Қозоғистонда мусулмон аёл ва эркаклар учун танишув сайти очилди

Image caption Nikyah.kz мусулмонларга ўз жуфтларини топишда ёрдамчи бўлишни мақсад қилган

Қозоғистонда мусулмонлар учун танишув сайти очилган. Фақат қозоғистонликлар ўз анкетасини қолдириши мумкин бўлган ушбу сайт мамлакатда мусулмон оилаларнинг кўпайишига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.

Диний уламолар ушбу веб саҳифани илиқ қаршилаган ва айни муддао бўлганини билдиришган.

Яқинда очилган nikyah.kz сайтида 300 дан ортиқ анкета тушганини кўриш мумкин.

Анкеталарнинг учдан бир қисми қисми қизларники ва у ерда сурат билан бирга суратсиз анкеталарни ҳам кўриш мумкин.

Шаръий анкеталар

Дизайни оддий қилиб очилган сайт маъмурияти ўзлари ҳақида маълумот қолдиришмаган, аммо сайт шаръий равишда оила қуришга ёрдамчи бўлишига умид билдирган.

Веб саҳифа ижодкорлари унинг бошқа бу каби танишув сайтларидан фарқи ношаръий мақсадда анкета қолдирганлар автоматик равишда қабул қилинмаслигини айтишмоқда.

Сайтга анкета қолдиришни истовчилар рус тилида ёзилган шаҳодат калимасини тасдиқламагунча аъзо бўла олмайди.

Қоидалар ёзилган саҳифада суратлар учун ҳам алоҳида бўлим ёзилган.

Унда аёл кишининг расмини турли сайтларга қўйиш мақбул бўлмаса-да, бу ерга кираётган эркаклар фақат уйланиш мақсадида бўлгани учун юзини кўриш жоизлигини айтилган.

Шунингдек сайтда намоз вақтларини билиб бориш мумкин.

Унда мақолалар ҳам жойлаштирилган бўлиб, энг кўзга ташланадиган жойда кўпхотинлилик бўйича саволга берилган фатво турибди.

Қозоғистондаги энг фаол бўлган Олма-Ота марказий жомеъ масжидининг веб саҳифаси ушбу янгиликни хуш қаршилаган.

Исломийлашув

“Мусулмонларнинг кези келган жойда танишуви мумкин бўлмагани боис, ушбу сайтнинг пайдо бўлиши ўз жуфтини топишда ва танлашда энг мақбул воқеадир”, - дейилади meshet.kz сайтида ёзилган мақолада.

Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси масъуллари ушбу сайт Абу Ханифа мазҳабидаги йўлда фаолият юритса, қўллаб қувватлашларини билдиришди.

“Бир-бири билан таништирса ва никоҳнинг шартларини эслатса, бу ишлари дуруст. Ҳозир турмуш қуриш долзарб масалага айланган. Уйлана олмай, турмушга чиқолмай юрган йигит-қизлар кўп. Бу жамиятдаги катта муаммодир”, - дейди Қозоғистон Мусулмонлари Диний бошқармаси матбуот котиби Ўнғар Ўмирбек.

Ўмирбек жанобларига кўра, бу каби шаръий сайтлар ушбу муаммони ечишда кўмакчи бўлиши мумкин.

16 миллион аҳолиси бор Қозоғистоннинг 65 фоиз халқи мусулмон экани айтилади.

Сўнгги йилларда мамлакатда исломийлашув, айниқса шаҳар жойларида яққол кўзга ташланади.

Қозоғистон ўтган йили давлат муассасаларида ибодат қилишни тақиқлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ