиши мукмин бўлган жуда катта хавф остида қоладилар.

Би-би-си: Этник тангликни юмшатиш ҳақида сўз кетар экан, Президентнинг баъзи изҳоротлари айнан бунинг аксига хизмат қилаётгандек, шундай эмасми?

Пол Куин Жаж: Президентнинг ўзи бир-икки бор жанубдаги вазиятни муҳокама қилишда ўта эҳтиёткор эканлигини айтганди. Бу янги нарса эмас, муваққат ҳукуматнинг ҳам тутган йўли ҳудди шундай эди. Хавф шундаки, жаноб Атамбоевнинг ҳукумати ҳудди аввалги муваққат ҳукуматдек жанубдаги вазиятни хаспўлашга ва сўз юритмасликка уринмоқда. Кимки бу ҳақда сўз очса, вазиятни янада чалкаштиришда айбланмоқда. Бу эса самарасиз йўл, натижа бермайди, вазият эса ёмонлашиш эҳтимолига эга бўлади. Ҳукумат бу муаммони ёддан чиқариб, ўз-ўзича йўқолиб кетади, деб умид қила олмайди.