'Facebook ни очиб қўйинг...'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Тожикистонлик масъуллар ҳануз веб саҳифаларга имкониятнинг йўқлигига техник омиллар сабаб эканини айтишмоқда

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Тожикистон ҳукуматини facebook.com ва қатор рус тилидаги мустақил веб саҳифаларни тўсишни бас қилишга ундаган.

Facebook.com, zvezda.ru, mahalla.com каби веб саҳифалар 2 мартдан буён фойдаланувчиларга имконсиз қолмоқда.

Маҳаллий кузатувчилар бунга асосий сабаб Тожикистон ҳукумати танқид қилинган қатор мақолалар сабаб бўлганини тахмин этишади.

"Интернет мубоҳасалар ва фикрларнинг эркин изҳороти учун очиқ минбарлигича қолиши лозим. Бу - Инсон Ҳуқуқларига оид умумбашарий декларацияда битиб қўйилган", дейилади халқаро ташкилотнинг баёнотида.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович бу хусусда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга мактуб ҳам йўллаган.

Унда Миятович хоним, "Facebook ва яна тўрт мустақил веб саҳифанинг зудлик билан очилишига умид қилаётгани" ҳам айтилади.

Халқаро ташкилотнинг баёноти 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига тўғри келган.

Расман хордиқ куни экани боис, кеча баёнотга ўз расмий муносабатини билдирмаган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун ҳам жим.

Аммо, Тожикистондаги мухбирларимизга кўра, айрим амалдорлар бугун ҳам веб саҳифаларга имкониятнинг йўқлигига техник омиллар сабаб эканини таъкидлашган.

Яна бир танқидий баёнот

Тожикистонда қатор веб саҳифаларнинг тўсиб қўйилиши билан боғлиқ ҳолат "Чегара Билмас мухбирлар" ташкилотининг ҳам жиддий баёнотига сабаб бўлган.

Халқаро ташкилот ўз баёнотида, "тожик ҳукуматининг кутилмаганда интернет цензурасини бу қадар кучайтириб юборгани"ни кескин танқид қилади.

"Шунга ўхшаш ҳолатдан бир ярим йил ўтиб, тожик масъуллари яна интернетни кенг миқёсда цензура қилишга қайтишди. Бу каби ҳолатни ақлга сиғдириб бўлмагани боис, уларнинг хатти-ҳаракатларига тоқат қилиб бўлмайди", дейилади баёнотда.

Халқаро ташкилотга кўра, Тожикистондаги фойдаланувчилари сони бор-йўғи 35 мингта бўлган бир пайтда, айниқса, Facebookка имкониятнинг чеклаб қўйилиши абсурддир.

"Чегара Билмас мухбирлар" ташкилотининг билдиришича, Тожикистон Халқ Демократик партияси ўзининг муқобил ижтимоий мулоқот тармоғини ишга тушириш режасида эканини эълон қилган.

Ким нима дейди?

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича эса, мавжуд вазиятга Россиянинг zvezda.ru веб саҳифасида чоп этилган мақола сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ушбу мақолада Тожикистон раҳбарияти ўтказган махфий йиғин тафсилотлари ўрин олгани айтилади.

Аён бўлишича, йиғин чоғида "Тожикистон Ислом Уйғониш" партияси таъсирининг кучайиб бораётгани, бунинг олдини олиш йўллари, партия раҳбарлари ва аъзолари ортидан назорат ўрнатиш, қатор масжидларни ёпиш, уларнинг ўрнига чойхона ёки партия идораларини очиш каби қатор масалалар муҳокама этилган.

Тожикистондаги мухбирларимизга кўра, facebook.com ижтимоий мулоқот тармоғи ўша мақоладан иқтибослар олиб чоп этган.

Таҳлилчиларнинг тахмин этишларича, худди шу сабаблар туфайли ҳам, ушбу веб саҳифаларга имконият тўсиб қўйилган.

Тожикистон Давлат Телекоммуникация агентлиги раҳбари эса, 5 март куни бунга техник омиллар сабаб бўлганини баён қилганди.

Нима учун?

Тожикистонда ҳукуматнинг фаолиятини танқид қилувчи веб саҳифаларга тўсиқ қўйилиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Мухбирларимизга кўра, Тожикистон шарқида бир гуруҳ жангариларга қарши ҳарбий амалиётлар кечган 2010 йилда ҳам қатор Россия веб саҳифаларига имконият чеклаб қўйилган.

Ўша пайтда ҳам ушбу веб саҳифаларда мамлакат қуролли кучларининг хатти-ҳаракатларини танқид қилувчи кўплаб мақолалар чоп этилган бўлган.

Масъуллар эса, ўшанда ҳам бунга турли техник омиллар сабаб бўлганини айтишганди, дейишади мухбирларимиз.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, минтақадаги қолган қўшниларига нисбатан тожик ҳукумати матбуотга анчайин эркин эса-да, президент Раҳмонни танқид қилиш мумкин эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ